Инсоният тарихи гувоҳлик берадики, қаерда, қачон таълим, тарбия жараёнлари тўғри йўлга қўйилган бўлса, ўша жойда, албатта, ўсиш, юксалиш рўй берган. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор замирида Учинчи Ренесанс ғоясини рўёбга чиқаришдек эзгу мақсад мужассам.
Президентимизнинг 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисидаги фармони, шунингдек, Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори таълим тизимидаги ислоҳотларни янги босқичда изчил давом эттириш бўйича стратегик ҳужжатлар ҳисобланади.
Тегишли фармон билан 39 та аниқ чора-тадбирни ўз ичига олган 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Ушбу дастурда халқ таълими тизимини замон талабларига мувофиқ ислоҳ этиш бўйича 6 та устувор йўналишда вазифалар белгиланди.
Илғор хорижий тажриба асосида таълим сифатини ошириш биринчи устувор йўналиш сифатида қайд этилгани бежиз эмас. Ҳар бир соҳа, айниқса, таълим соҳаси дунёда ҳар куни ўсмоқда, инсон капиталини тезкор ва самарали ривожлантириш бўйича янгидан-янги ёндашувлар, методологиялар вужудга келмоқда. Миллий таълим тизимимизни илғор тажрибаларга мослаштирмасдан туриб, глобал оламда ўз ўрни ва сўзига эга бўладиган ёш авлодни вояга етказиш имконсиздир. Кейинги ўқув йилига, шу йил сентябрга қадар таълим жараёнига янги миллий ўқув дастурини жорий этиш вазифаси белгиланди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, жамиятда ўқитувчи касби ҳурматини жойига қўйиш бўйича охирги йилларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Педагоглар фақат таълим-тарбия жараёнлари билан машғул бўлиши, касби билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этилиши тақиқланди. Ўтган йилларда педагогларнинг ҳурматини тиклаш, қаддини кўтариш устувор масалалардан бўлган бўлса, эндиликда Миллий дастурда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш вазифаси қўйилмоқда.
Ўқитувчилик шундай касбга айландики, ҳар куни ўз устида ишламаган, замонавий билимларни ўзлаштирмаган педагог ўқувчиларга сифатли таълим бериш уёқда турсин, уларнинг эътиборини ҳам торта олмайди, фанларга қизиқтира олмайди. Айниқса, янги ўқув йилидан янги миллий дастурнинг жорий этилиши педагогларнинг доимий касбий ривожланишини, ўзига нисбатан талабчанликни оширишни талаб этади.
Етакчи давлатлар тажрибаси шуни кўрсатдики, ҳар бир соҳа бўйича замонавий бошқарув, тизимли мониторинг ва жамоатчилик назорати институтларини фаол йўлга қўйиш, уларни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш зарур. Бу масалалар 10 мингга яқин мактаблардаги таълим жараёнларини самарали олиб боришда долзарб аҳамиятга эга, албатта.
Шунинг учун ҳам Президентимизнинг 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисидаги фармонида илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш, улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш, умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, мазкур йўналишда узлуксиз мониторинг, баҳолаш ва прогнозлаш механизмларини йўлга қўйиш, бола таълимтарбиясида оила, айниқса, ота-онанинг ўрнини ошириш, умумий ўрта таълимда барча маълумот алмашинуви жараёнларини Халқ таълими тизимини бошқаришнинг ягона дастурий мажмуаси орқали амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, фармонда аниқ мақсадли кўрсаткичларга эришиш вазифалари қўйилди. Халқ таълими вазирлиги 2024 йил 1 сентябрга қадар Миллий ўқув дастурининг таълим жараёнига тўлиқ жорий этилишини, шу жумладан, 2022 йил якунига қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синфлар учун, 2023-2024 йилларда 4-, 5-, 8-, 9- ва 11-синфлар учун дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда ўқув қўлланмалар яратилишини таъминлаши керак.
2022 йил 1 сентябрга қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синф ўқитувчилари Миллий ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитилади.
Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари, А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти негизида эса А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти ташкил этилади. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилиб, педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларни ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгиланди.
Президентимизнинг “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида таълим тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича бошқа вазирликлар зиммасидаги вазифалар ҳам аниқ кўрсатиб қўйилди. Бу бежиз эмас, албатта.
Халқ таълими катта тизим, мактабларда таълим-тарбия жараёнлари сифатли йўлга қўйилиши бошқа кўплаб ташкилотлар ҳам самарали ишлашини тақозо қилади. Ўзи, умуман, бу масала давлатимиз раҳбарининг доимий назоратида бўлиб, жойларда ҳокимлар мактаблардаги шароитни яхшилаш бўйича асосий масъул этиб белгиланган.
Президент фармонига кўра, Халқ таълими вазирлиги Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда, 2022 йил 1 сентябрга қадар 2023-2024 йилларда мактабларда маънан эскирган компьютер синфларини янгилаш бўйича дастурни Вазирлар Маҳкамасига киритади. Мазкур дастурни молиялаштириш учун республика бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 200 миллиард сўм миқдорда маблағлар ажратилади.
2023 йилдан бошлаб Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги масъуллигида умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий компьютерлар билан таъминлашни молиялаштириш манбаларини аниқлаш чоралари кўрилади.
Президентимиз томонидан халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича қабул қилинган стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларда бир-биридан муҳим вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг ижросини таъминлаш, олдинга қўйилган аниқ мақсадли натижаларга эришиш нафақат мутасадди вазирлик-идоралар, ҳокимликлар, шу билан бирга, парламент ва халқ депутатлари Кенгашлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Ҳудудлардаги, сайлов округларидаги ўрганишлар жараёнида, назорат-таҳлил тадбирларида мамлакатимиздаги барча депутатлик бирлашмалари фарзандларимизниг келажаги, ватанимиз истиқболи билан чамбарчас боғлиқ бўлган таълим масаласига бефарқ бўлмаслиги зарур. Чунки мактаб, қайси соҳада фаолият юритмайлик, ҳаммамизга дахлдор масала бўлиб қолаверади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 18.05.2022, №20