Ҳашамат: Мақтаниш эмас, уялиш вақти келди

 

Пахта йиғим-терими мавсумида таҳририят топшириғи асосида Янгийўл туманидаги бир хўжаликка боришга тўғри келди. Дипломатик корпус вакиллари учун ташкил қилинган тадбирни матбуотда ёритиш керак эди. Бу тадбир замиридаги мақсад нима бўлган, ҳали-ҳануз жавоб тополмайман, аммо тўрт тарафида пахтазор ястаниб ётган дала шийпонида меҳмонлар учун муҳайё қилинган ҳашамат, йиллар ўтибди-ки, кўз ўнгимдан кетмайди.

Кети узилмай тортилаётган тансиқ таомлар, дастурхонда қуш сутидан бўлак ҳамма ноз-неъматларнинг тўкин-сочинлиги, бир тарафда янграб турган куй-қўшиқлар... Очиғини айтсам, ўша лаҳзаларда қалбимдаги уялиш ва ғазаб ҳиссига ўхшаш қоришиқ нимадандир бошимни кўтара олмаганман. Ҳозир ҳам ана шу олис хотира ёдга тушса, юзим оловдай ёнади.

Ўша воқеага 20 йилдан ошди. Бугун давр ўзгарди. Одамларнинг, жамиятнинг қарашлари ўсди, глобал ахборот замонида ҳаётий мезонларимиз, интилиш ва муддаоларимиз илғорлашди. Аммо, назаримизда, бир жиҳатимиз ўзгаргани йўқ: ҳашамат ва дабдабага ўчлигимиз.

Ҳам диний, ҳам умуминсоний қадриятлар қаричи билан ўлчаганда ижтимоий иллат ҳисобланган бу тутум биргина яшаш тарзимиз-у тўй-ҳашамларимизда бўй кўрсатаётгани йўқ. Ҳашамат, бошқача айтганда, ҳаддан ошиш айрим давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар фаолиятида ҳам учраб турганини яширишга наҳожат?! Энг таассуфлиси аслида шунда.

 

Обрў бўлмай қолди

Ўқтин-ўқтин қайсидир маҳаллий ҳокимликларнинг нархини эшитсанг, капалагинг учадиган қимматбаҳо автомобиллар харид қилгани ёки ходимларига энг сўнгги русумдаги мобиль алоқа воситаларини тарқатгани хабар қилинади.

Ёхуд бюджетдан молиялаштириладиган яна қайсидир давлат ташкилоти томонидан халқаро тадбир қатнашчиларининг биргина тушлиги учун ажратилган маблағ тақсимоти нусхаси ижтимоий тармоқларда “айланиб юриб”, жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлиши ҳам бор гап. Бундай “тадбирлар”га мисоллар оз эмас.

Бир одамнинг ҳашаматга мойиллиги – унинг танлови, майли. Бироқ ҳашамдорликни кўз-кўзлаш давлат ташкилоти вакили, халқ суянган мансабдор шахслар учун беҳад номақбул. “Пул кетса, кетсин, обрў кетмасин” дейиш бугун ўзини оқламайди. Чунки биргина тадбир учун сарф этилаётган миллиард-миллиард сўмлар давлат бюджетидан олинади.

 

“Ичмоқчимисиз, кўчанинг у бетида бар бор”

Мамлакатимиз делегацияси таркибида Европанинг энг ривожланган давлатларидан бирида бўлиб келган ҳамкасбимиз ҳикоя қилади:

– Бу давлат ҳаётида, унда яшовчи инсонларнинг юриш-туриши-ю яшаш тарзида минимализм яққол кўринади. Барча масалада ва барча соҳада тартиб, қонунийлик юксак даражада. Дабдабанинг заррасини ҳам кўрмайсиз... Дастурга мувофиқ халқаро тадбирлар якунланди, бизни овқатланиш учун меҳмонхона ресторанига таклиф қилдилар. Меҳмонлар учун тузаб қўйилган швед столида 2-3 хил гарнир, котлет, газли-газсиз минерал сувлар турибди, холос.

Очиғи, тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб кетди. “Гўштли бошқа таом хоҳласангиз, марҳамат, менюдан танлаб, пулини тўлаб, ейишингиз мумкин”, дейишди ташкилотчилар. Кун ҳаддан зиёд дим, ишдан кейин муздек пиво ичмоқчилигини билдирган сафдошимизга мезбонлардан бири таржимон орқали уқтиряпти: “Пиво ичмоқчимисиз, кўчанинг у бетида бар бор”...

Финландияда бир муддат яшаб келган ҳамюртимиз эса финлар ҳашамат ва дабдабани хуш кўрмасликларини айтади. Таъкидлашича, бу мамлакат амалдорлари бюджет (халқ пули)ни кўкка совуришни биринчи галда ўз фарзандларига нисбатан хиёнат, деб биларканлар.

Мутараққий давлатларда барча жабҳада қонунларнинг мукаммал ишлаш механизми, бюджет маблағларининг тийин-тийинигача мақсадли ва аниқ манзилли сарф этилиши, ҳашамат-у дабдабадан тийилиш, амалдорларнинг халқ олдида ҳисобдорлиги – моҳиятан қараганда улар ривожланиш чўққисига шу йўлдан чиқиб бормадими?!

 

Ҳашаматнинг зидди-заҳри

Ҳозирги дунё миқёсида иқтисодий буҳронлар, таҳликали таҳдидлар ва “оммавий трансформация”лар шароитида турли даражадаги бошқарув ташкилотлари бир сўмни ҳам ортиқча сарфламаслиги талаб этилмоқда.

Айтайлик, неча юз миллион сўмни ҳоким учун сўнгги русумдаги ҳашаматли автоуловга эмас, туманнинг чекка қишлоғидаги мактаб ўқувчилари учун замонавий ҳожатхона қуриб беришга харжлаш кўпроқ ҳаётий зарурат эмасми?!

Юртимизда санитария-гигиена ҳолати, ичимлик суви таъминоти қониқарсиз ҳолдаги мактаблар оз эмас. Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг натижаларга эришиш офиси томонидан ўтказилган таҳлил 10 мингга яқин мактабларнинг 87 фоизида марказий канализация мавжуд эмаслиги, 53 фоизида эса сув таъминоти муаммолигини кўрсатди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатимизда вирусли гепатит А билан касалланиш 2022 йилга нисбатан икки бараварга ошган, айни пайтда касалланганлик ҳолатларининг 39 фоизи мактаб ёшидаги болаларда аниқланган. Бу касаллик сифатсиз сув таъминоти, ёмон санитария ва гигиена қоидаларига амал қилмаслик билан чамбарчас боғлиқ.

Шу икки фактни билган масъул, раҳбар қайси виждон билан ҳашаматга ружу қўйиши мумкин? Виждон етишмайдиган раҳбар фидойи, адолатпарвар бўлиши мумкинми?..

Мутасаддининг мол-дунёга, ҳашаматга ўчлиги шахсий қусургина эмас, жиддий профессионал камчилик, хулқ-атворнинг, компетенциянинг етишмаслиги ҳамдир. Бундай камчиликларга қарши аниқроқ ва кескинроқ чорага эҳтиёж ортмоқда.

 

Қандай таклиф бор?

Сирожиддин ШОНАЗАРОВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раис ўринбосари:

— Дабдабабозлик, исрофгарчилик ва ҳашаматга муккасидан кетиш кучайиб бораётганини айтиб ўтиш ўринли. Тўй-ҳашамларимизни қаранг! Ким ўзарга ўйлаб топилган, бор-йўғи пулни сувга оқизиш билан баробар бўлган одатларни санайверсак, адоғи кўринмайди. Орзу-ҳавас, дейдилар. Хўп, инсоннинг орзу-ҳавас қилиш ва уни рўёбга чиқариш ҳуқуқини ҳеч ким чеклашга ҳаққи йўқ. Бироқ дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрадиган замондамиз. Ўша минг кишига ош бераётган тўйдорнинг маҳалласида эҳтиёжмандлар йўқ, деб ўйлайсизми? Ойлаб қозони гўшт кўрмайдиган, бор пулини касал боласи учун сарфлаб, қарз-ҳавола қилиб, фарзанд доғида куйиб юрган қанча одамлар бор.

Жойларда аҳоли билан учрашувларда шулар ҳақида сўзласак, баъзан улар томонидан ҳам эътирозли фикрларни эшитамиз. Айниқса, айрим давлат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг бюджет маблағини ҳашаматли мақсадларга сарфлаётганидан норозиликларини билдиришади.

Ҳозир ахборот олиш ва тарқатиш имконияти шу қадар кенгайганки, таъбир жоиз бўлса, одамларимиз тош остида нима борлигидан хабар топяптилар. Демак, ҳар бир амал эгаси, бошқарув органи масъули ва ходимлари босаётган қадами, қилаётган иши жамоатчилик назорати остида эканини, оддий одамлар уларга қараб давлат нақадар инсонпарвар ва ижтимоий адолатли эканига баҳо беришини унутмасликлари шарт.

Кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлган партиямиз фаоллари давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар фаолиятида ҳашаматни чеклаш ва уни одоб-ахлоқ кодексини бузиш сифатида интизомий жавобгарликка тортиш амалиётини йўлга қўйиш ғоясини илгари сурмоқчи экани бежиз эмас.

Мақсад шу йўсинда бюджет маблағлари ортиқча сарфланишининг олдини олиш, халқ пулини таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш каби долзарб соҳаларга қаратиш, давлат ва жамиятда ижтимоий адолат ва барқарорликни қарор топтиришдан иборат.

Давлат, халқ ҳисобига ҳашаматга муккасидан кетишдан уялиш, уялмаганларни жазолашга ўтишимиз ҳар томондан тўғри бўлади.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 31.07.2023, №30

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш