Депутатлар нима иш қилади ўзи? Мажлисдан чиқиб мажлисга кирадими фақат? Киноя ва пичингга йўғрилган бундай саволлар йўқ эмас маҳаллада, кўча-кўйда. Ўйлашимизча, фақат яхши депутатлар эмас, умуман, кўплаб соҳаларда зўр ишлаб, натижа кўрсатадиган мутахассислар етишмайди. Ҳар бир муаммонинг ўзига хос бир нечта сабаблари бўлади. Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Лекин мурожаатларни ҳал этишга келганда, депутатларга ҳам осон тутмаслик керак. Айниқса, маҳаллий Кенгаш депутатларига...
Улар ҳар куни фуқароларни қабул қилади, депутатларга осон бўлмаган шароитда муаммоларга мутасаддилар билан биргаликда ечим топишга интилади.
ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ
Мурожаатлар турлича бўлиши мумкин. Аммо ҳар бирининг ортида одамлар ҳаёти билан боғлиқ масалалар бўлади. У хоҳ шахсий, хоҳ ҳудудий муаммолар бўлсин, аҳолининг ижтимоий фаолиятига таъсир қилади. ЎзХДП Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхоналарида жорий йилнинг январь-март ойларида аҳолидан 281 та мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 212 таси, яъни 76 фоизи депутатлар, ҳамкор ташкилотлар орқали ҳал этилган. Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг асосий қисмини уйжой ҳамда моддий ёрдам масалалари ташкил этмоқда.
Бугунги кунда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДПдан сайланган 119 нафар депутат «Саховат ва кўмак» жамғармасидан мақсадли фойдаланиш имконига эга. Ҳақиқатда муҳтож фуқароларга ёрдам ажратиш мақсадида депутатлар ишчи гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, Муборак, Нишон ва Қарши шаҳар Кенгашидаги депутатлар бугунги қадар жамғармадан мурожаатлар асосида, 50 нафардан ортиқ партия электорати вакилларига моддий ёрдам, пул маблағлари ажратилишига кўмак кўрсатишди.
Улардан айримларини келтириб ўтамиз. Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзолари Рашид Муртозоев, Ю.Сайдалиев Қарши шаҳридаги «Геолог» маҳалласида яшовчи «Темир дафтар»га киритилган Гулнора Мирзаева мурожаатини ўрганди. Аёлнинг ўғли чет элда бўлиб, ҳалокат сабабли операция қилиниши керак экан. Она чет элга зудлик билан учиб кетиш учун депутатлардан ёрдам сўраган. Депутатлар ташаббуси билан жамғармадан 5 млн. сўм моддий ёрдам ажратилган.
Халқ депутатлари Нишон туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзолари томонидан хотин-қизларга кўмак берилмоқда. «Орзу Бўстони» маҳалласида яшовчи Д.Бобоқулова фарзандларини боқишга қийналаётгани сабабли моддий ёрдам сўраган. Масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига киритилиб, 2 миллион сўм моддий ёрдам берилган. Тўғри, бу миқдор, маблағ унча катта эмасдир. Аммо бир оиланинг озроқ вақт бўлсада тирикчилиги ўтиб туриши, бирон иш бошлаб олиши, оёққа туриб олиши учун катта ёрдам бўлади.
Жорий йил апрель ойи бошида ЎзХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси, «Учтепа» сайлов округидан депутат Назира Элмуродова ташаббуси билан «Учтепа» ва «Истиқлол» маҳаллаларидаги «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган, кам таъминланган нафақадаги хотин-қизлардан жами 25 нафари қадимий Самарқанд шаҳрига саёҳатга олиб борилган.
Яккабоғ туманидаги «Каттабоғ» МФЙ, «Уват» қишлоғи аҳолисини анчадан буён ичимлик суви муаммоси қийнаб келаётганди. Фуқаролар туман Кенгаши депутати, Кенгаш котибият мудири Шуҳрат Юсуповга ушбу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ҳудуддан сайланган депутат масала бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқди. Ҳаракатлар натижасида қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари бошланган. Хусусан, қишлоқдаги асосий йўл бўйлаб ичимлик суви ўтказиш жараёни давом этмоқда. Яқин кунларда ушбу қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган муаммо ечим топиши кутилмоқда.
Шунингдек, «Каттабоғ» қишлоғида электр устунларни янги бетон устунларга алмаштириш, ички йўлни таъмирлаш, 1-гуруҳ ногирони Салим Абдиевнинг саломатлигини тиклаш масалаларида амалий ёрдам сўралган. Депутат Шуҳрат Юсупов муаммоларни жойига бориб ўрганиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқариб, тез кунда ижобий ҳал қилиш чорасини кўрмоқда.
Бу мисоллар 2-3 нафар депутатнинг фаолиятидан эди. Энди тасаввур қилинг, ҳар бир туман, шаҳар, вилоятнинг қанчадан-қанча депутати, халқ сайлаган вакиллари бор. Уларга ҳар куни қанча мурожаатлар бўлади, ҳар ойда одамларни ўйлантираётган қанча масалалар ҳал этилади?
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ
Хоразмлик депутатлар ҳам ортда қолишаётгани йўқ. ЎзХДП вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари қошидаги 13 та Жамоатчилик қабулхонасига январь-март ойлари мобайнида фуқаролардан 233 та мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 187 тасига қонун доирасида жавоб берилган ва қолган 46 таси эса ўрганиш жараёнида.
Мурожаатлар таҳлил қилинганда кўриндики, аҳолини иш билан таъминлаш, уй-жой хизматлари сифатини яхшилаш, одамларнинг саломатлиги масалалари долзарб бўлиб турибди. Агар депутатларга, партия кенгашларига бўлаётган мурожаатлар бирлаштирилиб, уларда кўпроқ кўтарилаётган масалалар таҳлил этилса, ана шу соҳаларга алоҳида эътибор қаратилса, мурожаатлар, одамларнинг ўй-ташвишлари камайишига эришилади.
Келинг, айрим депутатларнинг фаолиятига бир назар ташлаймиз. Халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгаши депутати Ленинза Атажановага «Дўстлик» маҳалласида яшовчи фуқаролар Анапошша Юсупова фарзандининг операцияси учун, Шоҳиста Матяқубова кўзини операция қилдириш учун ёрдам сўрайди. Ушбу масалалар сессияга киритилиб, зарур маблағ ажратилишига эришилди.
Халқ депутатлари Хива шаҳар Кенгаши депутати Атаназар Пирназаровга «Буюк йўл» кўчасидан Маҳфуза Эгамова фарзанди операцияси, «Кият» маҳалласида яшовчи Маркс Ҳасанов жарроҳлик амалиёти учун ёрдам сўрашди. Уларга ҳам зарурий маблағ ажратилди.
Халқ депутатлари Урганч туман Кенгаши депутати Барно Бердиевага «Анжирчи» маҳалласидан Гулчеҳра Сапарова боқувчиси йўқ қизи Фотима Сапарованинг уйини таъмирлашда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат ва ҳомий ташкилотлар ёрдами билан масала ижобий ҳал этилди.
«Қовунчи» маҳалласидаги «Оқ алам бобо» қабристони хароба ҳолга келиб қолганлиги сабабли кўп йиллардан бери фойдаланилмаган. Фуқаро Ғофур Собиров депутат Машъал Ваисовга ушбу қабристонда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун рухсат олишда амалий ёрдам сўрайди. Депутатлар кўмаги билан қабристон ободонлаштирилди.
Савол туғилади? Депутатлар ҳар бир мурожаатни ҳал қилиб беришга мажбурми? Йўқ, қонунан депутатга бундай мажбурият юклатилмаган ва бу борада унинг ваколатлари ҳам чекланган. Айтайлик, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви келтириш, хонадонни таъмирлаб бериш, саломатлигини тиклаш учун операцияларга пул ажратиш учун унинг ҳисобида маблағ бўлмайди. Аммо мурожаатларда кўтарилган масалаларни тегишли органларга етказиш, билдириш, депутатлик сўрови юбориш, назорат ўрнатиш ваколатига эга. Буни ҳамма сайловчи ҳам, фуқаро ҳам тушунавермайди. Сайладикми, муаммоларимизни ҳал қилиб беришга мажбур, деб ҳисоблашади. Учрашувларда депутатлар буни аҳоли вакилларига тушунтириши, аммо муаммоларни ҳал этишда қўлдан келадиган ёрдамларини аямасликларини етказиши керак.
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ
Бир марта кўчаси таъмирланса, йиллаб эскириб ётган электр симлари алмаштирилса, йиллар давомида келмаган сувлар учун қувурлар ётқизилиб, ичимлик суви келиб турса, сайловчи нега безовта бўлсин?! Бошқа майда масалалар вақт ҳам, катта маблағ ҳам талаб этмайди. Шунчаки эътиборнинг ўзи уни ҳал қилиш учун етарли.
Маълумотларни йиғиш давомида Арнасой туман Кенгаши депутати Раъно Тўрабаева фаолияти эътиборимизни тортди. У «Зарафшон» маҳалласида хонадонма-хонадон юриб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганди. Депутат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати вакили М.Бобоева билан бирга фуқаролардан тушган 12 та мурожаатнинг 6 тасини ҳудуднинг ўзида ҳал этиш чораларини кўрди. Шунингдек, депутатга «Туркистон» кўчаси, 15-уйда яшовчи Зарина Мелиқулова эшитиш мосламаси кераклиги, Жамила Хўжамуродова эса «Туркистон» кўчасини кечки вақтларда ёритиш масаласида мурожаат қилди. Депутат кўмаги билан масалалар ижобий ҳал этилди.
Яна бир туман Кенгаши депутати Муҳиддин Суяровга Ғафур Ғулом маҳалласи, «Дўстлик» кўчасидан Нафиса Аҳмедова ёғингарчилик кўп бўлган кунларда йўл четида сув тўпланиши натижасида хонадонларга сув кираётгани, Дурдона Асророва истеъмол кредити олиш, «Бўстон» МФЙдан Насиба Туркабоева уй-жой билан таъминлаш, «Бахт» маҳалласидан Гулнора Сандибоева моддий ёрдам олиш масаласида мурожаат қилди.
«Булоқбоши» ҚФЙ, «Узунбулоқ» қишлоғидан Лапас Тожибоев қишлоғидаги эскирган симёғочларни алмаштиртиш масаласида «13-Олмазор» сайлов округи депутати Санақул Лапасовга мурожаат қилди. Депутат киритган сўров асосида туман электр тармоқларидан 17 дона бетон устунлар олиб борилди.
Бахмал туман «Жарбулоқ» ҚФЙдан Қурбоев Арзиқул ички йўлни таъмирлаш масаласида туман Кенгаши депутати Ш.Холиқовга мурожаат қилади. Депутат ёрдами билан туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари ҳамда туман ободонлаштириш бўлими ҳамкорлигида ушбу масала ўрганилиб, кўчага шағал ётқизиш ишлари бошланиши белгиланди.
Халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши депутати М.Қўлдошевга «Дуоба» ҚФЙдан С.Қулбеков «Бойтепа» қишлоғи 8-сонли умумтаълим мактаби филиалини асосий мактабга айлантириш, қўшимча ўқув хоналари ва спорт зали қуриш масаласида мурожаат қилди. Депутат масала юзасидан Жиззах вилоят ХТБга депутат сўрови билан чиқди, уни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Маълумки, депутатлик сўрови аҳоли мурожаатларини ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Халқ вакили одамларнинг мурожаатларига асосланиб, уларда кўтарилган масалалар бўйича тегишли органларга сўров билан чиқади.
Депутатнинг ана шу биргина хати билан узоқ вақт давомида ечимини кутаётган масалаларга мутасаддилар ва ниҳоят, эътибор қаратишади. Давлатимиз раҳбари айтган оддий одамларни рози қилиш, инсон қадри устунлиги тушунчалари ана шу қуйи бўғин раҳбарияти, мутасаддилари кўпроқ аҳамият қиладиган масаладир.
АНДИЖОН ВИЛОЯТИ
Депутатнинг бир ўзи катта куч эмас. Аммо улар бирлашса, мақсад ва ғояларини муштарак қилса, ана шунда кучли бўғинга, одамлар таянчига айланади. Халқ депутатлари Бўстон туман Кенгашида 25 нафар депутат бўлиб, уларнинг 15 нафари ЎзХДПдан сайланган. Ўзбекистон ХДП туман кенгаши ва туман Кенгаши депутатлари иштирокида қабуллар ташкил этилмоқда. Депутатларга ўтган йил давомида 332 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 320 таси ижобий ҳал этилган. 2 та мурожаат назоратда турибди. Шунингдек, муаммоли мурожаатлар ечими бўйича депутатлар томонидан мутасадди ташкилотларга 2021 йилда 70 та депутатлик сўрови юборилган. Сўровларнинг 68 таси ижобий ҳал этилиб, 2 та сўров назоратга олинган. 2022 йилнинг 3 ойи давомида жами 116 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 9 та мурожаат назоратда турибди. Улар ҳам ўз ечимини топиш арафасида экан.
Депутат Раҳимахон Сулаймонова Нодирахон Обидовага мурожаатига асосан, онкологик касалликдан муолажа олиши учун ордер олиб берилди. «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан моддий ёрдам ажратилди.
Депутат Матлубахон Тўйчиева кўмаги билан «Бўстон» маҳалласи, «Қурувчи» кўчасида яшовчи Мўйдинова Гулнорахоннинг уй-жойи куйиб кетгани, оилавий ҳолати оғирлиги ҳақидаги мурожаатига асосан «Саховат ва кўмак» жамғармасидан моддий ёрдам берилди. Фуқаро Гулбаҳор Худойбердиевага буйрак церрози касаллигидан даволаниши учун ташкилий ва моддий ёрдам кўрсатилган. Хурсандбек Ҳожиакбаровнинг мурожаатига асосан мутасадди ташкилотлар орқали янги трансформатор қўйиб берилган.
Депутатларнинг барчаси ҳам мурожаатларга бирдек эътиборли бўлавермайди. Беш қўл баробар эмас. Бир депутат сайловчилар билан мунтазам алоқани йўлга қўйган бўлса, бошқа бири бу борада бироз сусткашлик қилади. Айримлари эса одамлар ташвишига бефарқ. Аммо халқ депутатлари Бўстон туман Кенгашига партиямиздан сайланган ҳар бир депутат фаолияти намуна қилиб кўрсатишга арзийди, дейишмоқда.
НАВОИЙ ВИЛОЯТИ
Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 11 нафар, туман, шаҳар Кенгашларида 45 нафар депутат фаолият олиб боради.
Маълумки, Тараққиёт стратегиясининг «Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» йўналишида халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилишдаги асосий бўғинга айлантириш вазифаси илгари сурилган. Навоийлик депутатлар ҳам шунга мос равишда фаолият юритишга, мурожаатларни ижобий ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Партия кенгашлари ва депутатлик бирлашмаларининг амалий ҳаракатлар Дастури тасдиқланган бўлиб, унга асосан 45 та депутатлик сўрови чиқарилган бўлиб, унинг 21 таси ижобий ҳал этилган, 24 таси назоратга олинган.
Депутатлар ўзлари сайланган ҳудудларнинг аҳолиси билан мунтазам равишда учрашувлар, сайёр қабуллар ўтказиш орқали муаммоларини ўрганмоқда. Хусусан, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган 87 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, 69 таси ижобий ҳал этилган. Сайёр қабулларда иштирок этган 132 нафар фуқаронинг 110 та муаммоси ўрганилиб, ҳозиргача 77 таси ижобий ечимини топган.
Рақамлардан кўриниб турибдики, жойларда ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Муаммо ва мурожаатлардан қочиб юрадиган депутатлар ҳам йўқ эмас. Партиямиз ташкилотлари уларни фаолликка ундаш чораларини кўради, деган умиддамиз.
Бир-биримизни озроқ танқид қилиб турмасак, ўсмаймиз, ривожланмаймиз.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 20.04.2022, №16