Ҳар чоракда сессия кун тартибидаги масала

 

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда. Бу жуда катта ва тарихий аҳамиятга эга марра. Бу натижага эришиш мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ҳам англатади. Яъни, камбағалликнинг икки баробар қисқариши жуда кўплаб соҳаларда ўсиш суръатидан далолат беради.

Аслида камбағалликка барҳам бериш жуда катта қамровга эга бўлган масала ҳисобланади. Бунда кимгадир ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бу иқтисодий инфратузилма билан бирга, инвестиция йўналтириш, бандлик билан боғлиқ барча муаммоларни ечиш, таълимни ривожлантириш каби комплекс чораларни талаб этади.

Шунинг учун камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг доимий диққат-эътиборида турибди. “Маҳаллабай” ва “фуқаробай” ўрганишлар асосида бу борада доимий тарзда назорат-таҳлил ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда депутатлар билан бирга ҳудудларда бўлганимизда, ижтимоий дафтарларга киритилган аҳоли муаммолари ўрганилди. Тўғри, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича чоралар кўриляпти. Одамларга ер, тикув машинаси бериляпти. Бу яхши, албатта. Лекин кейин-чи? Бу ёрдам билан ҳам ўзини ўнглаб кетолмаётган фуқаролар бор. Шундай одамларимиз бор, касб-ҳунарни ўрганади, ишга келганда ҳар хил баҳоналар қилади, “даромад кам”, “ота-онам рухсат беришмади”, деган баҳоналарни рўкач қилишади. Касб-ҳунарни пухта ўзлаштирса, ишда муаммо бўлмайди-ку. Бу шунча саъй-ҳаракат ҳавога соврилди, дегани эмасми?

Сайловчилар билан суҳбатлашганимизда бунга кўп гувоҳ бўламиз. Томорқасидаги ердан оқилона фойдаланмай келаётганлар ҳам кўп. Шунинг учун тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга эътибор беряпмиз.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз бу масалада назорат-таҳлил ишларини кучайтириб, айнан камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш йўналишларини, керак бўлса, ҳар чоракда сессияда кўриб чиқмоқда.

Партиямиз халқ депутатлари Кенгашларида 1543 нафардан ортиқ депутатлик ўрнига эга экани бу йўналишда ҳам имконият беради, ҳам масъулиятимизни икки ҳисса оширади.

 

Жаҳонгир ОЛИМОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

«Ўзбекистон овози», 17.07.2023, №28

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш