Жамоатчилик муҳокамаси қизғин, янги фикр ва таклифларга бой ўтмоқда

 

Ҳар бир ўтган кун бизни жамият ҳаётидаги муҳим санага яқинлаштирмоқда. Сайловга қадар 60 кундан камроқ вақт қолди. Ўзбекистон ХДП учун жараёнлар қизғин тус олмоқда. Марказий сайлов комиссиясидан сайловда қатнашишга ижозат олингандан сўнг жойларда партиянинг янги Сайловолди дастури лойиҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш учун жамоатчилик муҳокамалари ўтмоқда.

Тадбирларда партия аъзолари, ҳудуддаги фаоллар, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари, турли тизимдаги мутахассислар, таълим, тиббиёт каби ижтимоий соҳа вакиллари ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол қатнашмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятидаги мулоқотларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов йиғилганларни янги Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан таништирди.

Таъкидланганидек, партия ўз дастурий ҳужжатини ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғояларига асосланган ҳолда ижтимоий демократик давлатни барпо этиш мақсадидан келиб чиқиб шакллантирмоқда. Дастурда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш, малакали тиббий хизмат, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш каби 10 та йўналишда 100 га яқин мақсад белгилаб олинмоқда.

Мисол учун, кам даромадли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, бепул маслаҳат берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантиришга урғу берилаётгани ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланди.

Дастурда, шунингдек, ижтимоий ҳаётимиздаги муаммоларнинг конкрет ечимлари акс эттирилаётган бўлиб, банклар таклиф этаётган кредит механизмлари ижтимоий адолат принципларига мувофиқ бўлишига эътибор қаратилмоқда. Ипотека кредити тўлови бўйича қарздорлик юзага келганлиги сабабли гаровга қўйилган кўчмас мулкни фуқарога ўзига қулай нархда сотиш имконини бериш масаласи ҳам ижтимоий адолат тамойилларига мос ва хос бўлиши қайд этилди.

Дастур лойиҳасида ўрин олган пенсия тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима бўйича тушумларни тўлиқлигича давлат бюджетига йўналтириш, маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш ва уларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш каби масалалар принципиал аҳамиятга эга.

Қатнашчилар партиямизнинг янги Сайловолди дастурига киритиш режалаштирилаётган ғоя ва ташаббуслар билан батафсил танишар экан, уларда халқ манфаатлари нуқтаи назаридан ёндашилгани, мамлакатда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилганини ҳар томонлама маъқуллашди.

Муҳокамада иштирокчилар соғлиқни сақлаш, сифатли коммунал хизматларни йўлга қўйиш, бандликни таъминлаш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

 

Назира МАТЁҚУБОВА,

Қорақалпоғистон республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— Партиямиз Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан яқиндан танишдик, хурсанд бўлдик. Ғояларимизнинг ўзига хослиги ва менга маъқул тарафлари шундаки, ҳаммаси инсонларнинг фаровон яшаши, давлат фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиши, барча бирдек таълим олиш ҳуқуқига эга бўлишига қаратилганида.

Лойиҳада ҳам мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга, ижтимоий тенглик, ижтимоий адолатни кафолатлашга қаратилган кўплаб ҳалқчил таклиф-ташаббуслар бор эканига гувоҳ бўлдим.

Масалан, адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш масаласи кўпчиликка маъқул бўлди. Масалан, ҳозир солиқларни ўз вақтида тўлаб, давлат қонун қоидалари асосида ишлаган инсон келажакда муносиб пенсия олиши кафолатланиши билан боғлиқ масалалар қамраб олинган.

Узоқ йиллар олдин собиқ жамоа хўжалиги ва ширкат хўжалигида меҳнат фаолиятини юритган фуқароларнинг ана шу меҳнат даврларини пенсия тайинлашда тўлиқ йил сифатида инобатга олиш ташаббусини олайлик. Бу адолатдан бўлади. Ёки пенсияга чиқиб, камида беш йил ишлаган ва бу вақтда даромад солиғини, ижтимоий солиқни тўлаган пенсионерлар учун муқаддам тайинланган пенсияни қайта ҳисоблаб, оширилган миқдорда тайинлаш ҳам жуда яхши таклиф.

Сайловолди дастури муҳокамаси қизиқарли, баҳс-мунозараларга бой тарзда кечди. Аслида мана шундай муҳокамалар чоғида зўр ғоялар туғилади. Биз ҳам ўз таклифларимизни бердик.

 

Алишер ЖАНЗАКОВ,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Сайловлар – йирик демократик жараён. Чунки унда юртимизнинг, халқимизнинг келажаги ҳақида янги ғоя, ташаббуслар, таклифлар илгари сурилади. Сайловчилар учун ҳам партиялар ғояларидан хабардор бўлиб, улардан бирини танлаш имконияти пайдо бўлади. Шу жиҳатдан фуқаролар сайлов билан боғлиқ барча жараёнлардаги ҳар бир босқичда фаол бўлиши, ўз келажагига бефарқ эмаслигини кўрсатиши лозим.

Дастур лойиҳаси муҳокамаларида бевосита қатнашдик. Ишонч билан айтиш мумкинки, лойиҳада жамиятимиз, халқимиз келажагига дахлдор кўплаб масалалар илгари сурилмоқда.

Масалан, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали даромад топаётганлардан ҳам ҳамма қатори даромад солиғини олишни йўлга қўйиш таклифини олайлик. Бу адолатли, деб ўйлайман. Чунки жамиятдаги қонун-қоидалар ҳам, ҳуқуқлар ҳам тенг бўлиши лозим.

Ҳаммага маълумки, ишлаб даромад топаётган ҳар бир шахс мамлакат бюджети учун даромад солиғини тўлайди. Бу бутун дунёда йўлга қўйилган узоқ йиллик механизм. Бу тўғри тизим. Сабаби, биз тўлаётган солиқлардан давлат бюджети шакллантирилади. Ижтимоий соҳа, мактаблар, таълим, тиббиёт сингари соҳалар молиялаштирилади.

Шундай экан, нега чекка қишлоқларда фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар, соғлиғимизга масъул шифокорлар даромад солиғи тўлаяпти-ю, аммо интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали даромад топаётганлар деярли солиқ тўламаяпти? Бу ижтимоий адолат тамойилларига тўғри келмайди.

Мен ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат тарафдориман. Шу сабабли ҳам дастур лойиҳасидаги аксарият бандлар менга маъқул. Муҳокама вақтида яна асосли таклифлар билдирилди. Ўйлайманки, бу таклифлар ҳам Сайловолди дастуридан ўрин олади.

 

Шуҳрат ТЕШАЕВ,

Бухоро давлат тиббиёт институти ректори, Ўзбекистон ХДП аъзоси:

— Партия Сайловолди дастурини тасдиқлашдан аввал жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани жуда яхши бўлибди. Бу сайловчиларга имконият демакдир. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олибгина қолмасдан, таклифлари ва дастур лойиҳаси ҳақидаги эътирозларини ҳам билдириши мумкин. Халқ демократик партияси узоқ йиллик тарихга эга. Доим сайловларда яхши натижаларга эришиб келган. Таклифлари, ташаббуслари, ғоялари ҳар бир инсоннинг янада фаровон яшашига қаратилган.

Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасида ҳам халқчил таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик тамойиллари, барча учун тенг имкониятлар, оғир ижтимоий шароитларга тушиб қолган инсонларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, иш билан таъминланиши, сифатли коммунал хизматлари кўрсатиш, адолатли пенсия тизимини қўлга қўйиш сингари таклифлар кўпчиликка маъқул бўлди.

Бундан ташқари, йўллардаги таъмирлаш ишлари ва уларнинг давомийлиги ҳақида фуқароларни хабардор қилиш масаласи ҳам қизиқ. Бу ҳақида камида 10 кун олдин ушбу ҳудудда яшовчи аҳолини огоҳлантириш ҳамда интернет тармоғида эълон жойлаштириш меъёрини жорий қилиш таклиф қилиняпти. Албатта, яхши таклиф. Эрталаб ишга кетаётганда ёки кечки пайт ишдан қайтаётганда одатда юрадиган йўлимизда таъмирлаш ишлари кетаётган бўлса, яхшигина ноқулайлик келтириб чиқаради. Хабардорлик бўлса, тирбандликлар ва авто аварияларнинг олдини олиш имкони ҳам ошади.

Яна бир масалани ҳам айтмасам бўлмайди. Бу фармацевтика тизимида назоратни кучайтириш билан боғлиқдир. Яъни, “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббуси бу борада жуда ўринли ва керак бўлган чора, деб ўйлайман.

Чунки бирор ким шамолласа ёки бошқа турдаги касалликка чалинса, шифокор кўригига бормай, телевизорда кўрган рекламадаги дорилардан сотиб олади. Унинг зарарини ҳисобга олмайди. Эҳтимол, дорилар ҳаддан зиёд кўп бўлганлиги туфайли ҳам шундайдир. Шу сабабли фармацевтика бозорини қонун билан тартибга солиш тўғри ечим бўлади.

 

Шахзодбек ЕТМИШБОЕВ,

рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти Касаба уюшмаси раиси:

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси узоқ йиллардан буён аҳоли турмуш даражасини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси каби мақсадларни кўзлаб ўз дастурларини ишлаб чиқади.

Муҳокамасида иштирок этдим ва кўплаб яхши таклифлар, ташаббусларни тингладим. Айта оламанки, йиғилганларда аксарият масалалар қизиқиш, ишонч уйғотди.

Масалан, иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини, стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш таклифини олайлик.

Назаримда, иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ҳамиша бўлиши керак. Бу мамлакат манфаатлари билан бир қаторда оддий фуқаролар, ишчилар ҳақ-ҳуқуқлари муҳофаза қилинишида ҳам муҳим ўрин тутади. Йирик компаниялар, корхоналар раҳбарлари фақат шахсий даромад орттириши ҳақида ўйлашига йўл қўйилмайди. Давлат томонидан назорат бўлганидан кейин ҳар бир қўяётган қадамини ҳар томонлама ўйлаб, халқ билан ҳам ҳисоблашиб кейин қўяди. Шунингдек, стратегик аҳамиятга эга компанияларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш таклифи ҳақида ҳам худди шу фикрларни айтиш мумкин. Умуман мамлакатда, жамиятда қилинаётган ҳар бир ишда давлатнинг фаол иштироки бўлиши шарт.

Сайловолди дастурида бу каби халқчил ташаббуслар оз эмас. Муҳокамаларда қўшимча таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Барчани мана шу каби жамоатчилик муҳокамаларида фаол қатнашишга чақириб қоламан. Чунки дастурлар орқали мамлакатимиз, жамиятимиз келажаги ҳал бўлади, ўзгаради.

 

Партиянинг Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган учрашувлар Сирдарё вилоятида ҳам кўтаринки кайфиятда ўтди. Мулоқотда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талабалар, ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев сўзга чиқиб, йиғилганларни янги Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан таништирди.

Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган муҳокамаларда иштирокчилар саволларига партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова атрофлича жавоб қайтарди. Янги Сайловолди дастури лойиҳасининг концепцияси билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди. Шунингдек, янги ташаббуслар, ғоялар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Наманган вилоятида бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Фирдавс Шарипов иштирок этди. У йиғилганларни Сайловолди дастурининг лойиҳаси билан таништирар экан, энг устувор жиҳатларга эътибор қаратди.

Ҳар бир йўналиш жамоатчилик фикри, ҳудудларда олинган таклифлар ва аҳоли мурожаатлари мазмунидан келиб чиқиб шакллантирилганини таъкидлади. Ўз навбатида, мулоқот қатнашчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ҳам қизиқди. Билдирилган таклифлар дастурни қайта ишлашда фойдаланилишини қайд этди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 28.08.2023, №34-35

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш