Ташрифдан сўнг: Қорақалпоқ замини яшармоқда

 

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда қорақалпоқ халқига Ўзбекистон давлат раҳбари – Президентнинг назари тушган, деган фикрлар кўпроқ айтилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи бу ерда яшовчи меҳнаткаш, қалби осмондай очиқ, заҳматкаш одамлар қалбида энг эзгу мақсадларни уйғотади.

Президентимизнинг Қорақалпоқ заминига 23-24 февраль кунларидаги ташрифи бу ўлка тарихида янада ёрқин саҳифа очди. Бу янги саҳифа – Қорақалпоғистоннинг энг узоқ тумани Мўйноқда янги Ҳаво йўллари пайдо бўлиши билан очилди. Илк марта ҳавога кўтарилган 1-рақамли борт Тошкентдан тўғри Мўйноққа келиб қўнди.

Бугунги янги замонавий аэропорт биноси 1947 йилда қурилган. Илгари кичик самолётларни қабул қилган ва кейинчалик умуман ишламай қолган бу ҳаво йўллари бугун ҳаётга қайтди.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланган. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилган.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, Оролнинг қуриган қисмида ўрмонзорлардан иборат “Яшил макон” барпо этиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мўйноқ ҳақида кўп гапиргандек бўламиз, лекин ўйлаб қарасак кўп йиллар олдин Мўйноқ деганда мунғайиб қолардик. Ҳозир эса фахрланамиз.

Мўйноқ тумани аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2017 йилда лойиҳа қиймати 26,4 млрд. сўм бўлган, узунлиги 96,4 км «Қўнғирот-Мўйноқ» магистрал сув қувури ва Қўнғирот туманида қуввати суткасига 7,0 минг кубометрга эга бўлган сув тақсимлаш иншоотининг қурилиши олиб борилди. Натижада 25 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган ҳолда тоза ичимлик суви билан илк бор таъминланди.

Бундай рақамларни кўплаб келтириш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бу галги ташрифи ҳудуднинг энг чекка туманларида давом этди. Одамлар кўзидаги кувонч – Янги орзу-мақсадлар, ишонч руҳини янада мустаҳкамлади.

Тахтакўпир туманининг энг узоқ ҳудуди “Белтов” овулини бугун таниб бўлмайди. “Обод қишлоқ” дастури асосида олиб борилган ободонлаштириш ишлари овул қиёфасини таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборди.

Кенг, равон йўллар, оромгоҳлар, ҳаммом, спорт майдончалари пайдо бўлди. Сувни тозалаб бераётган янги технологияли агрегатлар одамларни тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини яратди.

Халқ дарди, ташвишлари, муаммолари айтилар эди. Лекин айтилган гап айтилган ерда қолиб кетарди. Баъзан қарорлар ёзилар эди, қоғозларда қолиб кетар эди. Бугун эса бошқача.

Халқимизни ичимлик суви, электр энергиясидан узилишлар, газ таъминотидаги ноқулайликлар, таъмирталаб йўллар, уй-жойлар етишмасалиги, ишсизлик, касб-ҳунар бўйича малака етишмаслиги, камбағаллик муаммолари қийнамоқда.

Депутат сифатида сайловчиларим билан учрашганда юқоридаги масалалар юзасидан эътирозлар кўпаяди. Савол-жавоблар, таклифлар, фикрлар, тавсиялар айтилади.

Қорақалпоғистонда шу соҳаларда ҳам ишлар амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йил 1 январь ҳолатига жами 1,9 млн. аҳолидан 1,32 млн. нафари ёки 68,1 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган.

2017-2021 йилларда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида амалга оширилган ишларга жами 612,8 млрд. сўм марказлашган маблағлар ажратилиб, 2 минг 222,3 км ичимлик сув, 59,6 км оқова сув тармоқлари ва 88 дона ичимлик 14 дона оқова сув иншоотлари янгидан курилиб, фойдаланишга топширилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 2017 йил бошида аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 50,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йил бошига келиб 68,1 фоизга етказилишига эришилди.

Ўтган 5 йил мобайнида ҳудуддаги 411 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланишига ва 420 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхланишига эришилди.

Хусусан, шароити оғир 61 та махалла, мисол учун Хўжайли туманидаги «Саманкўл», «Мустақиллик», «Куляб» маҳаллалари, Чимбой туманидаги «Кенес», «Қоракўл», «Обод» маҳаллалари илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.

Электр энергиясининг сифатини янада ошириш ва зарур қувватлар билан таъминлаш мақсадида ўтган 5 йилда 2 минг 155,3 км электр тармоқларини ва 761 дона трансформатор пунктларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида Республика ҳудудларидаги 98 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланди ва 3,1 мингдан зиёд янги хонадонлар электр энергияси билан таъминланди.

Шу жумладан, ўтган 2018-2021 йиллар давомида «Обод қишлоқ» дастури доирасида 709,4 км узунликдаги паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 249 дона трансформатор пунктлари янгидан қурилди ва реконструкция қилинди, 6,3 км юқори кучланиши электр узатиш тармоғи ва қуввати 6300 кВА «Саманкўл» подстанцияси янгидан қурилди.

Республика аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш, жисмонан ва маънан эскирган электр ускунларини модернизация қилиш мақсадида Нукус шаҳрида қуввати 6300 кВА электр подстанцияси янгидан қурилди, «Шоббоз», «Қоракўл», «Қуралпа», «Орайлиқ», «Тўқмачи», «Бийбазар» ва «Кегайли» подстанцияларидаги кичик қувватдаги куч трансформаторлари юқори қувватдаги трансформаторларга алмаштирилди.

Газ таъминотини яхшилаш бўйича ўтган 5 йилда дастур бўйича аҳолига ҳар хил диаметрдаги юқори, ўрта ва паст босимдаги жами 82,8 км газ тармоғи янгидан қурилди ва 4,2 млрд. сўмлик материал-техник ресурслар сарфланди.

Республика ҳудудидаги 86,3 км газ тармоқларида мукаммал таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилди ва 5,2 млрд. сўмлик материал ресурслар сарфланиб, натижада 118 минг 381 та аҳоли хонадонларининг ва 265 та ижтимоий аҳамиятга эга корхоналарнинг газ таъминоти яхшиланди.

Шунингдек, дастур асосида Кегайли туманида 3 та суюлтирилган газ баллонни сақлаш ва тақатиш сервис маркази ва Тўрткўл туманида 1 та сервис маркази қурилди ва 1,7 млрд. сўм сарфланди.

2019 йилда янгидан ташкил этилган Бўзатов тумани аҳолисини табиий газ билан таъминлаш учун «Бўзатов» газ тақсимлаш станцияси (ГРС) курилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларни бир маромда суюлтирилган газ билан таъминлашда ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш максадида, Нукус суюлтирилган газ тўлдириш станцияси ва Беруний, Амударё, Чимбой, Қўнғирот газ тўлдириш шохобчаларига жами қиймати 1,8 млрд. сўмлик 3 та компрессор, 3 та насос, 2 та электр генератори, 6 та сатҳ ўлчагич ва 3 та автотарози, 86 та кузатув камераси ўрнатилиб, ишга туширилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасидаги 106 минг 115 та аҳоли хонадонларига суюлтирилган газни автоматлаштирилган тизим орқали етказиб бериш йўлга қўйилди. Унда 106 минг 115 та аҳоли хонадонлар тўлиқ «ID» карталар билан таъминланиб, айланмадаги мавжуд 181 минг 817 та маиший баллонларга махсус штрих кодли стикерлар бириктирилди.

Ҳудуддаги кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш, инженер-коммуникация тармоқларини таъмирлаш ҳамда бошқа коммунал соҳага оид хизматларни кўрсатиш мақсадида «Таъмирлаш тиклаш хизмат» ДУК хузурида диспетчарлик хизмати йўлга қўйилган бўлиб, махсус техника ва зарур асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Ҳозирги кунда «Тез коммунал хизмат» сервиси яъни 1184 қисқа рақами орқали хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикасида ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил этади.

Аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаёганлар учун янги иш ўринлари ташкил этган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш амалга оширилган тадбирлар натижасида 2021 йилда 22,7 мингта янги иш ўрни ташкил этилган.

Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш, ўқув жараёнларини амалиёт билан боғлаган ҳолда ташкил этиш, ишсиз аҳоли, жумладан ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида Нукус шаҳри ва туманларда аҳолини касбга ўқитишнинг янгича тизими ташкил этилди.

Жумладан Нукус ишга марҳамат мономаркази, Нукус шаҳрида қурилиш касбларига ўқитиш маркази, Элликқалъа ва Нукус туманларидаги 2та касб-ҳунарга ўқииш марказлари ва 8та маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканларида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилди.

Мен тилга олган бу рақамлар ортида жуда катта ҳаёт турибди.

Қорақалпоғистонга эътибор ошмоқда. Туғруқдан кейинги 3 йил таьтил 6 йилга чўзилганлиги ва ногирон фарзандлар учун яратилаётган имтиёзлар онага иш ўрни ва меҳнат стажи сақланиб, фарзанд тарбияси билан тўла шуғулланишини кафолатлаб турганлиги ҳам Қорақалпоғистон оналарининг кўнглини кўтармоқда.

Бу йил Қорақалпоғистон учун қаддини янада баланд кўтарадиган йил бўлади. Халқимиз бу бунёдкорликлар иштирокчиси бўлаётганидан кўнгли тўлмоқда. Белгиланаётган ҳар бир устуворликлар албатта бажарилишига ишонч янада юксалмоқда.

Халқининг оғирини енгил қилиш учун ер ости, ер усти бойликларини фаровонлик учун ишлатиш, Орол инқирози оқибатларини тугатиш, деҳқончиликка янги технологиялар олиб кириш, овуллар ободлиги, сув танқислиги борасида давлатимиз раҳбари белгилаб бераётган вазифалар амалга ошишига халқимиз ишонади.

 

Гулистон Аннақиличева,

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

ЎзА

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш