Боланинг бир табассуми

 

Фарзандимиз бир кеча оғриб, йиғлаб чиқса қанчалик хавотирга тушамиз, бирга йиғлаймиз, шифохонага чопамиз. Энди тасаввур қилинг, ҳар куни, туни шундай ўтаётган оналар бор. Болаларимиз 3 кун, бир ҳафтада тузалади, шифо топади. Аммо бутун умр ногиронлиги бор фарзандига парвона бўлиб ўтаётган ота-оналар қанча?! Ҳам ногирон боласини парваришлаб, ҳам рўзғорга қараб, бошқа болаларига ҳам куч топадиган оналар, оталар ҳаёти ҳаммамизга ўрнак бўлиши керак, аслида.

Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтириш тўғрисида»ги фармони билан апрель ойидан бошлаб, доимий парваришга муҳтож ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи ана шундай шахсларга нафақа жорий этилмоқда. Мазкур нафақани жорий этишдан асосий мақсад доимий парваришга муҳтож ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оила аъзосини қўллаб-қувватлашдир.

Мазкур нафақа фармон билан тасдиқланган ўзгалар парваришига муҳтож 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатидан келиб чиқиб тайинланади. Натижада, дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, 30 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган болаларни парвариш қилувчи оналар учун давлат бюджетидан 2022 йилда қўшимча 157 млрд. сўм ажратилади.

 

Умида ҲОЖИМАТОВА,

Избоскан тумани, «Юқори» маҳалласидан:

– 9 йилдан бери уйда қизимнинг парвариши билан бандман. Унинг мияси жуда секин ривожланади. Юради, аммо яхши гапиролмайди. Ўнг оёқ, ўнг қўл ҳаракатлари ҳам суст. Сўзларни энди-энди ўрганяпти. Ихтисослаштирилган махсус мактабга ҳам бериб кўрдик. Аммо у ерда кўп юролмайди. Лекин у ердаги муҳитнинг фойдаси катта бўлди. Санашни ўрганди, талаффуз қиладиган сўзлари кўпайди. Бу ҳафтадан яна мактабга бора бошлади. Маҳалладаги соғлом болалар билан ўйнолмайди. Акасини жуда яхши кўради.

Катта ўғлим Беҳрузбек менга дастёр. Турмуш ўртоғимнинг даромадига тирикчилик ўтказамиз. Қизимнинг ногиронлик нафақасини дори-дармонлар, зарур тиббий муолажаларга ишлатамиз. Илгари мактабда ишлардим. Қизим туғилганидан сўнг унга, уйга ипсиз боғландим. Чунки болам менга муҳтож. Мустақил ҳеч нарса қилолмайди. Ҳар ким ҳаётда турли йўлларни босиб ўтади, гоҳ текис, гоҳ ўнқир-чўнқир. Буларни бошдан кечиришга иродамиз бор, шукримиз бор. Муҳими, фарзандларимнинг ҳаётда борлиги, ёнимиздалиги, оиламнинг тинчлиги, турмуш ўртоғимнинг бизга тиргак бўлаётгани. Қолганларига сабр қилиб яшаймиз.

Давлатимиз раҳбарининг фармони ҳақида эшитиб, хурсанд бўлдим. Мендек оналар учун нафақа жорий қилиниши бу, албатта, эътибор, қўллаб-қувватлаш намунаси. Бутун республикамизда биздек фарзандининг ҳар бир куни, ҳар дақиқасидан хавотир олиб яшайдиганлар қанча бўлса экан? Ўйлайманки, бугун уларнинг ҳар бири яхши янгиликдан мен каби мамнун.

 

Илвира ҚУТЛИМУРОДОВА,

Нукус шаҳридаги «Алланиёз қаҳрамон» маҳалласидан:

– Президент фармонига асосан нафақа жорий этилиши бизлар учун кутилмаган воқеа бўлди. Давлатимизда инсон манфаати ҳамма нарсадан устун, деган ғоя татбиқ этилиши ҳар бир фуқарога, шу жумладан, бизларга моддий ва маънавий куч бермоқда.

Икки нафар ўғлим бор. Биринчи фарзандим 2010 йил ногирон бўлиб туғилди. Унга болалар церебрал фалажи (БЦФ) – бош миянинг ҳомиладорлик ва туғуруқ вақтида жароҳатланиши ёки ривожланмай қолиши ҳисобига келиб чиқадиган жуда кўп касалликлар ташҳиси қўйилди. Ўғлимнинг тез-тез тутқаноғи тутиб қолиши боис ҳар доим ёнида бўлишга тўғри келади. Мунтазам даволатиб келамиз. Ўғлим мактаб ёшида бўлгани боис, ўқитувчилар уйга келиб дарс ўтишади. Ҳозир олдингига қараганда анча яхши.

Ҳеч кимнинг бошига тушмасин экан. Она учун ҳам осон эмас. Болалар боғчасида тарбиячи бўлиб 13 йил ишладим. Ўғлим туфайли бола парвариши билан уйга боғланиб қолдим. Бир зум ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Фармонни эшитиб, қувондим. Озгина йиғлаб ҳам олдим. Биз каби оналарга алоҳида эътибор қаратилаётгани, мушкулимизни, ташвишларимизни ҳис қилган ҳолда, давлатимизнинг кўмакка доим тайёрлиги кўнглимизни умидга тўлдиради, яшашга иштиёқимизни оширади.

 

Маҳбубахон Умрзоқова,

Ғаллорол тумани «Молтўпи» қишлоғидан:

– Ўғлим Отабек ҳозир 7 ёшда. Гапимга тушунади. Эндигина эмаклашни бошлади. Акаси 3-синфга боради. У менга ёрдамчи, укасига қарайди, бирга ўйнайди. Турмуш ўртоғим уйга 15-20 кунда келади. Чўпонлик қилади, узоқ жойларга боради. Икки фарзандим билан куним қандай ўтганини билмай қоламан. Кичигим туғилганда, умуман ухламасдим, тунни тонгга, тонгни тунга улаган вақтларим кўп бўлган. Ҳозир ҳам оғриб туради, лекин дарров ўтиб кетади, муҳими, азобли кунлар ортда қолди, аҳволи бироз яхшиланган.

Маҳалламиз, ҳукуматимиздан миннатдорман, бизни эътибордан қолдирмайди. Яқинда ўғлимга аравача беришди. Менга ҳарна ёрдам. Чунки уни кўтариш бироз қийинлашган. Маҳалладан озиқ-овқат, ёрдам пули ажратиб туришади. Мана, нафақа жорий этилибди. Энди ҳар ой қўшимча пулимиз бўлади. Ўғлимнинг дори-дармонларидан кўнглим хотиржам бўлади.

Ўтаётган кунимга шукр қиламан. Фарзандимни парваришлаш учун кучим, иродам етаётганига шукр қиламан. «Дада», «ая», «ака» сўзларини айтиб қолди. Ҳар куни нимадир ўрганишидан, ҳар бир ҳаракатидан қувонаман. Дардларимни, унинг ўйлаб сиқилишимни бугун ортга ташлаганман. Фарзанд доғидан, унинг ёмон йўлларда юриб, жиноят кўчасига кириб қолганидан куядиганлар бор. Менинг ўғлим эса ёнимда, унинг биргина табассуми, қувониб юриши ҳамма қийинчиликларимни унуттиради.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 23.02.2022, №8

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш