Охири қаерда?

 

Телеканалларда дори-дармонлар, биологик фаол қўшимчалар рекламаси авж олганига сабаб нимада? Телевидениедаги гапларга қаттиқ ишонгани учун одамларнинг ўзи айбдордир? Телеканаллар пулини тўласа, яхшилиги ёки фойдалилиги исботланган-исботланмаган нарсаларни реклама қилаверадими? Балки гап тиббиёт тизимига ишончдандир? Кимлардир дориларга, биологик қўшимчаларга муккасидан кетганидан ҳаётини препаратларсиз тасаввур қила олмайдиган даражага келиб қолдими? Саволлар кўп. Ранг-баранг препаратлардан, шифобахшлиги айтилган ичимликлардан кўпчилик мижозларнинг ҳам ихлоси қайта бошлади. Энди ёлғончи ҳиссиётлардан халос бўлиб, телеканаллар, реклама берувчилар, истеъмолчилар нега бунчалик жазавага тушгани ҳақида чуқур ўйлаб кўрадиган вақт келмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги асосий масъул бўлган мутасаддилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова фикрига кўра, томонлар муккасидан кетишининг жуда кўп объектив ва субъектив сабаблари бор. Улардан энг асосийси тиббиётда йўл қўйлиган хатолар, деб баҳолайди. Қолаверса, халқимизда тиббий маданиятнинг қандай даражада экани ҳам мана шу ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, дорихоналар тадбиркорлик субъекти кўринишида бўлгани боис ўзининг товарини ўтказиш тарафдори экани ҳам дори рекламаларининг урчиб кетиши омилларидан биридир.

Маълум бўлишича, парламент қуйи палатасида бу ҳолатни чуқур таҳлил қилиш кутиляпти. Аслида бу аллақачон қилиниши керак эди, кеч қоляпмиз. Агар ҳар бир депутат ўз округидаги ҳолатни чин дилдин ўрганиб, аҳолининг бу борадаги фикрларини ўрганса, масаланинг ечими осонлашади. Ана шунда лицензияни ким қандай қўлга киритгани, чиқарилаётган дори-дармонларнинг сифатига жавоб бериш борасидаги ишлар жадаллашади. Одамларга наф келтирувчи иш қилинган бўлади.

Мутахассислар қаердаки тиббиёт қолоқ бўлса, ўша ерда фармакологик бизнес ривожланишини таъкидлайди. Энди бир фикр юритайлик, тиббиёт тизими бизда қандай даражада? Афсуски, бу саволга аксарият ўзбекистонликлар яхши эмас, деган жавобни бергани боис улар сохта, ҳеч бир фойдаси, давоси бўлмаган воситаларга ишонишга мажбур бўлмоқда. Аччиқ ҳақиқат шуки, тиббиётга, тиббиёт ходимларига, айниқса, давлат тасарруфидаги даволаш профилактика тиббиёт муассасаларига халқнинг ишончи камайиб бораётгани фармсаноатнинг «пул қилиш» манбасига айланишига замин яратмоқда. Камига хусусий клинкаларда нарх-наво қиммат, ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Дорихоналарда ҳам ана шу аҳвол.

Ёши катта, малакали шифокорлар тизим ўзгариши керак, деб ҳисоблайди. Фарм назорат, фарм инспекциялар қайта тикланиши ва у вазирликдан алоҳида фаолият юритиши керак. Ана шунда мустақил бўлади, уларга холис фикр билдириш, камчиликларини таҳлил қилиш имкони ортади. Айни пайтда шу каби таклифлар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилган.

Тўғриси, мен дорилар, хусусан, биологик фаол қўшимчалар рекламасига мутлақо қаршиман. Ҳар қадамда дори рекламаси, намойиш этилаётган фильмдан кўра кўпроқ «Alhadaya» ёки яна бошқа турдаги рекламалар кайфиятга ҳам, руҳиятга ҳам салбий таъсир қилади. Шунга қарамай, қайта-қайта такрорланиши натижасида уларни истеъмол қиладиганлар ҳам кўпаяди. Бу эса миллат учун, халқ учун ва табиийки, бутун бир давлат учун жиддий хатарларни юзага келтириши мумкин. Агар ўша рекламаларда таъкидланганидек, таклиф этилаётган дорилар шифобахш бўлганида одамлар соғайиб, касалхоналар бўшаб қолган бўларди. Афсуски, бунинг аксига пулига куйган ўзбегим дардига дармон топа олмай сарсон бўлмоқда.

 

Биологик қўшимчалар арзонми?

Ишим тушмагани боис бу саволга аниқ жавоб айта олмасдим. Кеча шу мавзуга қўл уришдан олдин одамлар билан гаплашдим. Зулайҳо исмли танишим юраги безовта қилиб тургани учун биологик қўшимчалар савдоси билан шуғулланадиган клиникалардан бирига борган. Биринчи ойда оддий ўтларнинг 3 хилини 300 АҚШ долларига сотиб олган. Таъсирини сезмаган. Бу ҳақида клинкадагиларга айтса, 3 ойда таъсир қилишини тушунтиришган. Шундай қилиб, танишим иккинчи ойга 400 долларга дорилар сотиб олади. Орадан бироз вақт ўтиб, «GUANGZHOU» ҳақида ижтимоий тармоқларда видеолар тарқалади. Шундан кейин Зулайҳо ҳам ўйлаб қолади. Афсуски, клиника унинг пулларини қайтариб бермабди. Пули куйганидан ҳали ҳам дориларни ичишни давом эттираётганини таъкидлади.

Кечга бориб, Андижондан келган дугонам ҳам овқат олдидан иккита қутида дори олиб келиб ичди. Нима эканини сўрадим. Бирор хасталиги борми, деган андишага бордим. У эса бамайлихотир «йўғе, ҳаммаси жойида, «vision»дан биологик қўшимчалар», деди. Табиийки фойдаси ва нархи ҳақидаги саволларни бердим. «Фойдасини сездим. Иммунитетни кўтаради, дейишганди. Лекин нархи қиммат. 3 та дори бир миллион сўм ва бу бир курс учун. Камида учта мана шундай курс олишим керак», деб жавоб қайтарди. Лекин бироздан кейин ҳолсизликдан, тушунмаган оғриқлардан қийналганини ҳам айтиб ўтди.

Ўйлаб қолдим, дори таъсир қилаётган бўлса, нега тез чарчаб қоляпти? Балким бу шунчаки дангасалик, дейиш ҳам мумкиндир. Аммо юзларидаги ҳорғинлик ҳам унинг сўзларини тасдиқлаб турганди.

Иккинчи бир томони, бир эмас, бир неча ўнлаб номда сотилаётган ва биологик фаол қўшимчалар, деб таъкидланаётган воситаларнинг бир курси камида 3 миллон бўлса… Уларга тавсия қилинаётган воситалар ишончлими? Булар энди бизга қоронғу…

 

Наҳотки?

Биргина «GUANGZHOU» мисолида олсак, унинг республикамизда 42 та филиали бор экан. Хўп, уларга дориларни етказиб бериш ва шунча жойдаги аҳолини қамраб олиш учун катта миқдорда таъминот керак бўлади. Воситалар, хом ашё хориждан келса, 3-4 та самолёт осмондан тушмай учиши керак, дейди мутахассислардан бири. Бироқ буни ҳеч ким на кўрди, на билди. Шунда ҳам масалага масъуллар, рухсатнома берганлар, назорат ўрнатиши керак бўлганлар негадир сукут сақлашни маъқул кўрмоқдами?

Жамоатчиликни бир қанча саволлар ҳануз қийнамоқда. Чунки «GUANGZHOU» бу ўргамчак тўридек илдиз отиб бораётган биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувча марказларнинг биргинаси, холос. Бугун у қадар машҳур бўлмай одамлар қўлида, уйида юрган номаълум ва сифати кафолатланмаган воситалар қанча? Ким билади? Лицензия берганлар нега шунча вақтдан бери индамай ўтирибди? Ё одамлар билиши керак бўлмаган нималардир борми?

Жамоат саломатлиги ҳақида қайғуриб, бир ғариброқ фирибгар ҳақида марказий телеканалларгача лавҳа тайёрлашга эринмайдиган идоралар ходимлари, назорат қилувчи ташкилотлар нега жим қараб турибди? Ажаб, бир масаланинг ечими учун у муаммога, ортга қайтариб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолиши шартми?

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.05.2022, №18-19

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш