Сўнгги пайтларда жаҳонда рўй бераётган воқеалар, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий тўқнашувлар ортидан иқтисодий қарама-қаршиликлар ҳам кучаймоқда. Янгиланаётган дунё тартибига тезроқ мослашиш учун яқин ва узоқ давлатлар билан фаол ҳамкорликни сақлаб қолиш, бунинг учун эса халқаро транспорт–транзит салоҳиятини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
— Ўзбекистон учун мавжуд транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва янгиларини очиш миллий иқтисодиётимизнинг барқарорлигини таъминлашда ўта муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ягона транспорт тизимини ривожлантириш, замонавий транспорт ва логистика хизматлари бозори ва инфраструктурасини шакллантириш ҳамда транспорт соҳасида ташқи савдо учун “яшил коридорлар” ва транзит имкониятларини кенгайтиришга қаратилган вазифалар белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш дунёда юзага келган геосиёсий ва геоиқтисодий ҳолатда барча имкониятларимизни ишга солишни тақозо этади.
Ўзбекистонда мавжуд ҳудудлараро транзит ва коммуникация йўллари, маданий ва тарихий манбаларга бой манзиллар, табиий–иқтисодий ресурслар минтақалараро интеграция учун катта имконият ва шарт–шароитларни тақдим этади. Шуни эсда тутиш керакки, ўтмишда заминимиз Осиё цивилизациясида муҳим роль ўйнаган. Бу ерда Буюк ипак йўлининг марказий боғловчи тугуни, замонавий тил билан айтганда, логистика маркази жойлашган бўлиб, у орқали нафақат моддий бойликлар, балки номоддий бойликлар — ота–боболаримизнинг тажрибаси, ютуқлари ва илмий фикрлари ҳам тарқалган. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Осиё ва Европанинг жаҳон ишлаб чиқариш марказлари ўртасида товар ва капитал оқимини ошириш учун келажакдаги транзит йўлаклари тизимини ўзида жамлаш имкониятига эга.
Муаммолар ва уларнинг ечими
Яқин–яқингача Ўзбекистоннинг транспорт–логистика салоҳияти жуда чекланган, мамлакатимиз ташқи иқтисодий алоқаларини учта денгиз порти — Ильичевск (Қора денгизга чиқиш), Санкт–Петербург (Болтиқ денгизига чиқиш имконияти билан) ва Владивосток (Узоқ Шарқ портларига чиқиш имконияти билан) орқали амалга ошириши мумкин эди. Ушбу портларга республикадан мос равишда 3 минг, 4 минг 300 ва 8 минг километр масофани босиб ўтиш юк ташиш нархини сезиларли даражада оширарди.
Мамлакатимизда кейинги 5 йилдаги ислоҳотлар транспорт-логистика соҳасида катта ўзгаришларни амалга ошириш имконини берди. Президентимиз ташаббуси билан мазкур соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланди. Хусусан, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт тўғрисида”, “Темир йўл транспорти тўғрисида”, “Автомобиль транспорти тўғрисида”, “Автомобиль йўллари тўғрисида”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида” ва “Шаҳар йўловчи транспорти тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди. Шунингдек, автомобиль, темир йўл, ҳаво қатновларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат органи бўлмиш Транспорт вазирлиги ташкил этилди.
“2018–2022 йилларда юк ташишнинг транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш комплекс дастури”ни амалга ошириш доирасида янги транспорт-транзит йўлаклари ва логистика марказлари тармоғини ривожлантириш, автотранспорт ва ҳаво кемалари паркини кенгайтириш, юкларни қўшни давлатларда самарали ташиш учун шарт-шароит яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, йўловчи ҳамда юк ташиш ҳажми ва сифатини ошириш учун шароит яратиш, транспорт тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Транспорт соҳасини бошқариш тизими, шунингдек, соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга принципиал янги ёндашувлар жорий этилди.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи махсус имтиёзлар тизими (GSP+)га бенефициар давлат сифатида қабул қилингани Европа Иттифоқи давлатлари билан ўзаро савдони ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этди. 6,2 мингдан ортиқ товарни Европа Иттифоқи давлатларига GSP+ доирасида божсиз олиб кириш имконияти Ўзбекистонда бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга туртки беради. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш имконини яратади. Бундай шароитда Марказий Осиёда Шимоли-жанубий ва ғарбий, шарқий йўналишлар бўйлаб транспорт йўлакларини бирлаштира оладиган транспорт йўлакларини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.
Президентимизнинг Марказий Осиё давлатлари билан яқинлашиш, минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш бўйича олиб бораётган фаол сиёсати юзага келаётган муаммоларни ечиш имконини яратмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг Ангрен — Поп темир йўли “Хитой — Марказий Осиё — Европа” коридоридаги муҳим бўғин ҳисобланади ҳамда Хитойни Жануби-шарқий Европа, Яқин Шарқ, Форс кўрфази ва Ўрта ер денгизи билан боғлаш имконини беради. 2018 йилда очилган “Тошкент — Андижон — Ўш — Иркештом — Қашғар” автомобиль йўлаги бўйлаб ҳаракатланиш Марказий Осиёдан тўғридан-тўғри Хитойга бориш имконини яратди. Трансафғон транспорт йўлаги ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўли орқали денгиз портларига чиқиш мумкин. “Бир макон, бир йўл” доирасидаги йирик транспорт лойиҳаларидан бири бўлган “Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой” темир йўлининг ишга туширилиши Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси янги савдо бозорларини очишга хизмат қиладиган истиқболли транспорт йўлаги ҳисобланади. Ашхобод келишуви доирасида амалга оширилаётган яна бир субминтақавий лойиҳа — “Россия — Қозоғистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон — Ҳиндистон” транспорт йўлаги Ҳинд океани ва Форс кўрфазига кириш имконини берувчи энг яқин йўл ҳисобланади.
Ушбу транспорт йўлакларини ривожлантириш орқали Ўзбекистон нафақат Осиё минтақаси давлатлари, бошқа хорижий, хусусан, Европа давлатлари билан ўрнатилган интеграция ва ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш имконига эга бўлади. Бу борада Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларини узвий боғловчи минтақавий ва минтақалараро транспорт лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу Марказий Осиё давлатларининг ягона транспорт-логистика тармоғига интеграциялашуви орқали жаҳон бозорларига чиқишини таъминлайди. Чунки минтақадаги барча Марказий Осиё мамлакатлари денгиз портларига чиқишдан географик жиҳатдан изоляция қилинган умумий муаммога эга.
Транзит бизга нима беради?
Ўзбекистонда транспорт тизимини ривожлантиришда яна бир туртки транзит учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва тегишли логистика хизматларини кўрсатишдир. Европа ва Осиё давлатлари ўртасида юкларни транзит ташишни жадаллаштириш орқали нафақат қўшимча даромад манбаига, шунингдек, минтақадаги қўшни давлатлар ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш имконига эга бўламиз.
Транзит салоҳиятини ошириш нуқтаи назаридан мамлакатимиз иқтисодиёти учун “Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон” минтақавий транспорт йўлаги лойиҳаси жуда муҳим. Ушбу транспорт-транзит йўлаги Марказий Осиёни Эроннинг Форс ва Ўмон кўрфазларидаги портлари билан боғлаш учун мўлжалланган. Ушбу маршрут Шарқий Хитойдан Форс кўрфази бозорларига товарларни Ўзбекистон орқали етказиб беришда энг қисқа ва тезкор логистика ечими саналади.
Логистика ва молиявий харажатларни реал баҳолаган ҳолда транспорт-транзит салоҳиятини оширишда Ўзбекистоннинг ташқи савдо юкларини Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқишини таъминлай оладиган Эрон ва Покистон портларига олиб борувчи йўлакларнинг Ўзбекистон учун аҳамияти ошиб боришини халқаро экспертлар ва мутахассислар алоҳида эътироф этмоқда. Шунингдек, Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўл линияси Хитойгача бўлган масофани 270 километрга қисқартирди. “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўл коридори амалга оширилган тақдирда, ушбу участка унинг асосий элементига айланади ва Ўзбекистоннинг глобал логистика йўналишлари тармоғига қўшилишини таъминлайди. Натижада Ўзбекистон нафақат Хитой, балки Яқин Шарққа ҳам тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, мазкур йўналишнинг ишлаши юк ташиш вақтини 5-6 кунга қисқартиради. “Поп — Наманган — Андижон” участкасини электрлаштириш мазкур линия қувватидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, транспорт-транзит салоҳиятини ошириш Марказий Осиёда нафақат Ўзбекистоннинг, шунингдек, қўшни давлатларнинг энг долзарб вазифасига айланиб бўлди ва уни амалга ошириш мамлакатлар ўртасида минтақавий ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқишни талаб этмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари билан яқинлашиш, улар билан ишончли ва дўстона муносабатлар ўрнатиш, сунъий тўсиқларни бартараф этиш борасида олиб бораётган прагматик ва фаол сиёсати минтақавий иқтисодий интеграция ва ҳамкорлик учун ишончли замин яратди, десак ўринли бўлади.
Ушбу платформада (заминда) минтақа мамлакатларининг фаол иштирокида транспорт-логистика соҳасида истиқболли йўналишларни изчил амалга ошириш, миллий иқтисодиётлар ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, халқаро магистрал йўлакларни қуриш ҳамда Осиё, Европа ва Африка минтақаларини боғловчи инфратузилма тармоғини шакллантиришни биргаликда рағбатлантириш борасида аниқ вазифаларни амалга ошириш вақти келди. Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари томонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш, ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида умумий асослар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш зарур. Хусусан, эркин савдо зоналарини очиш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган конструктив мулоқотни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Умуман олганда, ҳозирги кундаги геоиқтисодий ҳолат Марказий Осиёда интеграция лойиҳаларини фаол илгари суриш, минтақавий хавфсизлик ва минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда. Уларни амалга оширишнинг ижобий натижалари транспорт харажатларини камайтириш, логистикани ривожлантириш, инновациялар тарқалишини кучайтириш орқали миллий иқтисодимизнинг рақобатбардошлигини оширишга ва пировардида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади.
Шарофиддин Назаров,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
«Янги Ўзбекистон», 6 март, 2022 йил.
«Ўзбекистон овози», 8.03.2022, №10