ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ЭСКИРГАН ЭДИМИ?

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги, яхлит, одамлар ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинмоқда. Шулардан бири «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасидир.

Сўнгги йилларда таълимнинг нодавлат шакли ривожланиш йўлига кирди. Мактабгача таълим тизими бўйича алоҳида вазирлик ташкил этилди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасалари барпо этилиши бўйича кенг имкониятлар яратилди. Мактабгача таълим муассасаларида 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун таълимнинг мажбурий этиб белгиланиши, 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълимнинг жорий этилиши ва улар битирувчиларга мураккаб бўлмаган касблар ўқитилиши қонунни янги таҳрирда қабул қилишга эҳтиёж юзага келганини билдиради. Шунингдек, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларида таълим бериш муддати ва мазмунининг ўзгариши, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик шахсларга барча таълим турлари бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши ҳам қонун лойиҳасини яратишга асос бўлди.

Педагоглар, таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилиб, масъулияти кучайтирилиши, рағбатлантирилиши ишга бўлган муносабатни янада оширди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахсларга таълим хизматини кўрсатишга рухсат берилгани, ривожланган хорижий давлатларнинг таълим соҳасидаги илғор тажрибалари юртимизда жорий этилаётгани ва бир қатор халқаро конвенциялар ратификация қилингани ҳам «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририга заруратни кучайтирди.

Давлат раҳбарининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги вазифалардан кейин янги таклифлар ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси бугунги кунда сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, қолаверса, кенг жамоатчилик билан бирга муҳокама қилиниб, парламентга киритилди. Айни кунларда палатанинг муҳокамасига, биринчи ўқишга тайёрланмоқда.

Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси 12 боб, 70 дан ортиқ моддадан иборат бўляпти (амалдаги қонун 5 боб, 34 моддадан иборат). Моддалар сони аниқ келтирилмаганига сабаб, ҳали муҳокама жараёни давом этмоқда: янги меъёрлар қўшилиши, айримлари олиб ташланиши мумкин. Албатта, энг муҳими бу эмас, асосийси, таълим тизимига қандай янги меъёрлар киритилаётганидир.

Қонун лойиҳасига асосий янги йўналишлар киритилмоқда. Хусусан, катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш, давлат-хусусий шерикчилиги, таълим соҳасига инвестицияларни киритиш, таълим муассасаларининг ўзини ўзи баҳолаши, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият каби муҳим масалалар қамраб олинмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида педагог кадрларнинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этилиши тақиқланиши, бу масалада таълим муассасалари раҳбарлари жавобгар бўлиши белгиланмоқда. Таълим соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасалари фаолияти эркинлиги кенгайтирилиши таклиф этилмоқда.

Фракциямиз йиғилишида мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича қатор саволлар бўлди. Шулардан айримларини мулоҳаза учун айтмоқчиман. Жумладан, «Қонун кимга хизмат қилади, таълим жараёни субъекти ўқитувчигами ёки таълим тизимини бошқарувчи давлат органларигами?», «Ўқувчиларни мактабга қабул қилиш ёшининг қатъий белгиланишининг сабаблари нимада?», «Синфлардаги ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги қандай асосга кўра белгиланмоқда?», «3 ёшгача бўлган болаларнинг тарбияси билан боғлиқ масалалар қандай ҳужжат билан тартибга солинади?» каби саволлар берилди. Чиндан ҳам, бир синфда 40 нафардан зиёд ўқувчи ўтирадиган мактаблар ҳам борку. Ўқувчиларнинг оптимал сонини ким белгилайди? Ана шу саволлар фракциямизда кенг муҳокама этилди, таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Буларнинг ҳаммаси қонун лойиҳасини такомиллаштиришда долзарб аҳамият касб этади.

Яна бир муҳим масала. Йиллар давомида мактабдан ташқари таълимга турли ташкилотлар қўшиб келинди. Ҳаттоки, турли тўгаракларни ўз ичига жамлаган ташкилотларнинг ичидаги мусиқа мактаби, санъат мактаблари, спорт мактабларини ҳам мактабдан ташқари таълим, дедик. Лекин улар мактабку, қўшимча таълим беряпти. Шунинг учун лойиҳага қатор янги меъёрлар киритилиши мумкин. Мисол учун, қўшимча таълим тури ҳақида.

Партиямиз Сайловолди дастурида инклюзив таълимни ривожлантириш масалалари киритилган эди. Айрим учрашувларда ЎзХДП бу масалани кирита олмаяпти, нега унда Сайловолди дастурида турибди, деган саволлар бизни қийнаб келаётганди. Янги лойиҳага инклюзив таълим тушунчаси киритилмоқда, бу ҳар бир боланинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга, ҳар қандай камситишнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу эса Сайловолди дастуримиздаги яна бир муҳим масаланинг ижобий ҳал этилишига хизмат қилади.

Янги лойиҳада амалдаги қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоидаларни киритиш таклиф этилмоқда. Масалан, «катта ёшдагилар таълими». Бунда катта ёшдагилар учун умри давомида билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаб бориш имкониятлари яратилиши кўзда тутиляпти. «Махсус таълим», яъни ҳозирги махсус ихтисослаштирилган таълим эмас, балки мудофаа, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишида махсус мутахассисларни тайёрлаш таълими, деб белгиланмоқда. Давлат-хусусий шериклигининг янги механизмлари, яна бир қанча моддалари амалиёт ва бугунги давр талабидан келиб чиқиб киритилмоқда.

Президентимиз «жамиятимизда ўқитувчиларнинг шаъни ва ҳурматини бошимизга кўтарадиган, уларни том маънода келажак бунёдкорлари, деб улуғлайдиган муҳитни яратишимиз зарур», деб таъкидлади. Ана шу муҳитнинг яратилишини қонунда белгилаб бериш вазифамиздир.

«Таълим тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши тизимдаги муаммолар бартараф этилишида катта аҳамиятга эга бўлишига ишонамиз. Асосийси, таълим сифати яхшиланади, ўқитувчи, муаллим меҳнати улуғланади.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

← Рўйхатга қайтиш