«Қишлоқ жойда яшаш инсонни ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин эмас». ХДП депутати айрим ҳудудларда ҚВПларни қайта ташкил этишни сўради

 

Коронавирус хавфи кучайган, мамлакат бўйлаб карантин кунлари давом этаётган пайтда соғлиқни сақлаш тизимини яна бир қайта кўриб чиқиш, ҳаёт талаби, халқимиз эҳтиёжларини ҳисобга олиб, соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш зарурати юзага келди.

Маълумки, 2017 йил қишлоқ врачлик пункт (ҚВП)лари мақбуллаштирилиб, оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Ҳар қандай ўзгариш ва ислоҳотнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлганини вақт кўрсатаркан. Муайян ҳудудларда ҚВПлар ўрнига оилавий поликлиникалар ташкил этилгани ўзини тўлиқ оқлади. Лекин баъзи жойларда ҚВПлар чуқур таҳлил ўтказилмасдан, аҳоли эҳтиёжлари, ижтимоий инфратузилма, тиббиёт ходимлари имкониятлари ҳисобга олинмасдан асоссиз қисқариб кетгани бугун жудаям сезиляпти. Сайловлар пайти ва ундан кейинги учрашувларда аҳоли вакиллари шу масалада кўплаб мурожаатлар қилишди, эътироз ва таклифларини билдиришди. Бу ҳолат мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларидаги мулоқот ва учрашувларда кузатиляпти.

Мен тиббиёт соҳасида ҳудудларда кўп йиллар фаолият юритган мутахассис, шу билан бирга, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитган депутат сифатида айтишим керакки, айрим ҳудудларда ҚВПлар ёппасига қисқартирилиши хато бўлган эди.

Мисол учун, ўтган йил давомида Тошкент вилояти туманлари чекка ҳудудларида 60 минг нафардан ортиқ, биргина Бўстонлиқ туманида 4400 нафар фуқаро узоқ масофалардан келиб, турли қийинчиликлар билан лаборатория таҳлиллари топширган.

Бориш қийин, транспорт масаласи жуда оғир қишлоқларда эмлаш ҳамшираси ва доя штат бирликлари йўқлиги натижасида бир ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёллар энг яқин даволаш профилактика муассасасига сарсон бўлиб боришига тўғри келмоқда. Масалан, Тошкент вилояти Оққўрғон туманида 200 нафарга яқин 1 ёшгача бўлган болалар эмлаш учун ўртача 10 км. узоқликдаги ДПМга олиб борилишига мажбур бўлмоқда.

Энг яқин даволаш профилактика муассасасигача узоқ масофа бўлганлиги сабабли аҳоли (беморлар) нинг қатнови камайиши ва қийинлашувига олиб келмоқда. Яъни, касалликнинг бошланғич даврларида мурожаат этувчилар озайиб, аксинча, соғлиқ ҳолати анча ёмонлашгандан кейингина мурожаат этувчилар кўпаймоқда. Бу эса тиббий хизмат сифатига, қишлоқ жойлардаги аҳолининг умумий саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатяпти.

Аксарият ҳудудларда шундай қишлоқлар борки, барқарор жамоат транспорт қатнови мавжуд эмас. Совуқ, ёғин-сочинли кунларда ҳар қандай транспорт қатнови умуман имконсиз бўлган ҳудудлар ҳам йўқ эмас.

Бу ҳолат тиббиёт ходимларини ҳам жуда катта қийинчиликларга дучор қилди. Лаборатория таҳлиллари ўтказиш имконияти йўқлиги, патронаж хизмати радиусининг кенглиги, малумотнома, касаллик варақаси ва бошка зарурий ҳужжатларни тасдиклаш учун транспорт деярли йўқ шароитда камида 10 км. йўл босиляпти.

Ҳозир амалиётда соғлиқни сақлаш соҳасида муассаса ташкил этилиши, ходимлар (штатлар) ажратилиши асосан, аҳоли сонига боғлиқ бўлиб қоляпти. Ўзбекистонда ҳудудлар хусусияти ҳар хил, географик жойлашув, инфратузилма, керак бўлса, одамлар, ҳаёт ҳар хил. Ёндашув ҳам шунга мос бўлиши керак.

Олис, чекка қишлоқларда тиббий хизматни ташкил қилиш қийин, буни тушуниш мумкин. Бюджет имкониятлари ҳам чекланган, бу ҳам тушунарли. Лекин биз чекка қишлоқлардаги тиббий хизмат муаммоси ҳақида гапирарканмиз, фақатгина бирламчи тиббий ёрдамни чидаса бўладиган даражада йўлга қўйишни назарда тутяпмиз. Шароити қийин жойда яшаётгани учун опа-сингилларимиз айбдор эмаску, тўғрими?..

Қишлоқ жойда яшаш инсонни ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин эмас. Давлат уларнинг олдидаги мажбуриятини қийин бўлса-да, қимматроқ бўлса-да, бажариши зарур. Айниқса, устувор ҳуқуқ ҳисобланадиган тиббий хизматдан фойдаланиш учун ҳеч бўлмаганда минимал шароит яратилиши керак.

Муаммонинг ечимини қандай топиш мумкин?

Менинг таклифларим:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудлардаги ҳолатни ҳар томонлама чуқур таҳлил этган ҳолда, ҚВП ва ҚОП ташкил қилиш бўйича меъёрларни қайта кўриб чиқиши керак.

2. Аҳолига бирламчи малакали тиббий ёрдамни ташкил қилиш мақсадида аввал тугатилган ҚВПлар ўрнида давлат тиббий муассасасини қайта ташкил этиш лозим.

Акс ҳолда, соғлиқни сақлаш тизимида қишлоқ ва шаҳар аҳолисига умуман ножоиз бўлган икки хил муносабатдан қутула олмаймиз. Қишлоқ жойларда аҳоли саломатлиги, тиббий маданияти билан боғлиқ муаммолар камаймайди. Энг асосийси, бугунги ислоҳотларнинг одамларни рози қилиш деб белгиланган эзгу мақсадига эришишимиз қийин бўлади.

 

Қизилгул Қосимова,

Халқ демократик партиясининг

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

www.daryo.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш