Аброр ҚУРБОНОВ, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари:
— Мамлакатимиздаги беш партиянинг фаолиятида ҳам жонланиш кўзга ташланмоқда. Бунинг сабаби оддий. Аҳолининг сиёсий партияга, депутатга талаби ошмоқда. Бугун кечаги гаплар, усуллар билан ишонч қозониш қийин.
Эндиги масала эса сайловларга пухта, ноодатий тарзда тайёргарлик кўришдан иборат. Мамлакатимиз ҳаётидаги бундай муҳим воқеа халқимиз билан биргаликда сиёсий партиялар учун ҳам катта сиёсий мактаб бўлиши тайин. Ўзбекистон ХДП ҳам буни яхши англаб, Сайловолди платформасини бугунги кун шиддати, сайловчилар эҳтиёжи, аҳоли муаммоларини ҳисобга олган ҳолда янгиламоқда.
Сайловолди ташвиқоти сайлов кампаниясида муҳим аҳамият касб этади. Депутатликка номзодларнинг шахси, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён қилишга, номзодлар дастурларининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништиришга, номзод учун овоз беришга даъват этишга қаратилган муҳим босқич ҳисобланади.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг тадқиқотларига кўра, сайловчиларнинг 37,1 фоизи қайси партияга овоз бериши борасида бир қарорга келмаганини билдирди. Биз мана шу қисмни ўзимизнинг Сайловолди дастуримизга, ғояларимизга ишонтиришимиз лозим.
Бир масалага эътиборингизни қаратсам. Бугунги кунда сиёсий партиялар ўз фаолиятини олиб борар экан, бир хилликдан мутлақо воз кечиши керак бўлади. Акс ҳолда сайловчиларда қайси партия бўлса ҳам бари бир хил, деган кайфиятни уйғотади. Қуруқ тадбирбозлик ўрнига хориж тажрибаларини ўрганган ҳолда PR технологиялардан самарали фойдаланиш лозим.
Тўғри, Ўзбекистонда PR мутахассислар деярли йўқ, деб иддао қилишимиз мумкин. Бироқ аҳоли билан муносабатга киришишимизда бу сабаблар фаолиятимизга тўсиқ бўлади, деб ўйламайман. PRнинг энг содда услубини танласак ҳам тутган йўлимиз ва ғоямизни аҳоли орасида тарғиб қилишда яхшигина самара беради. Масалан, партия лидерларини халққа танитиш борасида мулоҳаза юритсак. Шу кунгача партия лидерларини халқ фақатгина партия пленум ва йиғилишларида қилган маърузаларини кўрарди, холос. Бу йўналишда партия лидерларини халққа танитиш учун турли мурожаатлар билан чиқишларини ташкил қилиш, халқ орасига кириб, улар билан суҳбатларини уюштириш, турли кўнгилочар тадбирларни ўтказиш, умуман олганда, партия етакчисининг имижини кўтариш билан боғлиқ фаолиятни тубдан ўзгартириш зарур. Буларнинг барчаси PR технологияларининг энг содда кўринишларидир.
Тарғиботни кутилмаган йўналишда олиб бориш, жонли тарзда мулоқот қилиш ҳам бизни мақсадимизга етишишда бир омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Реклама воситаларини аҳоли гавжум ерларда ўрнатиш, таниқли инсонларни бунга жалб этиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Яна бир муҳим жиҳатни эсдан чиқармаслик лозим. Хоҳлаймизми, йўқми, жойларда чиройли тадбирлар ўтказганимиз билан электорат муаммоси ҳал бўлиб қолмайди. Буни очиқ тан олишимиз керак. Юзлаб кишиларни йиғиб, маъруза қилгандан кўра, икки одамнинг оғирини енгил қилиш натижасида кўпроқ инсонларни ўзимизга эргаштира оламиз. Бугун сиёсий партия вакиллари, жумладан, депутатлар ўзининг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги, масъулияти билангина халқ ишончини қозониши мумкин.
Иқтидорли, ижодкор одамларни партия сафига олиш, уларнинг тажрибалари ва ҳеч кимникига ўхшамаган ғояларидан самарали фойдаланиш лозим. Агар буни ўзингиз қила оламан, деб ишонсангиз ҳам сайловолди кампаниясини ташкиллаштиришда ёрдам бериш учун дўстлар, кўнгиллилар, ҳатто ходимларни бир жойга жамлаш учун яхши сабаблар бор. Бизга уларнинг тажрибалари ва билимлари керак бўлади. Шундагина сайловчилар қандай қилиб бир жамоа бўлиб ишлай олишимизни кўришади.
Сайловолди тарғиботида дунёдаги кўзга кўринган партиялар «кўча кампанияси» услубидан фойдаланишади. Бу ўзининг натижасини берганига ҳам кўпчилик гувоҳ бўлган. Бунда номзод кўчага чиқиб, одамлар билан уларнинг муаммолари ҳақида суҳбатлашади. Жонли нутқ сўзлайди, инсонларнинг муаммоларини тинглаб, саволларига жавоб беради. Ҳатто сайловчиларнинг уйларига бориш ҳам ортиқчалик қилмайди. Табиийки, номзодда бунга имкон бўлмаслиги мумкин. Мазкур вазиятда реклама дастгоҳларини эшик тутгичлари орқали тарқатадиган ва сиз ҳақингизда маълумот берадиган, одамларнинг олдига борадиган мутахассислар хизматига мурожаат қилиш шарт. Шунингдек, диққат марказида бўлиш учун тадбирларда, хайрия фондларида ва спорт тадбирларида иштирок этиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Биз «тескари эҳром» шаклида ишлашга ўрганиб қолганмиз. Асосий, кўзга кўринадиган ишлар, катта лойиҳалар кўпинча юқори бўғинларимизда амалга ошириляпти. Қуйи бўғинларга тушиб борганда, бир нарсага гувоҳ бўлдикки, маҳаллий даражада, яъни бошланғич партия ташкилотларида ишни ташкил қилиш ҳали тўлиқ шаклланмаган. Улар ғояларимиз атрофида бирлашмаган.
Туманлар миқёсида ҳам 2-3 киши ишлайди. Биз партия деганда унинг бошқаруви ёки марказий аппаратини тушунмаслигимиз керак. Партиянинг асоси, пойдевори бошланғич ташкилотлар, оддий аъзолар эканини эсдан чиқарган кунимиз нотўғри йўлдан кетган бўламиз. Қачонки, бошланғич партия ташкилотлари уюшиб, дахлдорлик туйғуси билан ишласа, шундагина партиямизнинг кучи, қудрати ошади.
Ўйлаймизки, ҳар бир партия аъзоси синовли жараёнга дахлдорлик ҳисси билан кириб бормоқда. Шу кунга қадар амалга оширилган ҳаракатлар самараси, изланишлар, янгиликларни жорий этиш сайловлар натижасида билинади. Демак, ҳеч бир партия ходимининг тинч ухлашга, бемалолликка берилишга ҳаққи йўқ. Барчамиз елкама-елка туриб, аҳил жамоа бўлиб ишласак, сайловда муваффақият биз томонда бўлишига ишонаман.