Баҳор ва аёл бир бутуннинг икки қисмидек гўё. Чунки баҳор ҳам, аёл ҳам гўзалликни кўз-кўз қилади, яшариш, янгиланишга даъват этади. Ҳаётнинг нақадар гўзал ва умрнинг ҳар дами ғанимат эканини эслатиб туради. Ҳар йили кўклам билан бирга аёллар ҳам қайта туғилгандек бўлади. Бу йилги баҳор бошқача бошланди. Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизлар ҳаётини янада яхшилаш, опа-сингилларимизни ардоқлаш, эъзозлаш ҳақидаги фикрлари, масъулларга берилган топшириқлар янгиланиш айёмига янада янгича руҳ улашди.
Янгиликлар янгиликларга, яхшиликлар яхшиликларга уланди. 7 март куни Халқаро конгресс марказида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган, давлатимизнинг юксак даражадаги мукофотларига муносиб кўрилган аёллар қатнашди.
Дилором ИМОМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳибаси:
— Шанба куни кеч соат 11 лар эди, адашмасам. Қўл телефонимга қўнғироқ бўлди. Тест топширимиз кераклигини айтишди. Ажабландим ва албатта, эртага тест топширишимни, байрамда депутат сифатида қатнашишимни билдирдим. Шунда улар тест топширишим керак бўлган манзилни айтишди. Юрагим бир нарса сезди-ю, лекин бу қадарини кутмаган эдим.
Тўғрисини айтсам, мукофотланганларга ҳавас билан қараганман, уларга ўхшашга ҳаракат қилганман. Шукрлар бўлсин, шахсан Президентимизнинг қўлидан мукофотни олиб, кўксимга тақар эканман, ўзимга сўз бердим. Шу эътирофга муносиб бўлишга, ишлашга, бедор бўлишга аҳд қилдим. Ҳали ҳам ҳаяжондаман.
Қувонарлиси шундаки, фаол аёллар тизими ташкил этиляпти. Унда депутатлар, ҳокимлар, турли ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлар бўлади. Уларнинг фаоллиги билан хотин-қизларнинг муаммоларига ечим топиш осонлашади. Тизим ишга тушса, ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган опа-сингилларимизга кўмак берилади. Бу орқали бизга ҳам бирмунча енгиллик яратилади. Чунки биз барча жойга етиб боришга қийналардик. Туман миқёсидаги муаммоларни ечишга вақт нуқтаи назаридан қийналардик. Тан олишимиз керак, уй-жойсиз, ишсиз аёллар ҳам бор. Улар учун қанча имтиёзлар, имкониятлар эшиги очилмоқда.
Президентимиз бир гапни таъкидлади, яъни аёлларга 4 та уй олиб беришга қийналган пайтларимиз бўлган. Ёки хотин-қизлар ўз ҳуқуқларини билмаслиги оқибатида аянчли аҳволда яшаган. Энди улар ўз ҳуқуқларини билади, билмагани ўрганяпти. Энди уларнинг ҳимоячиси бор, давлат бор, давлат раҳбари бор. Яна бир гап қайд этилди. Бир қизни, бир аёлни ўқитиш орқали бутун бир оилани маърифатли қилган бўламиз. Чунки таълим нажот, билим нажот. Бошқа йўл йўқ.
Бугун яна бир нарсани ҳис этдим. Ёш қиз бўлиб қолгим келди. Яна шу йўлдан, илм йўлидан борардим. Ўқитувчи бўлардим. Дадам ўқитувчи, онам деҳқон бўлган. Оддий одамларнинг фарзанди бўла туриб, шу даражадаги мукофотга эришганимдан жуда бахтлиман.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 8.03.2022, №10