Қорақалпоғистонликлар сайловолди дастур лойиҳасига таклифлар берди

 

Хабар берилганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Сайлов комиссиясидан сайловда қатнашишга ижозат олди. Шу кунларда ҳудудларда партиянинг янги Сайловолди дастури лойиҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш учун жамоатчилик муҳокамалари бўлиб ўтмоқда.

Муҳокамаларда партия фаоллари, хайрихоҳлар, турли соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлари билан фаол иштирок этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасидаги Иброҳим Юсупов номидаги ижод мактабида янги Сайловолди дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Унда партия аъзолари, ҳудуддаги фаоллар, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари, ижтимоий соҳа, хусусан, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари қатнашди.

Мулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов йиғилганларни янги Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан таништирди.

Таъкидланганидек, партия ўз дастурий ҳужжатини ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғояларига асосланган ҳолда ижтимоий демократик давлатни барпо этиш мақсадидан келиб чиқиб шакллантирмоқда.

Дастурда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш, малакали тиббий хизмат, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш каби 10 та йўналишда 100 га яқин мақсад белгилаб олинмоқда.

Мисол учун, пенсия тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима бўйича тушумларни тўлиқлигича давлат бюджетига йўналтириш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш ва уларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш масалалари принципиал аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Кредит механизмларини ижтимоий адолат принципига мувофиқлаштириш, гаровга қўйилган мулкни кредит олган шахсга сотиш имконини бериш билан билан боғлиқ ғоя кам даромадли фуқаролар учун муҳим аҳамиятга эга экани билдирилди.

Муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда ижро ҳокимиятининг сиёсий партиялар билан маслаҳатлашиш институтини жорий қилиш масаласи депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Қатнашчилар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурига киритиш кўзда тутилаётган ғоя ва ташаббуслар билан атрофлича танишар экан, уларнинг ижтимоий тенглик ва адолат тамойилларига асосланганлиги, камбағалликни қисқартириш, барқарор даромад манбаини мустаҳкамлашга йўналтирилганлигини ҳар жиҳатдан маъқуллашди.

Муҳокамада иштирокчилар таълим, соғлиқни сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш таъминлаш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш