Қўрқув, 48 соат ва Конституция мўъжизаси

 

Конституциявий ислоҳотлар зарурати ҳақида айрим мулоҳазалар

 

АРМОН ЎЛИМДАН ОҒИР

– Қаранг, қанча одамлар шуларни билмай қамалиб кетди!

Онасини, боласини бир кўришга зор бўлиб, қон қақшаб ўтганлар бўлди!

Умумхалқ муҳокамаси бўйича ташкил этилган тадбирдан кейин бир аёл шундай деб куюнди.

Ҳаққинг, ҳуқуқинг борлигини, булар сенга жонинг билан бирга берилганини билмай кетиш оғир фожиа. Лекин у бир сеники эмас. Бу аввало, сен онангдек яхши кўрадиган Ватаннинг, ота-боболаринг тер ва қон тўккан, яқинларинг яшайдиган жамиятнинг фожиасидир. Бу ҳаққинг борлигини билиб туриб, касбига, қасамёдига, инсонийликка хиёнат қилганларнинг фожиасидир.

Ётар жойим омонат бўлган мухбирлик вақтларимда бир муштипар инсон паспортиними, пропискасиними кўрсата олмагани учун арқонга осиб уришганини йиғлаб, эзилиб айтганида таскин беришдан дурустроқ ёрдам қилолмаганимдан ҳалигача қийналаман. Шу одам формали кимсаларни кўрса, дағ-дағ қалтироқ тутарди. Ўша вақтлар ҳам қонун, Конституция бор ва сиёсий-ҳуқуқий мавзуларда мақолалар ёзилар, қонун чиқарувчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари баланд ноталарда сўзлашишар эди.

 

ҚЎРҚУВ ВАБОГА ЎХШАЙДИ

Ҳадик, хавотир, қўрқув одамларнинг руҳиятига ўтириб, узоқ давом этса, суягига ҳам сингиб кетадиган ёмон руҳий ҳолат. Бундай ҳислар кўп жамият ривожланмайди, аксинча, чўкиб, қоронғуликка ғарқ бўлиб қолаверади. Қонунлар ва қомус яратиш эҳтиёжларидан бири ҳам қўрқувнинг олдини олиш бўлган бўлса, не ажаб. Ҳуқуқ бузилиши, ҳақ олинишидан ҳадик, хавотир бўлмаса, ҳеч ким ҳеч нарсадан қўрқмаса, Конституцияга ҳам зарурат қолмасди, эҳтимол.

Ҳадик, хавотир ва қўрқувдан энг кўп азият чекканлик, зиён кўрганлик бўйича кўрсаткичларни аниқлашни имкони топилса, узоқ ва яқин тарихимизга кўра, ёмон ўринларда бўлганимиз аниқ.

Ким кимдан ёки нимадан қўрқарди?

Меҳнаткаш, тадбиркор, уддабурон одамлар яқин-яқингача (кимлардир ҳозир ҳам қўрқар) бой бўлишдан қўрқарди. “Пулинг кўпайса, дарров орқангдан тушишади”. “Маска шоу”, ҳар хил “тадбир”лар уюштириларди.

Барча тоифа одамлар формали ходимларнинг қўлига тушишдан, тўғрироғи, қонунсизлик, адолатсизлик, маданиятсизликдан қўрқарди.

Битта жиноят қилган одам бошқа жиноятлар учун кетишдан қўрқарди.

Боласи бир кеча уйига келмаган оналар ўғлининг жигари эзилишидан қўрқарди.

Яна, масалан, Сурхондарёда ҳайдовчилар қайси бир машиналардан тезроқ юриб қўйишдан қўрқарди.

Хавотирнинг, ҳадикнинг, қўрқувнинг тури кўп, ранги ҳар хил.

Конституциямиз одамни зиён келтирадиган ҳислардан асрайдиган, ҳимоялайдиган қудратга эга, ҳадик ва хавотирни тарқатиб, куч, ишонч берадиган ҳужжатга айланмоқда. Бу жуда зарур.

Кўпчиликнинг ичида, руҳиятининг туб-тубида ҳадик, хавотир, қўрқув яшайди. Бунинг сабаби кўп, томири чуқур масала. Қўрқув вабодек гап, одамдан одамга юқиб, жамиятни абгор қилади.

Халқ билан мулоқот, қатъият, ҳуқуқ-тартибот идораларидаги мисли кўрилмаган ислоҳотлар натижасида жамият бу касалликдан анча тузалиб қолди. Энг ёмони, у қайталиши мумкин.

Президент шунинг учундир ҳар доим фуқароларнинг устувор ҳуқуқларига дахл қилмаслик, ҳимоясиз одамларнинг ҳуқуқига, дахлсизлигига кўз олайтирмаслик масалалари ҳақида қатъий талаб қўяди. Энди бу масалалар Конституцияда аниқ ёзиб қўйилмоқда. Кодексларда кўзга илинмайдиган жойларда қолиб кетган ҳуқуқнинг олтин қоидалари 2022 йилга келиб ҳамма кўрадиган мўътабар жойга битиб қўйилмоқда:

“Инсоннинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмасдир, улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади”.

“Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”.

“Ҳеч бир шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас”.

Ўзбекистонда қанча одам шундай ҳуқуқи борлигини билади? Кўп эмас, эҳтимол жуда камдир. Ҳуқуқни билмаслик одамни янада кучсизроқ қилади. Кучсиз одамлар кўпайган жамият яратишдан, ижод қилишдан билиб-билмай тўхтаб қолади. Нўноқ ва маданиятсиз терговчининг ноқонуний ҳаракати, шу тариқа шифокорнинг беморни даволаш иштиёқига салбий таъсир кўрсатади. Қўшниси адолатсизликка дучор бўлганини кўрган доянинг кўнгли кенг ва ёруғ бўлмайди. Аксинча, айбсиз яқини оқлангани, ота учун қизи ёки ўғли жавоб бермаганини кўрган одамлар ўнлаб, юзлаб одамларга яхши энергия тарқатади. Битта адолат жамиятга минглаб яхшилик олиб кириш қудратига эга бўлади. Умумхалқ муҳокамасидаги тадбирдан кейин учраган аёлнинг кўзлари яна кўп гапларни айтиб бера олади.

 

48 СОАТ МЎЪЖИЗАСИ

Конституциявий комиссиянинг биринчи муҳокама йиғилишида Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси 48 соат қоидаси ҳақидаги таклифни мазмунли ва ҳаяжонли фикрлар билан билдирганида бутун зал шу одамдан кўзини узгани йўқ. Ҳатто камерачилар уёқ-буёққа юрмай қўйганди ўшанда.

Нима учун шундай бўлгани тушунарли: қатағон йилларидан буён яқин-яқингача бўлган оғир даврда бу савдо бошидан ўтмаган бирор оила, сулола қолдимикан?.. Ноҳақ олиб кетиш, ноҳақ ушлаб туриш ва азоблашлар асорати кўпчилигимизнинг онг остимизда оғир асоратлар қолдирган. Гап бир мамлакат, бир халқ ҳақида кетар экан, бу ўта жиддий масалага айланади.

Мажлис куни ҳайрон бўлдим, бу таклиф нима бўларкин, деган савол ҳеч хаёлимдан кетмади. Кейинги йиғилишда 48 соат масаласи Конституциявий қонун лойиҳасига таклиф сифатида очиқ муҳокама қилинди. Бугунгача, 15 июлгача бўлган даврда бутун мамлакатимиз бўйлаб қанча одам шу ҳақда эшитди, озми-кўпми тушунчага эга бўлди.

“Ушлаб туришга, ҳибсга олишга ва ҳибсда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас”.

“Агар ҳибсга олиш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак”.

“Шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушланиш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши керак”.

Америка киноларидаги ҳуқуқбузарликда айбланган одамга орган ходими маданият билан ҳуқуқларини тушунтираётган ҳолат кўз олдига келади кишининг. Конституция ўзгарса, бутун ўлкамиз бўйлаб муҳит, муносабат ўзгаришини тасаввур қилдингизми сиз ҳам?..

 

КОНСТИТУЦИЯ ҚУДРАТИ

Қўрқув, хавотир одамзот танасига, руҳига кирган энг қадимий, энг мудҳиш ҳислардан бўлса керак. Фақат қайсидир халқлар ва жамиятлар бунга қарши чора кўролди, ҳокимият, турли органлар кучайиб халқни қўрқитишга журъат этмаслиги учун демократик институтлар ярата олди. Қайси давлат кўпроқ демократлашган бўлса, ўша жойда одамлар камроқ қўрқади, камроқ ҳадиксирайди, камроқ хавотирланади. Бизда шундай институтларнинг Конституциявий асослари энди янада мустаҳкамланяпти. Тўғриси, шу масалада бир фуқаро сифатида шукр қиламан.

Мана, масалан, 99-модда ўзгармоқда. 2 минг 22 йилда Конституцияда шундай мазмундаги модда туриши халқаро ташкилотлар у ёқда турсин, оддий одамлар олдидаги ҳижолатли масала (эди). Ҳокимларнинг ўзи айтяпти, депутатлар бизнинг юзимиздан ўтолмасди, ҳадиксирарди, ҳижолат бўларди, деб.

Янги меъёрлар киритилса, камида 200 нафардан ортиқ ҳоким, 6 минг нафардан ортиқ депутат бир-биридан ҳижолат бўлишдан қутулиб, бир-бирига нисбатан чинакамига ишлашга ўтади. Шунда “вакиллик ҳокимияти ўзини ҳам, халқни ҳам, давлатни ҳам алдаяпти”, деган кинояли, лекин оғир гапларга умуман ўрин қолмайди. Бутун мамлакатда сиёсий мулоқот муҳити юзага келади, жамиятда ижодкорлик, талабчанлик, яхшилик кайфияти бутунлай юксалади.

“Конституция”, деган сўзнинг маҳобати, салобати бошқача. Бу сўзга инсониятнинг жуда узун, чуқур ва энли тарихидан чиқарилган сабоқлар, одамнинг одамга муносабати, ҳокимият ва итоат мувозанати бўйича тўпланган бой билим, аччиқ хулосалар ҳам жамланган.

Қомусимиз шундай ҳужжат бўлсинки, Ўзбекистоннинг қайси бир ҳудудида, қишлоқдами, шаҳардами, тоғдами, чўлдами – фарқи йўқ – ўзини чорасиз, ҳимоясиз ҳис қилган одам ундан куч, кафолат топа олсин.

“Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган бўлса, ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга”.

“Қонунда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас”.

Конституция эркинлик осмонини кенгайтирсин, демократик тортишувлар кўпайсин, хавотир ва ҳадик генимизга ўтириб қолмасин, ҳар бир инсон озод ва мукаррам эканини англаш имконига эга бўлсин. Ҳуқуқ масаласида ҳеч нарса инсондан устунроқ кўрилиши мумкин эмас. Қанчалик шоирона туюлмасин, шуни истайман ва орзу қиламан.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ.

«Ўзбекистон овози», 15.07.2022, №28

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш