Янги иш ўринлари яратган тадбиркорлар бугун эъзоз ва эътирофда

 

Давлатимиз раҳбари куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Бу учрашувда нафақат мамлакатимиздаги тадбиркорлар, балки, хорижий давлатларда юртимиз номини танитаётган ватандошларимиз, 40 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Бугунги кунда ўз ишини яхши йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратган бир қатор тадбиркорлар давлат мукофоти билан тақдирландилар. Илғор бизнес вакилларидан 37 нафари орден ва медаллар билан, 104 нафари “Фаол тадбиркорлар” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бир йил давомида тадбиркорлар билан узлуксиз мулоқот давом этди. Президентимиз, Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар, Савдо-саноат палатаси, Бизнес омбудсман-барча-барча раҳбарлар йил бўйи тадбиркорлар билан доимий мулоқот олиб борди.

Натижада, тасдиқланган режадан ташқари, тадбиркорлар томонидан 700 дан ортиқ масала, ташаббус ва янги лойиҳалар қўллаб-қувватланди, 8 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди. Яратилган шароитлар натижасида минглаб иш ўринлари яратилди.

Очиғи бундан бир неча йиллар олдин тадбиркорлик қилишдан одамлар чўчирди, чунки, тадбиркор ишини бошлар-бошламас текшир-текшир кўп эди. Бунинг натижасида илгари кредит, бозор топиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммолар, тинимсиз “текшир-текширлар” сабабли 60 фоиз янги тадбиркорлар фаолияти биринчи йилнинг ўзидаёқ тўхтаб қоларди. Одамларнинг тадбиркорлик қилишга ишончи йўқолиб бораётган бир пайтда, янгича руҳ, янгича мадад кириб келди десак, бу ҳам айни ҳақиқат. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган Бизнес омбудсман лавозими жорий этилди.

Маҳаллаларда янги “Маҳалла еттилиги” тизими жорий қилиниб, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими ташкил этилиб, фаолият олиб бормоқда. Ҳоким ёрдамчилари бугун ўз бизнесини бошламоқчи бўлганларга бизнес лойиҳаларини қилишда кўмакчига айланди. Маҳаллаларда иссиқхона дейсизми, асаларичилик дейсизми, ёки хизмат кўрсатиш дейсизми, ҳамма-ҳаммаси бугун маҳаллада бор. Пировардида одамлар шаҳар марказига эмас, балки маҳалланинг гузарида ўз эҳтиёжларига жавоб топмоқда. Бу янги тизим, янги институт қанчалик узоқни кўзлаб қилинган иш эканлигини ҳаммамиз кўриб, амалда бунинг иштирокчисига айланиб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш