Ишга қабул қилишни ноқонуний рад қилиш ҳолатлари камаяди

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 1-ўқишда кўриб чиқдилар.

Маълумки, 2022 йилда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниб, унга мувофиқ, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари белгиланган эди. Мазкур ҳужжат билан ходимлар меҳнат ҳуқуқлари ва эркинликларининг, шу жумладан меҳнат қилишга, эркин иш танлашга, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқининг давлат кафолатларини белгиланган.

Бироқ, ишга қабул қилишда ишга кираётган шахсдан талаб этиладиган ҳужжатлар қисқарган бўлсада, Меҳнат кодексида мавжуд бўлганлиги сабабли Меҳнат кодекси асос қилиниб, айрим иш берувчилар томонидан ушбу ҳужжатлар талаб қилинаётганлиги, бу эса фуқароларни ортиқча сарсонгарчилик ва харажатларига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли Меҳнат кодексида ишга қабул қилишда иш берувчилар томонидан талаб этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш зарурлиги аниқланган. Бундан ташқари, айрим техник хатоликлар мавжудлиги туфайли уларни бартараф этувчи ва аниқлик киритувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурияти пайдо бўлди.

Қонун лойиҳаси билан Меҳнат кодексига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. 124- ҳамда 434-моддалар билан ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахслардан талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда. Яъни, ахборот технологияларини қўллаш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида айрим ҳужжатларни ишга кираётган шахсдан талаб қилмасдан ахборот тизимларидан олиш имконияти яратилган. Давлат ташкилотлари ва хўжалик бирлашмалари шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва меҳнат дафтарчаларни сўраши бекор қилинмоқда. Шунингдек, иш берувчилар томонидан жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини талаб қилиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилишар экан, партия электорати учун қатор енгилликлар бериши, ишга кирувчилар ҳужжат тўплаш учун ортиқча вақт сарфлаб юриши тўғри келмаслиги, бюрократик тўсиқлар бартараф этилишини алоҳида таъкидлашди. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар, савол ва таклифлар берилди. Ахборот технологияларини қўллаш ва рақамлаштириш орқали ишга қабул қилишда иш берувчилар томонидан талаб этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартирилиши натижасида ишга қабул қилишни ноқонуний рад қилиш ҳолатлари камайиши, коррупциявий ҳолатлар олди олиниши ҳисобга олиниб, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Фракция йиғилишида шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳақ тўланадиган таътиллар тўғрисидаги 132-сонли Конвенциясини (Женева, 1970 йил 24 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Конвенция ҳар бир ходимга белгиланган энг кам давомийликда ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътил олишини тартибга солиш билан боғлиқ бўлиб, кўплаб мамлакатларда жуда кенг қўлланилади. Унинг асосий мақсади – барча ишлайдиган ходимларга дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган таътилларни таъминлашдан иборат. Мамлакатимизда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини, шу жумладан, дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳисобланади.

Конвенцияга қўшилиши келгусида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида белгиланган меҳнат ҳуқуқларини, шу жумладан, дам олиш ва ҳақ тўланадиган таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этиш, шу билан бирга, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш учун хизмат қилишини инобат олиб, фракция аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.

 

 

 

 

 

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш