Янгиланаётган Ўзбекистон учун самарали логистика тизимини ташкил қилиш жуда муҳим, стратегик масаладир. Тарихга назар солсак, Ўзбекистон ҳудуди асрлар давомида Европа ва Oсиёни боғловчи Буюк ипак йўлининг маркази бўлиб келган. Вақт ўтиши билан денгиз транспортининг ривожланиши, юксалиш нуқталарининг Европа ва Америка қитъаларига кўчиши ҳамда бошқа кўплаб омиллар сабаб ушбу савдо-сотиқ йўлининг аҳамияти пасайган.
Бугунги кунга келиб Осиё давлатлари шиддат билан ривожланмоқда, уларнинг жаҳон бозоридаги ўрни, мавқеи тобора ошиб бормоқда. Дунё аҳолисининг салмоқли қисми истиқомат қилаётган Хитой ва Ҳиндистоннинг ривожи эса янги, замонавий Буюк ипак йўлига эҳтиёжни кучайтирмоқда. Бу Буюк ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган ва жадал ривожланаётган Ўзбекистон учун икки қитъани боғловчи кўприк сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш, жаҳон бозорига ўз маҳсулотлари, хизматлари билан чиқиш учун катта имконият яратади.
Мамлакатда аҳоли даромадини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш, уни ташқи бозорларга етказиш орқали кўп томонлама ташқи савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда транспорт логистикаси тизимининг ўрни муҳим аҳамиятга эга.
Самарали логистика тизими ташқи бозорда маҳсулот ҳаракатини оптималлаштириш орқали товар ва хизматларнинг харидорлар учун сифатли, арзон нархларда етказилишини таъминлайди. Бу эса ташқи бозорда мамлакатнинг иқтисодий рақобатбардошлигини ошириб, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига ижобий таъсир қилади. Шу билан бирга, логистика тизимидаги кичик узилишлар ишлаб чиқаришдаги катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Бугунги кунда логистика тизими нафақат иқтисодиётни юксалтирувчи ёрдамчи тармоқ, балки иқтисодиёти ривожланган ҳамда қулай шароитда жойлашган мамлакатларнинг асосий даромад манбаига ҳам айланиб бормоқда. Жаҳон иқтисодиётида логистика тизимига жами ялпи маҳсулотнинг қарийб тўртдан бир қисми тўғри келмоқда.
Ўзбекистон логистикаси мустақилликкача ва мустақиллик даврининг бошларида фақатгина ички бозор имкониятларига йўналтирилган эди. Тизим шундан келиб чиқиб, корхоналар ўртасида горизонтал равишда ривожланиб борди. Бунда корхоналар ўртасида товар етказиш сифатини оширишга ва маҳсулотни энг кам харажатлар билан етказиб боришга асосий эътибор қаратилди. Шу даврларда мамлакатимиз халқаро транспорт алоқаларида фақат шимолий йўлакдан фойдаланди, жанубий, ғарбий ва шарқий халқаро транспорт йўлакларига автомобиль, темир йўл, ҳаво транспорти билан чиқиш имконияти йўқ эди.
Кейинги йилларда замонавий йўл-транспорт инфратузилмасини шакллантириш, дунё бозорларига янги йўллар очиш, чет мамлакатлар билан боғлайдиган илғор транспорт коммуникацияси тармоқларини яратиш бўйича самарали ишлар қилинди. Натижалар ўзаро таққосланганда, охирги йиллардаги кўрсаткичлар яққол кўзга ташланади. Мисол учун, 2005 йил темир йўл, ҳаво, автомобиль транспортларида жами юк ташувлар ҳажми 242 миллион тоннани, 2014 йилда 484,9 миллион тоннани ташкил этган бўлса, 2021 йилда 1,45 миллиард тоннага етди. Бошқача айтганда, охирги йилларда жами юк ташувлари ҳажми қарийб уч баробар ўсган.
Бундай ўсиш қаердан келди ва нимани англатади?
Очиқлик, дўстлик ва яхши қўшничилик сиёсати, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиши мамлакатимиз логистика тизими ривожланишига катта туртки бўлди.
Экспорт фаолиятини либераллаштириш ва соддалаштириш, экспорт таркиби ва географиясини диверсификация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада халқаро иқтисодий муносабатларда Ўзбекистоннинг ўрни ва аҳамияти ортиб боряпти.
Иқтисодиётимиз “қон томирлари” кенгаймоқда
Давлатлараро дўстлик алоқалари мустаҳкамланиши, шунингдек, тузилаётган янги шартномалар логистика ривожи учун катта имкониятлар яратмоқда. Бунда иқтисодиётимизнинг асосий қон томири ҳисобланган ягона темир йўл тармоғини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Мозори Шариф – Кобул – Пешавор ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон транспорт ва транзит йўлакларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3-4 март кунлари Покистонга расмий ташрифи доирасида икки давлат ўртасида Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма декларация имзоланиши Мозори Шариф – Кобул – Пешавор темир йўли қурилишида яна бир муҳим қадам бўлди. Бу Ўзбекистон ва Ўрта Осиё мамлакатларига дунё океанига чиқишга энг яқин йўл бўлиб, Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий Осиё ва Евроосиё темир йўллари билан узвий боғлайди. Европа ва Осиё қитъаларини энг қисқа қуруқлик йўли билан боғлайдиган кўприк сифатида Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини оширади. Жумладан, лойиҳани амалга ошириш натижасида Покистондан Ўзбекистонга юкларни ташиш муддати ҳозиргидек 35 кун эмас, балки 3-5 кунни ташкил қилади, юк ташиш нархи пасаяди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур халқаро темир йўлни қуриш орқали контейнерларни ташиш нархи қарийб уч баробар арзонлашади.
Лойиҳанинг аҳамиятли яна бир жиҳати шуки, Афғонистонни Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган кўприк сифатида қўллаб-қувватлайди, шу орқали ижтимоий-иқтисодий, транспорт ва коммуникация муаммоларига ечим топилади. Асосийси, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга ҳам катта ҳисса қўшади.
Қулай логистика ҳақида гап кетганда, Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини алоҳида қайд этиш зарур. У Осиё Тинч океани ва Хитойдан Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон орқали юкларни Европа мамлакатларига ташиш учун янги халқаро транспорт коридорини яратади, юкларни етказиб бериш вақтини кисқартиради, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада оширади. Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича Президентимизнинг тегишли фармойиши билан “йўл харитаси” тасдиқланди. Унда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини жадаллаштириш белгиланган.
Шу билан бирга, Осиё Тинч океани мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа халқаро мультимодал коридор йўналишида юк ташувларини ошириш мақсадида 5 мамлакат (жумладан, Ўзбекистон) ўртасида битим имзоланди. Томонларнинг юк ташувларига имтиёзлар тақдим этган ҳолда умумий тариф ставкалари белгиланди. 2020 йилда мазкур битим доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 33 минг 480 тонна маҳсулоти Европага экспорт қилинди. Ушбу транспорт коридорининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ташувлари 2021 йилда 1,7 баробар ошиб, 134,7 минг тоннани ташкил этди. Мазкур мультимодал йўналишни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича имзоланган 5 томонлама ҳужжатга 2021 йилдан Туркия ҳам қўшилди.
Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Уммон ва Қатар ўртасида имзоланган Ашхобод битими Марказий Осиё мамлакатлари, Форс кўрфази ва Уммон портлари ўртасида узлуксиз юкларни ташиш ва транзит ташувларни амалга ошириш учун ишончли транспорт йўлаги яратилишига муҳим асос ҳисобланади. Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон йўналишида ташувларни ривожлантириш мақсадида Туркманистон ва Эрон ҳудуди орқали юкларимизнинг ташилиши учун 70 фоизгача чегирмалар олинишига эришилди. Натижада Ўзбекистон ва Эрон ўртасида жами халқаро юк ташувлари 3,4 баробар ошиб, 1,08 миллион тоннани ташкил этди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эса жами халқаро юк ташувлари 1,4 баробар ошди.
Истиқболли лойиҳалар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади
Халқаро транспорт коммуникацияси тизимида автотранспорт магистралларининг ҳам ўрни беқиёс. Бугунги кунда республика ҳудудидаги халқаро аҳамиятга эга бўлган умумий фойдаланишдаги 11 та йўналишда автомобиль йўли мавжуд. Уларнинг узунлиги 3 минг 993 километрни ташкил қилади. Бу йўлларни замонавий талабларга мослаштириш ва техник имкониятларини ошириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Жумладан, бугунги кунда узунлиги 1 минг 26 километр халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг техник имкониятлари кенгайтирилиб, замон талаблари асосида 4 тасмали ҳолатда қуриш ва реконструкция қилиш орқали фойдаланишга топширилди. Лойиҳаларда цементобетон қопламали йўллар қуриш, автомобиллар қайрилиб олиш жойларини ер усти ёки ер остидан ўтказиш, йўл ва кўприклар ҳамда транспорт ечимларини мукаммал лойиҳалаш ҳисобига хавфсизлик ва қулайликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар рўйхати ва манзили тасдиқланди. Ушбу дастурга асосан қиймати 661,4 миллион долларлик 6 та лойиҳа (817 километр) амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, келгуси йилларда 1 минг 297 километр узунликдаги йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган 25 та истиқболли лойиҳа белгиланди. Улар доирасидаги бунёдкорлик ишларига 2 770 миллион доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳалар юртимизнинг транзит салоҳиятини янада ошириш ҳамда Европа коридорининг республика ҳудудидан ўтишига имконият яратади. Шу билан бирга, Хитой, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга транзит салоҳиятини ошириш, чегараолди ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, транзит ташувчиларга қулай шарт-шароит яратилишига эришилади.
Тараққиёт сари ишончли йўл
Келгуси йилларда ҳам Ўзбекистонда логистика тизими ривожига алоҳида эътибор қаратилади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида (LPI) Ўзбекистон ўрнини 77-поғонадан паст бўлмаган даражагача кўтариш вазифаси белгилаб берилган. 2030 йилга бориб Ўзбекистон логистик самарадорлиги бўйича энг юқори ўринларда бўлган Германия, Нидерландия, Швеция, Бельгия, Сингапур, Буюк Британия, Япония, Австрия ва АҚШ каби 50 та давлат қаторидан ўрин олиши режа қилинган.
Жаҳон банки томонидан ҳар икки йилда бир марта чоп этиб келинаётган логистика самарадорлиги ҳисоботига эътибор қаратадиган бўлсак, логистика тизимини яхшилаш борасида Ўзбекистонда ижобий тенденция кузатилмоқда. Хусусан, мазкур ҳисоботга кўра, Ўзбекистон 2016 йилда 160 давлат орасида 117-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилга келиб ўз ўрнини 18 поғонага яхшилади ва 99-ўриндан жой олди. Яъни қисқа муддат ичида мамлакатда транспорт инфратузилмаси сифати ошиши, халқаро ташишларни ташкил қилишда қулайлик яратилиши, юкларни кузатиш ва ўз вақтида етказиш даражаси яхшиланиши ҳисобига логистика самарадорлиги кўрсаткичида ўсишга эришилди.
Тараққиёт стратегиясида Транспорт ва логистика хизматларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган. Бунда 18 та катта, 22 та ўрта ва 80 та кичик шаҳар ўртасида транспорт логистикаси тизими ва инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудларда юклар шаклланишининг асосий нуқталарини ҳисобга олган ҳолда транспорт логистикаси марказлари тармоғини ташкил этиш, халқаро юк ташишлардаги транспорт ҳужжатларини электрон кўринишга босқичма-босқич ўтказиш, юк ташиш харажатларини 30 фоизгача камайтириш, мавжуд контейнер терминалларини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш, темир йўлда контейнер ташишлар улушини камида 2 баробар ошириш каби долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Ҳаво транспорти – ташқи иқтисодий алоқалар ривожида муҳим йўналиш
Темир йўл ва автотранспорт билан бир қаторда ҳаво транспорти логистикасини ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор вазифалар белгиланмоқда. Жумладан, Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш, бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сонини ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географиясини 4 та йўналишдан 5 тагача ошириш, халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сонини ҳафтасига 25 тагача, географиясини 4 та йўналишдан 8 тагача ошириш, “очиқ осмон” режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, Тошкент ва Фарғона водийсида халқаро аэропортларни ривожлантириш чоралари кўрилади.
Халқ демократик партияси аъзолари ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, мазкур ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва уларни амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этади. Юртимиздаги ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимиз янада юксалади, ташқи иқтисодий алоқалар кенгаяди, логистика тизими ривожланади. Бу партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга бўлган масалалар самарали ҳал этилиши, жумладан, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, хизматлар кенгайиши, уларнинг ташқи бозорларга чиқиши, пировардида юртимизда қўшимча ва барқарор иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадлари ошишига хизмат қилади.
Улуғбек ВАФОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.
«Янги Ўзбекистон», 11 март, 2022 йил.
«Ўзбекистон овози», 16.03.2022, №11