Ҳамжиҳатлик ва масъулият — фаровонлик омили

 

БМТнинг жаҳон иқтисодий истиқболлари бўйича январь ойида эълон қилинган ҳисоботида халқаро савдонинг сустлашуви, меҳнат бозорининг ёмонлашуви, геосиёсий можароларнинг зиддиятли тус олиши ва ортиб бораётган иқлим фалокатлари 2024 йилда глобал ўсишни секинлаштириши қайд этилган эди.

Бугунги дунё манзарасига боқиб, нуфузли халқаро ташкилотнинг хавотирида жон борлиги, юқорида келтирилган омиллар ҳатто мутараққий давлатларнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий ҳаётига кескин таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўляпмиз. 2030 йилга бориб 8 ярим миллиард кишига етиши кутилаётган сайёрамиз аҳолиси ишсизлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, ичимлик суви танқислиги, энергетика инқирози, глобал исиш каби жиддий муаммолар билан тобора юзма-юз келмоқда.

Мана шундай мураккаб замонда мустақил тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаётган, сўнгги саккиз йилда ички ва ташқи сиёсати сифат жиҳатидан ўзгарган Ўзбекистоннинг  ривожланиш стратегияси айнан инсонпарварлик ва халқпарварлик ғоялари билан суғорилгани халқаро жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган факт ва далиллар буни яна бир карра тасдиқлайди.

Хусусан, жорий йилнинг олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга кўпайган. Умуман, йил бошидан буён республикада яратилган қўшилган қиймат 567,4 триллион сўм, яъни 45,1 миллиард долларлик маррани эгаллаган.

Илгари бундай рақамлар амалиётда кузатилмаган. Кутилган натижаларга эришилаётгани замирида аввало халқимизнинг фидокорона меҳнати, стратегиянинг тўғри танлангани, давлатимиз раҳбарининг ҳамма муҳим масалаларда аҳоли билан бамаслаҳат иш юритиш механизмларини яратиб бергани, давлат бошқаруви органларининг бир-бирини тушунган ҳолда ҳаракат қилиши, мақсад ва вазифалар аниқ белгиланаётгани турибди.

Иқтисодиётда узоқ йиллар давомида бой бериб келинган имкониятларни ишга солиш, ислоҳотларнинг халқчиллигини таъминлаш ўз натижадорлигини кўрсатаётгани ҳамда буларнинг бари осон кечмаётганини ҳам ҳис қилиб турибмиз, албатта.

Айниқса, ижтимоий соҳада амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар юзлаб маҳаллаларни кўрса, кўз қувнайдиган обод манзилларга айлантириш, аҳолининг бирламчи эҳтиёжи саналган боғча, мактаб, тиббий муассасаларни қуриш, йўл, сув, электр энергияси таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш имконини бераётир. Маълумотга кўра, ўтган ярим йилликда ушбу мақсадлар учун бюджетдан 31,5 триллион сўм ажратилган.

Манзилли ижтимоий сиёсат учун интиладиган Халқ демократик партияси бундай сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ўз ташкилотлари, республикамизнинг барча ҳудудларидаги депутатлик бирлашмалари билан бирга ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги учун астойдил фаолият юритмоқда. 

Жамиятдаги фаровонлик ва ижтимоий барқарорликда уй-жой сиёсати муҳим роль ўйнайди. Айниқса, халқимиз учун муқим бошпанага эга бўлишнинг аҳамияти беқиёс. Олти ой ичида 18 минг 600 та янги хонадон барпо этилиб, фойдаланишга топширилган. 26 мингта оилага 7 триллион сўмга яқин ипотека кредити ажратилган. Улар бўйича бошланғич тўлов ва фоизни қоплаш учун 545 миллиард сўм субсидия берилган. Бу далилларнинг ўзиёқ уй-жойга муҳтож қатламнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, одамларнинг бугунги кундан розилик ҳиссини оширишдек эзгу ният билан йўғрилган амалий ишларнинг кенг қамровини амалда кўрсатиб турибди.

Йиғилишда иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ютуқлардан ҳам кўра кўпроқ муаммоларга эътибор қаратилди. Галдаги режа ва вазифалар узил-кесил белгилаб олинди.

Улардан бири ва асосийси аҳоли ўртасида бандликни ошириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ бўлиб, айни масала вақт ўтгани сари долзарблашиб бораётгани сир эмас. Бинобарин, шу йил январь ҳолатига мамлакатимизда ишсизлар сони 1,3 миллион кишини ташкил этгани ҳолда йил охирига қадар меҳнат бозорига яна 2,4 миллион нафар ишга талабгор кириб келиши прогноз қилинган эди. Агар қарични каттароқ олсак, ишсизлик ва унинг ортидан соядай эргашувчи қашшоқлик бугун бутун дунё давлатларида ижтимоий барқарорликка таҳдид солиб турган муаммолардан ҳисобланмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълум қилишича, 2024 йилда ишга лаёқатли, бироқ ишсиз қолган инсонлар сони 400 миллиондан ортади.

Юртимизда бу муаммонинг оқилона ечимларини топиш минглаб ҳамюртларимизнинг доимий ишли бўлиб, турмуш тарзи яхшиланишига, мазкур йўналишдаги Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон тажрибалари янада қулоч ёзишига замин яратмоқда. Биргина ўтган олти ой ичида 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашиб, 1 миллион 600 минг аҳоли расмий банд бўлган, даромад солиғи тўловчилар яна 712 минг нафарга кўпайган.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 1 декабргача “Сайхунобод тажрибаси” асосида хонадонлар учун молиявий пакет қилиб бериш орқали 495 мингта иш ўрни очилиши, “Оилавий тадбиркорлик” дастури ижроси учун 4 триллион сўм ажратилишини айтиб ўтди. Аниқ ва манзилли чора-тадбирлар йил якунигача 2 миллион 416 минг аҳоли бандлигини таъминлаш имконини бериши кутилмоқда.

Партиямиз бандликни таъминлаш, эҳтиёжманд қатламнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича реал вазиятга мос механизмлар самарадорлигидан бевосита манфаатдордир. Шунинг учун белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ижро этувчи идора-ташкилотлар фаолияти бўйича жойларда самарали депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, электорат манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ масалаларда ҳамжиҳатликда фаолият юритишга алоҳида эътибор қаратилади.

“Аввал инсон, сўнг жамият ва давлат” тамойилининг ҳаётда тўлиқ акс этиши, халқимиз учун муносиб турмуш яратилиши ҳамжиҳатлигимиз, эзгу мақсадлар йўлида бирдамлигимизга боғлиқ эканини унутмаслигимиз керак.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Cпикери ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш