Шовқин инсон учун зарарли

 

Юртимиздаги демографик ўсиш ўз навбатида саноат корхоналари сонининг ошиши ва шаҳарлар кенгайишига олиб келмоқда. Бу омиллар натижасида аҳоли ҳаётида шовқиннинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Тадқиқотларга кўра, кучли шаҳар шовқини одамларда юрак қон-томир касалликлари, стресс, уйқусизлик каби соғлик билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарар экан.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, шовқин инсонларда альцгеймер ва карликни келтириб чиқарар экан.

2 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисда “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокамадан ўтди. Қонун 5 боб, 25 моддадан иборат.

Лойиҳа билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг асосий тамойиллари, атроф табиий муҳитга шовқин орқали зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатларнинг қатъий рўйхати тасдиқланмоқда, шунингдек, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи белгиланмоқда.

Яъни, тунги вақтда — сутканинг соат 23:00 дан 06:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек, дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача вақт оралиғида — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Бунга кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда. Амалда мазкур ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори фуқароларга 113 минг сўм, мансабдор шахсларга эса 113 минг сўмдан 226 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади.

Лойиҳа ўқиб эшиттирилганидан сўнг навбат муҳокамаларга ўтди.

Сўз олган депутатлардан бири қонунни концептуал жиҳатдан маъқуллашини, лекин иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида инобатга олиниши керак бўлган таклифлар ҳам борлигини айтди. У аввало, шовқинни тоифаларга ажратишни таклиф қилди. Унинг фикрича, одамлар томонидан содир этиладиган маиший шовқин билан саноат шовқинини ажратиш лозим. Кимдир уйида қилган шовқини билан битта қурилиш корхонасининг шовқинини тенглаштирмаслик керак. Бунда жарималар миқдори ҳам шунга қараб тоифалаштирилади.

Бироз фикр қилинса, депутатнинг таклифи асослидек туюлади. Сабаби, 113 минг жарима тўлаган жисмоний шахс яна шовқин кўтариш унинг обрўйига ҳам, чўнтагига ҳам зарар келтиришини англаб етади. Лекин қурилиш корхонасини 226 минг жарима тортса ҳам бу унга ноқулайлик туғдирмайди. Чунки у ердаги пул айланмаси учун бу жарима жуда кам.

Кейинги сўз олган депутат мазкур қонунга қарши эканини билдириб, санкциялари оширилаётган амалдаги моддани “ўлик модда”, деб атади. Шунингдек, у жаримага тортиш ваколати бўлган инспекторларнинг қўлида шовқинни ўлчайдиган махсус асбоби йўқлигини, натижада кимнингдир кўрсатмаси бўйича бировни жазолаш нотўғри бўлишини таъкидлади.

Яна депутат мавжуд жарималарни ошириш учун асос бўлиши керак. Нега бизга аввал статистикани тақдим қилмаяпсизлар, дея қонун ижодкорларига мурожаат қилди.

Дарҳақиқат, амалдаги бирор бир меъёрнинг унда белгиланган жарима миқдорининг пастлиги туфайли унинг профилактик таъсири кам эканини асослаш учун албатта статистик маълумотлар келтирилиши керак. Бунда асосий масала фуқаро мазкур ҳолатни бир неча маротаба такрорлаб, жарима тўласа, ўшанда жарима миқдори камлиги учун одамларга унинг таъсири кам бўлаяпти, деган хулосага келишга асос бўлади.

Бир кун аввал бўлиб ўтган фракцияларнинг йиғилишларида ҳам мазкур лойиҳа кўриб чиқилган эди. Ўша муҳокамалардан бирида ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисова ҳам бир қатор асосли фикрларни илгари сурган эди. Депутатимиз шовқиннинг даражасини белгилашни, яъни децибел бўйича умумий меъёрни аниқлаш ва шовқиннинг даражасига қараб жарима миқдорини ҳам ошириб боришни таклиф қилган эди. Бу фикрда ҳам асос бор. Масалан, инсон ва транспорт шовқини орасида катта фарқ бор. Ёки бўлмаса мушакбозлик воситаларининг шовқини ҳам булардан фарқ қилади. Демак, ким баландроқ шовқин қилса, ўша кўпроқ жарима тўласин, деган қараш ҳам тўғри аслида.

Муҳокамаларда баъзи депутатлар қонунда белгиланаётган фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғини соат 23:00 дан 07:00 гача ўзгартириш керак, сабаби, шаҳарларда ҳаёт кечроқ бошланади, дея изоҳласа кимдир бу вақтни 22:00 дан бошлаш керак дейди.

Шу тариқа лойиҳанинг муҳокамалари узоқ давом этди. Якунда қонун ташаббускорлари лойиҳани биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллаб беришни илтимос қилди. Депутатлар кўпчилик овоз билан лойиҳани маъқуллашди ва иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ҳамкорликда, бамаслаҳат ишлашни, уларнинг таклифларини инобатга олишни сўрашди.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 3.07.2023, №26

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш