Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида “Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги механизмлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Олтинсой” МФЙ фаоллари иштирок этган мулоқотда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда уларнинг халқимиз фаровонлигини юксалтиришдаги ўрни тўғрисида маълумотлар берилди.

Қайд этилдики, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий мақсади иш ўринларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартиришдир. Кейинги йилларда юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг даромадларини изчил ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Сўзга чиққанлар аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида гапириб ўтишди. Сўнгги 3 йилда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринларни яратиш борасида бутунлай янги ва алоҳида тизим яратилгани қайд этилди.

2023 йилнинг бошида бу масалада яна бир ўта муҳим янгилик ҳаётга татбиқ этила бошланган эди. Барча туманлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига қараб 5 тоифага ажратилди. Туманнинг қайси тоифага киритилганидан, яъни шароитидан келиб чиқиб, турли даражада енгилликлар бериш тартиби жорий этилди.

Бугун камбағалликни қисқартириш ва янги иш ўринлари яратишда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бу соҳа давлат томонидан чуқур қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида йилига 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидия ажратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Ўрол Ўрозбоев давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили ҳамда йил якунига қадар устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини ҳақида маъруза қилди. У ўз сўзида Президентимиз ташаббуси билан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Наманган вилоятининг Уйчи, Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида тажрибалар бошлангани, иқтисодий комплекс маҳаллага туширилгани ҳисобига 4 мингдан ортиқ маҳалла саноат ва қишлоқ хўжалигига ихтисослашганини таъкидлаб ўтди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурод Юсупов камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги механизмлари ҳақида гапириб, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ҳамда 2023 йилда янги жорий этилган “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган аҳоли моддий ёрдам билан тўла қамраб олинганига эътибор қаратди.

Давра суҳбати якунида яхши тажрибаларни инобатга олган ҳолда, маҳалла институтининг оилаларни мустаҳкамлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги ролини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш