Халқимдан, Ватанимдан қарзим кўп

 

Гулистон Аннақиличеванинг маънавий олами шундаймингларнинг кўнглини забт этишга қодир, мингларга суянчиқ бўлгулик кенг ва қудратли олам. Одатдашерюрак”, деган таърифни эркаклар номига қўшиб айтишга ўрганиб қолганмиз. Лекин нечун шундай таъриф аёлларга нисбатан берилмайди? Менга қолса, ботирлиги-ю жасоратига қиёс этиб кўрсак, Гулистон опамиз айни пайтда ҳар қандай алп йигитлардан-да дадил, шерюрак!

 

– Гулистон Аннақиличева аввало аёл, она, давлат ва жамоат арбоби, ўткир сиёсатшунос, шоира, журналист, адиба, кучли публицист. Энг муҳими, давлат ва жамоат ҳаётига оид ўйлар билан қоришиб, кенг кўламли ишлари билан етук шахс сифатида шаклланган заҳматкаш инсон, — деб таъриф беради шоира опамиз Робия Шодиева.

– Азиз момомиз руҳи мени афв этсин. Гулистон опадаги сабр-у-қаноат, бардош, матонат, ҳаётидаги ва ижодидаги жасорат ҳақида ўйласам, қадим афсонавий момомиз қиёфаси билан бугунги опамиз қиёфаси-ю сумбати, қилган ва қилаётган эзгу амаллари, фидойиликларини хаёлан қиёслаб, шу опамиз нақд Тўмарис момомизнинг ўзи, дегим келаверади. Замона зайли, Тўмарис ғанимларини қилич билан маҳв этса, бизнинг давр Тўмарисларидан бири Гулистон Аннақиличева оддий сўз қудратини ўзининг матонат ва жасорат тимсоллари барқ уриб турган шеърияти билан намоён эта олди, – дейди шоира.

Биз ҳикояга қилаётган Гулистон Аннақиличевани бутун мамлакатда кўпчилик танийди, билади. У 1948 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманида туғилган. Ўзбекистон ХДП фидойиси. Узоқ йиллар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, 2005-2010 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига депутат бўлган. Қорақалпоғистонда, бутун мамлакатимизда вакиллик, парламент институтини шакллантириш ва ривожлантиришда бевосита иштирок этган.

2015 йилдан ва 2020 йилдан икки чақириқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси. Бугунги кунгача Сенатда ҳар бир қонун ва қарорлар юзасидан унинг телевидение, радиода интервьюлари ва матбуотда ўнлаган таҳлилий мақолалари чоп қилинмоқда.

Гулистон опанинг ҳаёт йўлига бир назар солсак, у 1973 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. Ўз фаолиятини 1964 йил Тўрткўл тумани радио эшиттиришлари, туман газетасида бошлаган. 1983 йил туман газетасининг Бош муҳаррири бўлган.

Оила билан жамоат ишларини баробарига олиб борган Гулистон Аннақиличева 2005 йил Хотин-қизлар қўмитасининг «Гулойим» газетасига, 2011 йил Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмасининг «Қорақалпоқ адабиёти» газетасига асос солди. Ҳозирда бу газеталар ўзининг минглаб ўқувчиларига эга.

Тўрткўл тумани - қадимги Хоразм воҳасининг улкан маданият ўчоғида пайдо бўлган, қадимдан белгили эл. Унинг атрофида ҳозир ҳам Гулдурсин, Тупроқ қалъа, Қирққиз қалъа, Аёз қалъа сингари қадим хоразмшоҳлар қурган кентларнинг баланд деворлари минораланиб, тарихий ўтмиш хаёлларига чўмиб, қуюқ туманларга чўкиб туради. Бу муқаддас диёр ота-боболаримизнинг қадим замонлардаги доно ҳикматларига бой, дунёга машҳур “Қирққиз” достонининг ва уни янги авлодларга етказган атоқли бахши Қурбонбай жировнинг ватани. Бу жировни Гулистон ҳам тинглаб ўсган.

Гулистоннинг устози Ўзбекистон халқ шоири Зулфия шундай деб ёзади: “Менга Гулистон Матёқубованинг (олдинги қизлик фамилияси) шеърлари айниқса ёқади. Шеърнинг мисралари қалбининг алангаларидан ўтиб турғандай жонингизни иситиб ўтади. Мавзуи кенг, турли-туман ва бир бирига ўхшамаган, лекин ўқиб чиққач, биласизки, бу Гулистон Матёқубованинг қаламига мансуб”.

– Болалигим Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида ўтган. Падари бузрукворим Аҳмад ота Матёқубов ўта маърифатпарвар зиёли инсон эдилар. Уйимиздаги токчаларда жуда кўп китоблар турар, отам уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлар, тез-тез хоналарни шамоллатиб турар, “китобларнинг ҳам жони, руҳи бор, улар ҳам одамга ўхшаб нафас олади”, дердилар. Китобга, адабиётга меҳрим ўша пайтлардан бошланган бўлса керак. Кейинчалик журналистикага, шеъриятга қизиқиш уйғонди. 1966 йилда илк бор Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия билан учрашиш шарафига муяссар бўлганман. Улар менга шеърият бобида устозлик қилганлар, – дейди Гулистон опа. – Инсон ўз касбига меҳр қўйса, иш унинг учун ҳеч қачон оғирлик қилмайди. Мен ҳам журналистикага жуда эрта кириб келганман. Ҳали мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ туман газетасига қатнай бошлаганман. 8-синфлигимдан бошлаб туман радиосида сухандонлик қилганман. Мактабни олтин медаль билан битирганман. Лекин, ҳеч қачон раҳбарликка, мансабга интилмаганман. Балки, бу тақдир йўлидир, ҳар доим зиммамга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга интилиб келдим. Шу пайтга қадар меҳнатимиз, изланишларимиз, ҳаракатларимиз сабаблими, ўта масъулиятли ишларда ишладим. Ҳозир ҳам мамлакатимизнинг қонун чиқарувчи олий органи – Сенат аъзоларидан бириман. Бу мен учун ҳам катта фахр, ҳам халқ, эл-юрт олдидаги юксак масъулият. Худога шукр қиламан, тўрт нафар ўғлим бор. Ҳар бири ҳаётда ўз йўлини топиб кетган. Ўзлари танлаган соҳаларда меҳнат қилишяпти.

Ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз бахт формуласи бўлади. Сиз бу формулани қандай тузган бўлардингиз, деган саволимизга:

– Ўз қадрини билиб яшаш. Яъни, аёл киши оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз қадрини, ўз ўрнини яхши англай олса, у чин маънода бахтли бўлади. Ўзини қадрламаган, ҳурмат қилмаган аёл ҳаётда ўз бахтини топа олиши қийин, — деб жавоб беради.

– Оилада ҳам, жамиятда ҳам тўғри йўл тутганимдан хурсандман. Кўп ҳолларда ишонувчанлигим панд берган. Одамларни яхши-ёмонга ажратишда қийналганман. Ана шу қусурлар сабабли бир неча бор панд еганман. Аммо, бу хатолар менга катта сабоқ берган, тажриба орттирганман. Чунки, инсон ўзининг тақдирига ўзи йўл очади. Бу тақдир бўлса керак, деб ўйлайман.

Мен учун Тўрткўл жуда катта олам эди. Дунёни шу Тўрткўлдаги эшиклардан кўрганман. Лекин, насибам, тақдирим менинг Тўрткўлда очилган ўша эшик орқали энг аввал Нукусга келган бўлсам, дунёларни кўраяпман. Чунки хизмат вазифаларим туфайли Ўзбекистонимиз ҳудудининг мен бормаган ҳудуди қолмади. Ҳаммасини кўрганман. Менинг шукронам жуда кўп. Нукусда яшаётганим эса бу менинг бахтим, деб ўйлайман. Қорақалпоғистон туғилган ота-маконимиз кенгликлари, тоғлари, зиёратгоҳлари, кўнгли очиқ, ажойиб одамлари дўстларим билан менга азиз, менга қадрдон бўлиб қолган, дўстларим билан жуда азиздир, менга муқаддас бўлиб қолган, – дейди опа.

Инсон яшар экан, ҳаётни таниб, одамларни таниб, ўзининг ҳаёт йўлини белгилаб, умри давом этавераркан. Инсоннинг энг азиз макони унинг оиласи, турмуш ўртоғи. Биз Гулистон опа тўғрисида айтиб беришни сўраб, унинг турмуш ўртоғи Сапармуҳаммад акага юзланамиз:

– Бир куни ўзим рулдаман, энди анча йил бўлиб қолди. Нукусдан Тўрткўлга кетаяпмиз. Қоратоғга яқинлашганимизда ҳаво булутланди. Мен “ёмғир ёғади-ёв ҳозир”, дедим. Сал юрмай ёмғир ёға бошлади. «Энди хоним бир шеър бўлиши керак. «Ёмғир ёғса Қора тоғнинг этакларига», деб шеър ёзгин дедим. Худди шу шеър Тўрткўлга борамиз дегунча ёзилди.

Эслайдиган воқеалар жуда кўп. Болалар энди туғилган пайтларида, у вақтда Тўрткўлда анча-мунча кўчалар асфальтланмаган, машинамиз хам йўқ. 50 йил олдинги гапни айтаяпман. Ўша пайтда болаларга коляскани олиб берганман. Коляскага ўтқазади-ю, боғчага олиб кетади. Жойлаштириб кейин, ишхонасига ўтиб кетади. Бу масофа 4-5 км бор. Мен ўз ишимга кетаман. Туман марказий дорихонасида ишлардим. Кейин кечқурун ҳам мана шу йўл билан яна қайтиб келиб, овқат тайёрлаш керак, уйдаги бошқа ишлар дегандай.

– Бизнинг ҳаётимиз, такрор-такрор айтишдан ҳеч чарчамайман, биз жуда бахтли кунларда яшаяпмиз. Шундай даврни кўрганим, шу даврда яшаётганимга шукроналар қиламанки, невараларимга, эвараларимга ҳавасим келади. Улар ундан ҳам бахтли замонда яшашига кўзим етади. Мени яна бир катта ишонч умримни узайтирадигандай бўлиб туюлади. Бу ишонч шуки, бу юртга ҳали жуда катта бир ҳикматлар кириб келади. Бу ҳикматларни авлодлар олиб келади. Бу ҳикматлар бугун пайдо бўлган эмас. Беш минг йил, ўн минг йилларни изласак ҳам боболаримиз, авлодларимиз, аждодларимиз қолдирган ҳикматлари бор. Биз ҳали ҳаммасини ўрганиб-билганимиз йўқ. Билган сайин билмаганимизни сезаяпмиз. Ўрганган сайин ўрганишимиз керак бўлган ҳикматлар борлигини англаяпмиз, – дейди Гулистон Аннақиличева. – Бизнинг Ўзбекистонимиз, Қорақалпоғистон деб аталувчи, мен туғилиб ўсган юртда, ҳали ернинг остидаги сир-асрорлар, ернинг устидаги сир-асрорлар шундай бўй тиклайдики, она сайёрамиз инсон туфайли соғ-омон турса, келажагимизда юртимиз билан фахрланадиган, ифтихор қиладиган, ғурур туядиган авлод яшайди бу тупроқда.

Гулистон Аннақиличева етук сиёсий раҳбар сифатида ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ҳамда мустақилликни мустаҳкамлаш, бу соҳадаги давлатимиз эришаётган ютуқларни тарғиб қилишда ўзининг ўнлаб публицистик асарлари, республика матбуоти ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган кўплаб таҳлилий мақолалари, суҳбатлари билан фаол иштирок этиб келмоқда. У давр талабларига ўзининг ҳозиржавоблиги, камтарлиги ва самимийлиги билан сайловчилар, партиядошлари ҳамда ҳамкасблари орасида катта обрў-эътибор қозонган.

– Гулистон Аннақиличева сенатор ва депутат сифатида маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш билан боғлиқ қатор муаммоларни бевосита ҳал қилишга, айниқса, сайловчилар билан тез-тез мулоқот қилиб, учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини тинглаш ва ўз вақтида самарали ечим топишга алоҳида эътибор қаратади. Буни биз мисолларда ҳам келтириб ўтишимиз мумкин. Жумладан, Нукус шаҳридаги “Амударё” маҳалласидаги учрашув чоғида “Айтеке бий” кўчасига тунги ёритқичлар ўрнатиш, ушбу ҳудудда “Оталар чойхонаси” ва “Кутубхона”, “Спорт майдончаси” қуриш масалалари кўтарилган эди.

— Сенатор томонидан бу масалаларни тегишли давлат дастурларига киритиш бўйича таклифлар берилди, – дейди Жўқорғи Кенгесдаги Ўзбекистон ХДП депутати Назира Матяқубова. – Шунингдек, унинг ёрдами билан Нукус давлат педагогик институти талабаси Жулдиз Даулетбоевага қўшимча стипендия тайинланди. Нукус шаҳридаги Пушкин кўчаси 9-уйда истиқомат қиладиган, 2 нафар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган Раъно Қаипназарова рўзғори, томорқаси обод қилинди. Унинг фаолиятида мурожаатлар билан боғлиқ бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Кўп йиллик депутатлик фаолиятида улкан тажриба тўплаган. Кўплаб ёшларнинг талабчан ва меҳрибон устози ҳамдир. У ўзининг 40 йилдан ортиқ журналистик фаолияти давомида 120 нафар ёш қаламкашларга устозлик қилган ва уларнинг аксари олий маълумотли журналист бўлиб етишган. Шогирдларидан 3 нафари Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари бўлишди.

Гулистон Аннақиличева 2016 йил “Фидокорона хизматлари учун”, 2024 йил “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланди. Қорақалпоғистон халқ шоири, Бердах номидаги Давлат мукофоти совриндори.

– Мен бугун қандай ютуққа эришган бўлсам, барчасини сизлардан олдим, халқимдан олдим. Олганларим бунёдкор халқимизнинг юртни янада обод қилиш, пойтахтдан бошлаб овул ва қишлоқларимиз қиёфаси янада кўркам бўлиши, дастурхонлар тўкин-сочинлиги, олиб борилаётган яратувчилик меҳнатлари натижасидир. Омонларим — Қорақалпоғистондаги яратилаётган катта имкониятлар, зиёлилар учун очилган нурли эшиклар, ҳамма-ҳаммаси барча ижодкорларнинг илҳоми, айтиладиган сўзларимиз, ёзиладиган шеърларимиз, асарларимиздир. Менинг ҳали халқимдан, Ватанимдан қарзим кўп!

 

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

«Ўзбекистон овози», 31.07.2023, №30

 

 

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш