ННТ ва давлат бошқаруви органлари бир бўлса...

 

Президентимиз парламентга Мурожаатномасида бошқа кўплаб долзарб масалалар қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиши кераклиги хусусида гапира туриб, улар ҳам шу юрт, шу Ватаннинг, азиз фарзандларимизнинг ҳозирги куни ва келажагига дахлдор эканлигига алоҳида эътибор қаратди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиш орқали ислоҳотларнинг янада жадаллашувига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшадилар.

Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг биринчи йиғилиши шу долзарб масалага бағишланди. 

Мен йиғилишда комиссия аъзоси сифатида қатнашдим. Унда кўрилган масалалар бир-бирдан муҳим бўлгани боис барчаси ҳақида мухтасар бўлса-да, тўхталмоқчиман. Хусусан, 2020 йил учун давлат субсидияси ҳамда гранти шаклидаги маблағларни тақсимлаш масаласи кўрилди. Шу билан бирга, жорий йил учун давлат органлари буюртманомаларини кўриб чиқиш, давлат ижтимоий буютмаларини тақдим этиш учун танлов эълон қилиш, давлат гранти 1- ва 2- танловларини эълон қилиш масалалари кун тартибидан ўрин олди.

Ушбу танловлар коронавирус пандемияси бутун дунёда глобал муаммо бўлиб турган ҳозирги шароитда жудаям муҳим. Гап шундаки, бу хатарнинг олдини олиш борасида самарали фаолият кўрсатаётган ва пандемия пайтида янги иш ўрни яратаётган соҳалар вакиллари лойиҳалари алоҳида инобатга олинади.

Ўзимнинг фаолиятимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, 2015-2019 йилларда нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари сифатида 3 марта грант лойиҳаси ғолиби бўлганман. Улар доирасида аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларда бизнес юритиш учун зарур кўникмаларини шакллантириш ва бошқа йўналишларда амалий ишлар олиб борилди.

Эндиликда Парламент комиссияси таркибида фаолият юритмоқдаман. Албатта, бу катта масъулиятдир. Ҳозирдан ўзимга бириктирилган ҳудуддаги ННТлар билан доимий семинарлар ўтиш, танловлар ҳақидаги ахборотларни уларга вақтида етказиш, лойиҳаларни тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар ташкил этишни кўнглимга тугдим.

Зотан, бу вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши мамлакатимизда фаолият юритаётган 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг долзарб муаммоларини ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиради, маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро органлари билан ННТнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлайди.

 

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш