Халқ дардини эшитмаган депутатни халқ ҳам танимайди

 

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова билан мустақиллигимизнинг 30 йиллик юбилейига тайёргарлик ҳамда депутатлар масъулияти хусусида суҳбатлашдик.  

– Мавжуда опа, асли касбингиз бошланғич синф ўқитувчиси. Олий Мажлисга депутат  бўлишингизга нима туртки бўлган?

– Ҳар бир инсон ўз олдига қандайдир мақсад, вазифаларни қўяди. Мен ҳам ёшлигимдан олдимга катта-катта орзуларни қўярдим. Ота-онам ёшлигимда бировнинг ҳаққига кўз олайтирмаслик, одамларнинг тақдирига бефарқ бўлмасликни кўп бора уқтиришган. Депутатлик фаолиятини бошлашдан олдин  бошланғич синфларга дарс берардим. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари сифатида фаолият юритдим. Ундан кейин директор вазифасида, хуллас поғонама поғона ўсиш бошланди. Оддий ўқитувчи бўлиб юрган пайтларим ҳам сиёсий жараёнларга қизиқардим. Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосари лавозимида ишлаш давомида ўн йилга яқин туман кенгаши депутати сифатида ўзимнинг лаёқатимни намоён қилдим. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси сифатида тўрт йил фаолият олиб бордим. Бугун халқнинг ишончи, эътирофи орқали ушбу даргоҳда меҳнат қиляпман.

– Юртимизда 7 мингга яқин депутат фаолият олиб боради. Лекин халқимизнинг аксарияти детутатларини танимайди. Бунга сабаб нима, деб ўйлайсиз?

–Маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларни халқ танимаслиги кечириб бўлмайдиган холат. Шоли курмаксиз бўлмагани каби депутатларимиз орасида ҳам бугун сайланиб олиб фақат сессияларда иштирок этишни ўзининг вазифаси деб биладиганлар бор. Лекин вақт -соати келадики, бундай депутатларни халқ сайламайди. Халқнинг олдига бориб, унинг муаммосини тингламайдиган, сайёр қабуллар ўтказмайдиган, маҳаллабай тизимда ишламайдиган депутатни халқ қандай танисин? Одамлар ўзи билган, таниган, ишонган номзодга овоз беради. Аслида туман Кенгаши депутатлари маҳаллабай  ишласа, хонадонларда юриб одамлар билан суҳбатлашса, сайёр қабуллар ўтказса туман миқёсида ҳал бўладиган муаммолар Олий Мажлисгача етиб келмайди.  Шахсий манфаатидан халқ манфаатини устун қўйган депутатгина бугун халқнинг қалбидан жой олади, ҳурматини қозонади.

– Сизни ушбу остонага етаклаб келган соҳа ўқитувчилик. Айтинг-чи, бугунги кунда ўқитувчиларни қийнаётган энг катта муаммолар нимада?

– Ўқитувчилик, айниқса, қишлоқ жойларида ҳамма орзу қиладиган, ёшлар  андоза ва ибрат оладиган касб. Афсуски, бугун ўқитувчининг қадр-қимматини оёқ ости қилаётган ота-оналарни ҳам кўряпмиз. Шу боис, ўқитувчилар ўз обрўларини сақлаб қолиши учун ўз устларида янаям кўпроқ ишлаши, изланиши керак.  

Ҳозирги кунда фан-таълим қўмитаси томонидан ўқитувчилик мақоми тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишини такомиллаштириш борасида таклифлар олиняпди. Ўйлайманки, бу таклифлар қонунан кучга  кирса, ўқитувчига бўлган эътибор янада кучаяди.  

– Юртимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида турибмиз. Ўзбекистонимизнинг кечаги ва бугунги қиёфасини қандай таққослайсиз?

– Юртимиздаги бугунги ўзгаришлар замирида давлатимиз раҳбари олиб бораётган одилона сиёсатнинг самараси турибди. Масалан, ҳокимлар илгари ҳафтасига бир кунни қабул куни деб эълон қиларди-да икки соатгина одамларни қабул қилиб номигагина суҳбат ўтказишарди.

Давлат идоралари эшиги олдида халқимиз ҳафталаб, ойлаб сарғайиб ўтирарди. “Халқ қабулхоналари”нинг ташкил қилиниши ёки  ҳужжатлар бўйича  оптималлашишни олайлик. Мисол учун, бир ишингизни бажариш учун ўнга яқин ташкилотга кириб чиқишингиз керак эди. Бу нарсаларга чек қўйилди. Ягона дарчага бориб ҳужжат топширасиз, сизга жавоби келади. Бу ҳам халқимизга енгиллик яратди. Ёки қариялар  нафақа олиш учун соатлаб маҳалла идорасида ўтиришар пул ярмига етса, ярмига етмай қоларди. Ўзим ўқитувчи бўлганман, маошимизни икки уч ойлаб кутиб  яна фоизга “ечдирар”, кимдир сизни меҳнатингиздан манфаатдор бўларди. Бу нарсаларга барҳам берилди. Тўғри ҳали зиммамизда бажаришимиз керак бўлган вазифалар жуда кўп. Аммо  бугунги ютуқларимизни ҳам эътироф этишимиз керак. Халқимиз бугун яхши турмуш шароитида яшаётганини ҳис қиляпди. Инсон учун энг қадрли туйғу ҳаётидан миннатдорлик.

 

Нигора Раҳмонова,

Ёқуб Мелибоев (видео),

ЎзА

 
 
 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш