Зуҳра опа ҳомийлардан мамнун

 

Боботоғ — Сурхондарё вилояти, Узун туманидан 100 километр олисликда жойлашган ҳудуд.

Боботоғдаги “Оқмачит” ҚФЙда яшовчи  61 яшар Зуҳра Гулованинг 5 нафар фарзанди бор. Болаларининг биттаси биринчи гуруҳ ногирони. Зуҳра опанинг турмуш ўртоғи оламдан ўтгач, рўзғор ташвиши-ю, ногирон боланинг парвариши ҳам  ўзининг зиммасида қолди.  Топган-тутгани дори-дармондан ортмайдиган она бир-икки сўм орттириб, тузукроқ бошпана ҳам қилолмади. Деворлари нураган, ёпилса очилмайдиган, эскирган эшик-ромли уйларда яшаш аёлни жуда ҳам ҳоритиб қўйди. Ёзда-ку бир амаллаш мумкиндир, аммо қиш-қировли кунларда эътиборга муҳтож болаларини қандай совуқдан асрашни билмасди.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати  Мавжуда Ҳасанованинг фуқаролар мурожаатлари бўйича ўтказган сайёр қабулига Узун тумани, “Оқ мачит” ҚФЙда яшовчи Зуҳра Гулова томонидан келиб тушган мурожаат юзасидан аёлнинг яшаш шароити ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам бу аёл ёрдамга муҳтож эканлиги аниқланди. Сурхондарё вилояти "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳамда хусусий тадбиркорлар кўмагида Зуҳра опа ва унинг фарзандларига уч хонали замонавий, шинам уй-жой қуриб берилди. Жорий йилнинг март ойида янги уйга кўчиб ўтган Зуҳра опага ҳомийлар уй тўйини ҳам ўтказиб беришди.  

— Зуҳра Гуловаларнинг оиласи ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож эди, —дейди  “Оқмачит” МФЙ раиси Тожиддин Ғуломов. —Туман маркази бизга 100 км узоқликда бўлгани боис, у ердан қурилиш молларини олиб келиб, уй-жой қуриш қимматга тушади. Шу боис одамлар пахса-лойдан уй қуриб олиб яшайверишади. Зуҳра опага ҳомийлар  пишиқ ғиштдан уч хонали уй қуриб беришди. Қишлоғимиз бойларида ҳам бунақанги чиройли уй йўқ, —дейди мамнунлигини яширолмаган  оқсоқол.

Оқсоқолдан тоза ичимлик суви ҳамда электр энергияси ҳақида сўраганимизда:

— Президентимизнинг “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти, Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг бажарилиши юзасидан самарали ишлар олиб борилмоқда. Электр энергиясидан муаммоимиз йўқ. Бизни худудимизда чироқ 24 соат ёнади. Алоқа тизими ҳам жуда яхши. Тоза ичимлик суви муаммосиниям ҳал қилгандик, аммо барибир "ўхшамади", икки ойдан буён яна дарёдан сув ичяпмиз.  Насиб қилса, буниям ҳал қиламиз.

Хушхабар тафсилотларини бошқалардан эшитиш бир карра ёқимли бўлса,  қаҳрамоннинг ўзидан  эшитиш икки карра. Шу боис Зуҳра опа билан боғланиб, янгиликлар ҳақида унинг ўзидан эшитдик.

— Оқсоқол айтганидек уйимиз қишлоқдаги энг кўркам ҳовлига айланди, —дейди Зуҳра Гулова. —Уч хонали, олдида айвони ҳам бор шинамгина уй. Бир умр пахсали ҳовлида яшаб келганман. "Akfa" ойнали уйларда яшаш хаёлимга ҳам келмаганди. Битта хонасини ногирон ўғлим Тоҳиржонга ажратиб бердим. Ўғлим биринчи гуруҳ ногирони, бир жойда ётса-да, аммо чиройли, кўркам уйга кўчиб ўтган кунимиз роса чапак чалиб хурсанд бўлди.  

Бизнинг яхши яшашимиз учун мана шундай имкониятлар яратиб бераётган барча савобталаб инсонларга боботоғликлар ҳамда фарзандларим номидан ташаккур айтаман.

 

Нигора Раҳмонова,

ЎзА

 

 
 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш