Халқ демократик партиясининг ваколатли вакили имзо варақаларини қабул қилиб олди

 

Бугун Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олиниб, уларга мандатлар «Е-сайлов» ахборот тизими орқали электрон шаклда берилди.

Қонунчилигимизга кўра, сиёсий партия сайловда иштирок этиши учун сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиши лозим.

Шу билан бирга, ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган ҳолда депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ваколатли вакилига партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди.

Маълумки, битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкин.

Сайловчилар имзосини тўплаш Ўзбекистон ХДПнинг 10 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларида, иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда амалга оширилиши кўзда тутилган.

 

 

 

 

Теглар

Сайлов Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш