Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан 2021 йилда партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, кам таъминланган, пенсионер ва ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ижтимоий соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда бошқа тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида 2021 йилга мўлжалланган «Чора-тадбирлар режаси» ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
I. Қонун ижодкорлиги
Ҳисобот даврида фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 1 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.
Шунингдек, фракция аъзолари 3 та қонун лойиҳасига ҳам ташаббускор бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ифода этишга, жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларга ечим топишга, шунингдек, сайловчиларнинг таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларига алоҳида эътибор берилди.
Ўтган даврда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга муҳим қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш мақсадида “марказ – вилоят – туман” тизими жорий этилди. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тайёрланаётган қонун лойиҳаларини 1-ўқишдан сўнг партия қуйи бўғинларида, яъни вилоят, туман, шаҳар кенгашларида, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида кенг муҳокама қилиш, таништириш, қонун лойиҳасига асосли, аниқ хулоса ва таклифларни олиш йўлга қўйилган.
Жумладан, фракция партия билан ҳамкорликда 60 та қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамасини ташкил этиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган 200 га яқин таклиф қонунларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.
II. Парламент назорати
Ҳисобот даврида фракция томонидан долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиш бўйича ташаббус билан чиқиш, шунингдек, улар фаолияти устидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Шунга кўра, ўтган даврда фракция ташаббуси асосида қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган 2 та «парламент эшитуви» ҳамда 3 та «ҳукумат соати» ўтказилди.
Шунингдек, фракция таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш, депутатларнинг аҳоли билан ўтказаётган мулоқот ва учрашувлари давомида кўтарилган масалалар бўйича тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 2 та парламент сўрови юборилди.
Кўриб чиқилаётган даврда фракция аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилиб, жойлардаги назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганишлар давомида аниқланган долзарб масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига жами 97 та депутатлик сўрови юборилди.
Ҳисобот даврида жойлардаги тизимли муаммолар, қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати юзасидан тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари фракция мажлисларида доимий тарзда эшитиб борилди. Ўтган йил давомида бу каби фракция мажлислари сони 25 тани ташкил этди.
III. Халқ билан мулоқот
Ҳисобот даврида фракциянинг жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўриш, мурожаатлар билан ишлаш ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда одамларнинг таклифларини кўриб чиқиш ва инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган даврда фракция аъзолари томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда 48 маротаба назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, уларда жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қонун лойиҳаларининг ижро этилиш ҳолати, жойлардаги мавжуд тизимли муаммолар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги атрофлича ўрганиб борилди.
Мазкур ўрганишлар давомида 1200 маротаба фуқаролар билан тўғридан-тўғри учрашув ўтказилиб, уларда 21 000 нафар аҳоли қамраб олинди, 650 та хонадонга ташриф буюрилди ҳамда 330 та тадбиркорлик субъекти раҳбар ва фаоллари билан ўзаро мулоқот ўтказилди.
Натижада фракция аъзолари ташаббуси билан сайлов округларидаги учрашувлар ҳамда ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, одамларни безовта қилаётган долзарб муаммолар ечимига қаратилган (5 та) қонун лойиҳаларига ташаббус билан чиқилди.
Шунингдек, ўтган вақтда давомида фракция аъзолари номига фуқаролардан жами 2844 та, шу жумладан 925 та ёзма, 1157 та электрон, 762 та оғзаки шаклдаги мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 1425 тасига ижобий ечим топилди ҳамда 1265 та мурожаат кўриб чиқиш учун тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилот ва идораларга юборилди.
IV. Фракция ва сиёсий партия ҳамкорлиги
Ўтган вақт давомида фракциянинг партия билан ўзаро алоқалари мутлақо янгича кўринишда йўлга қўйилиб, улар томонидан жойлардаги муаммо ва камчиликларни ҳал этишда натижадорликка эришиш, шу жумладан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар муаммоларига самарали ечим топишга қаратилган «Депутат маҳаллада», «Меҳр улашинг», «Эътиборимиз марказидаги ҳудуд», «Аёлларга кўмак», «Ёшларга кўмак» лойиҳалари амалга оширилди.
Шу кунга қадар ушбу лойиҳалар доирасида фракция аъзолари ҳамда партия ходимлари жойларда ташкил қилинган кичик ишчи гуруҳлар билан биргаликда 45 та ҳудудда ўрганишлар ва амалий ишлар олиб боришди.
450 минг нафардан зиёд сайловчи, шу жумладан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳоли вакиллари ҳамда тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилди.
V. Фракция фаолиятининг ОАВда ёритилиши
Фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ҳудудларда ўтказилган сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари жараёнлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилди.
Хусусан, ўтган давр мобайнида фракция фаолияти ҳақида ОАВда жами 6 018, хусусан, телевидениеда 368, радиода 115, матбуотда 451, интернет сайтларида 1523, ижтимоий тармоқларда эса 3561 марта чиқиш қилинди.
Таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида фракция аъзолари «Facebook» ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифалари орқали сайловчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган ҳолда, Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида уларни мунтазам хабардор қилиб борди.
Бу эса халқ вакилларининг қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни кўриб чиқиш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекистон овози”, 19.01.2022, №3