Бир маррани забт этиш ёки бирор чўққига чиқишни мақсад қилдингиз. Қачон, ким, қаерда қандай вазифани бажариши кераклиги аниқ белгиланган манзилга элтувчи харита бўлса, мақсад яқин, мушкул осон бўлади. Асосийси, режаларингиз кўнгилдагидек амалга ошади. Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берган келгуси беш йиллик стратегиясини ҳам шундай харитага қиёслаш мумкин. Яна бир бор ёдга олсак. Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад белгиланди. 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган 398 та чора-тадбир тасдиқланди. Бир қатор масалалар қай даражада самарали ҳал этилиши халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти, вакиллик ҳокимиятининг ўзгаришига ҳам боғлиқ. Қуйи бўғин ўзгаришларга тайёрми?
Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят партия кенгаши раиси Шерали Мамадецоевнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Муҳим қадам
— Халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қиладиган асосий бўғинга айлантириш. Тараққиёт стратегиясининг иккинчи мақсадида шундай белгилаб қўйилган. Муаммоларни ҳал қиладиган асосий бўғин, деганда катта мазмун қамраб олиняпти. Маҳаллий Кенгаш бундан кейин мажлис ва сессия ўтказса, ундан реал натижа бўлиши керак. Бунинг учун депутатларнинг ўзига, ҳокимиятга муносабат бутунлай ўзгариши керак. Бу ўзгариш уларнинг ҳокимият Кенгашдан алоҳида орган ва ҳисобдор эканини ҳис қилишдан бошланади. Бу осонлик билан бўладиган жараён эмас. Ҳокимларнинг Кенгаш раиси бўлиши бунга қайсидир маънода тўсқинлик қилади.
Президентимизнинг сиёсий иродаси билан вилоятимизда яхши ташаббус бошланди. Яъни, Боёвут тумани ҳокими энди Кенгаш раиси эмас. Биринчи қадам қўйилди. Бу ҳам бир ютуқ. Ҳоким партиямиз аъзоси эди. Бундан буён бюджет масалаларини ҳал қилишда ва ҳар қандай масалага ечим топишда депутатларнинг ўрни ҳамда мавқеи ошади.
Депутат халқ вакили. Унинг номидан гапирадиган, таклиф айтадиган, фикр билдирадиган шахс. Депутат айтган гаплар, қўйган талаблар аҳоли манфаатларига, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, тараққиётга хизмат қилиши лозим. Бироқ бу тизим бугун қониқарли ишлаяпти, деб бўлмайди. Амалда ҳамма депутат ҳам халқ вакили бўла олмаяпти.
Депутатнинг демократик билими ва савиясини оширмай туриб, кўзланган мақсадга эришиш қийин. Билими йўқ инсон кимгадир ёрдам қилиш, бирор тўғри фикр ва таклиф айтиш имконига эга бўлмайди. Буни турли семинарларда, тадбирларда кўряпмиз. Масалан, «Депутат — маҳаллада» лойиҳаси доирасида ҳар ҳафта иккитадан маҳаллада бўляпмиз. Одамлар билан учрашяпмиз. Тўғриси, айрим депутатларнинг дунёқарашини кўриб, ҳайрон ҳам қоляпмиз.
Асосий масалага эътибор қилмайди-да, майда саволлар билан ўралашиб қолади. Кўча нима бўлади, газ ёки свет билан боғлиқ мурожаатлардан у ёғига ўтолмайди. Ваҳоланки, ҳудудни ривожлантириш учун қандай мақсадлар қўйилган, туман миқёсида нима ишлар амалга оширилаётгани хаёлига келмайди. Тўғри, дунёқараши кенг, оқ-қорани таниган, ҳаёт тажрибасига эга зиёли кишилар юки бор саволларни ҳам ўртага ташлайди. Бироқ ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ёки халқаро миқёсдаги ўзгаришлар, тинчлик ҳамда тараққиётга хизмат қилувчи масалалар негадир кейинги даражаларга тушиб қолгандек.
Ҳар бир депутат ўз савияси, билими нуқтаи назаридан келиб чиқиб масала кўтаради, саволларга ҳам шунга кўра жавоб беради. Юртдошларимиз орасида эса кўпни кўрган кишилар кўпчиликни ташкил этади. Халқ вакили уларга мос бўлиш учун аҳолини қизиқтираётган саволларга жавоб бера олиши лозим. Менимча, депутатлар орасида турли дебатлар, мунозаралар ташкил этишни мунтазам йўлга қўйишимиз зарур. Уларнинг савиясини ошириб бориш аҳоли орасида ҳурмати кўтарилишига ҳисса қўшади. Депутат билим ва тажрибали, ташаббускор бўлмаса, уларга нисбатан ижро ҳокимияти вакиллари, идора-ташкилотларнинг ҳам муносабати ўзгармайди.
Тўғри, тажрибали, дунёқараши кенг депутатлар ҳам оз эмас. Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, 30-40 фоиз депутат зиёли, билим ва тажрибага эга кишиларни ташкил этади, деб ўйлайман. Қолганлари ўртамиёна. Сиёсий дебатлар, давлат аҳамиятига молик масалаларда фикр билдиришга бироз ожизлик қилади. Айримлари ҳаттоки билганини ҳам айтиб, ифодалаб бера олмаслиги мумкин. Шу сабабли улардаги нутқ маданияти, фикрни ифодалаш кўникмаларини ошириш талаб этилади.
Ҳақиқат шундаки, ҳар бир депутат вазифаси, ваколатлари нималардан иборат экани ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлиши лозим. Бу кўпнинг вакили учун муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Депутатнинг депутатдан фарқи
— Маҳаллий Кенгаш депутатларидан тегишли йиғилишларда жойлардаги масалалар сўралади. Бирор-бир муаммо ечими бўйича таклифлар биридириш керак бўлади. Аммо аксарияти қўл кўтаришдан, тасдиқлашдан нарига ўтмайди. Доимий комиссияга масала киритиб, жавобини назорат қилиш керак. Афсуски, комиссиялар бирор-бир масаланинг ҳисоботини қилиб, охирига етказганининг гувоҳи бўлдик, дейиш қийин. Ваҳоланки, регламент бўйича доимий комиссияларда жуда катта ваколат бор.
Депутатлик гуруҳларини олайлик. Ўзимизга танқидий кўз билан қарасак, фаолиятимизни умуман қониқарли, деб бўлмайди. Депутатлик гуруҳлари тўғрисида тушунча ҳам нотўғри шакллангандек. Масала жиддий ва асосли қўйилмагани учун ҳокимликлар ҳам депутатларни жиддий қабул қилмайди, назаримда. Депутатлик гуруҳидан бирор масала юзасидан хат юборилса, бошқача назар билан қаралади. Яъни, эътибордан четда қолдирилади.
Регламент бўйича доимий комиссиялар таклиф бериши ва билдирилган таклифлар асосида сессия ўтказилиши керак. Ҳозир эса ўнлаб масала кўтарилган сессияда 1-2 та таклиф берилмаса, кўпчилик сукут сақлашни маъқул кўради. Асосан ҳокимиятдаги ташкилий бўлим томонидан билдирилган фикрлар асосида сессия ўтказилади. Доимий комиссиялар эса уни тасдиқлаб қўяди. Чунки комиссия аъзолари масалани яхши тушунмайди, тайёгарлик кўрмайди, мавзудан бехабар бўлади. Аччиқ бўлса ҳам бу ҳақиқатдир.
Тан олиш керакки, депутатлик гуруҳи сифатида жўяли натижага эришиш ҳам қийин. Масалан, яқинда Сирдарё туманида бир муаммони кўтардик. Кўзи ожизлар уйининг атрофи санитар-гигиеник талабларга жавоб бермайди. Туман ҳокимлигига у ерни тозалаш, ободонлаштириш билан боғлиқ хат чиқардик. Бироқ жавоб бизни қониқтирмади. Қайта-қайта айтилса ҳам, натижага эриша олмадик. Шу сабабли энди бу масалани вилоят ҳокимига киритмоқчимиз. Агар депутатлик гуруҳларининг қонуний ваколатларидан олиб қаралса, улар кўтарган масалани Кенгашга киритиб, ҳал қилиш лозим. Афсуски, айрим маҳаллий ҳокимлик органлари депутатлар мурожаати, саволларини нотўғри қабул қилади ёки менсимайди.
Аслида депутат сайланган ҳудудида жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли саналади. Шунга кўра, депуталик сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб бериши лозимлиги ҳам қонунда белгилаб қўйилган.
Қарс икки қўлдан чиқади
Қонуний ваколатлари доирасидаги сўровига муносиб жавоб талаб қилиб олиш қобилияти, шунга билими ёки савияси етмаган депутатлар ҳам, унинг мурожаатига панжа ортидан қараган масъуллар ҳам бирдек жавобгар, деб биламан. Бунинг ечими учун, аввало, депутатлар фаоллигини ошириш зарур ва шартдир. Ийманиш, андиша қилиш, тортишув келиб чиқишидан хавотирланиш каби нотўғри тушунчалардан воз кечиш лозим.
Яқинда вилоят Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда икки депутат танқидий фикрлар билдирди. Аниқ ва тўғри талаблар қўйди. Айрим рақамлар, маълумотларга эътироз билдирилди. Амалда бошқа, қоғозда бошқа-ку, деган аччиқ гаплар ҳам айтилди. Ҳокимлик вакиллари бироз хафа ҳам бўлди. Мард ва фаол депутатнинг оғзини ёпиш эмас, аксинча, муаммоларни ҳал этишда уларнинг тажрибасидан тўғри фойдаланиш лозим, деб ўйлайман.
Қувонарли жиҳати шундаки, жонланиш бор. Аммо бу кам. Депутатдан сиёсий билим талаб этилади. Юраги бор, мард ва ўз фикрига эга, асосийси, тўғри масала кўтарган, ҳақ бўлган депутатга эътироз билдирилмайди. Унинг фикри инобатга олинади. Бундай депутат мақсадига эришмай қўймайди. Шунинг учун халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини ўзгартиришни ўзимизнинг депутатларимиз ва партия гуруҳларимиз ишини кучайтиришдан бошлашимиз зарур. Ҳозир асосий ҳаракатларимиз шунга қаратилган.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 23.02.2022, №8