Тошкент вилоят кенгаши раиси сайланди

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда партия ташкилоти ва депутатлик бирлашмаларининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди.

Ҳудудда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳаллий ҳокимлик идоралари фаолияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мурожаатларни ҳал этиш борасидаги кўрсаткичларни яхшилаш кераклиги ҳақида фаоллар ва депутатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Пленумда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Умаралиев Акмалжон Акбаралиевич Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши раиси вазифасига сайланди.

Акмалжон Умаралиев 1974 йилда Оҳангарон туманида туғилган. Тошкент давлат техника университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

Турли йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Истиқбол” ёшлар қаноти етакчиси, Республика Маънавият тарғибот маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари вазифаларида самарали меҳнат қилган.

А.Умаралиев 2015-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси бўлган.

2020 йилдан Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасини бажарган.

Пленумда Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов иштирок этиб, вилоят партия ташкилоти ва депутатлик бирлашмаларининг долзарб вазифалари ҳақида сўз юритди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Пленум
← Рўйхатга қайтиш