Давлат дастури – давлатнинг маълум вақт учун мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳисобланади. Бу муддат одатда бир йилни ташкил этади. Давлат дастури ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ҳам ифодалайди. Жамиятнинг ҳар бир жабҳасида олиб бориладиган ислоҳотлар унинг ривожи, аҳоли фаровонлиги, иқтисодий барқарорликка хизмат қилади. Лекин у ҳар доим кўзланган мақсадга етиб борадими? Мутасаддилар унинг ижроси учун қанчалик жон куйдиришади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йилда икки марта бу масалада эшитув ўтказади. Куни кеча депутатлар тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил биринчи ярим йилликда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини муҳокама қилдилар. Кун тартибидаги масала юзасидан Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди.
Мазкур масала дастлаб Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида атрофлича муҳокама қилиниб, депутатлар тегишли Ҳукумат аъзоларидан кўтарган саволларига аниқ жавоблар олди.
Таъкидланганидек, Давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат. Дастурнинг жами 607 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 215 тасининг ижро муддати 2022 йилнинг февраль-июнь ойлари этиб белгиланган. Шундан 137 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган, 10 тасининг ижро муддати узайтирилган. Қолган бандлар ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.
Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан геосиёсий вазият билан боғлиқ хатарлар бўйича ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,4 фоизни ташкил қилгани алоҳида қайд этилди.
Давлат дастурида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида оила таркибини автоматик тарзда шакллантириш функцияси яратилди. Бу орқали кам даромадли оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имкони яратилди. Кам таъминланган оилалардаги болаларни парваришлаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга оширилди, ишсизлик нафақаларининг энг кам миқдорлари 3,2 бараварга оширилди, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструментлар жорий этилди.
Дилбар МАМАДЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ҳисобот даврида ҳукумат томонидан бир қатор амалий ишлар бажарилгани айтиб ўтилди. Хусусан, партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган бошланғич таълим (1-4 синф) ўқувчиларини бепул нонушта билан таъминлаш тизими Қорақалпоғистон Республикасининг 726 та, Хоразм вилоятда эса 549 та мактабда жорий этилган.
Шунингдек, бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича фракциямиз аъзолари давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига кўплаб депутатлик сўровлари юборилган. Лекин ушбу сўровларга асосланган жавоблар олинишида муаммолар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига юборилаётган депутатлик сўровларига жавоб берилиши устидан назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, фармацевтика саноати маҳсулотларига аҳолининг талаблари кўпайиб бориши, тиббий жиҳозларга эҳтиёжларнинг юқорилигини ҳисобга олиб, кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган препаратлар ва тиббий жиҳозларни маҳаллий ишлаб чиқаришда маҳсулотлар сифатини халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш, уларни аҳолига қулай нархларда таклиф қилиш бўйича тегишли вазирлик ва ташкилотларга таклифлар берилди.
Шунингдек, Давлат дастурининг бажарилмай қолган бандлари бўйича тушунтиришлар сўралди. 70-бандда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва йиллик инфляция даражасини босқичма-босқич 5 фоизгача пасайтиришга оид республика ҳудудларида савдо инфратузилмасини ривожлантириш масалалари белгиланган. Унга кўра, ҳар бир ҳудудда йирик улгуржи-савдо марказлари, жумладан, логистика, музлатгич, омборхоналарни, йирик туман, шаҳарларда камида 3 тадан замонавий савдо марказларини ташкил этиш, қишлоқ жойларда кўчма савдо нуқталарини кўпайтириш каби муҳим ишлар назарда тутилган бўлса-да, ижроси ҳақида айтарли маълумот йўқ. Демак, Давлат дастури ижроси ҳақида жиддий мушоҳада юритадиган вақт келмоқда. Чунки йил ярмидан ошиб қолди.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Ҳисоботда тиббий хизматларни яхшилаш мақсадида 76 та оилавий шифокор пунктлари, 20 та оилавий поликлиникалар ҳамда 505 та маҳаллада тиббиёт пунктлари ташкил этилгани айтиб ўтилди. Натижада 1,8 млн. нафар аҳолига ўз яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария хизматидан фойдалана олиш имконияти яратилган.
208 та кўп тармоқли туман марказий поликлиникалар ҳамда Тошкент шаҳридаги 70 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилгани, 4,7 млн. фуқаро скрининг текширувидан ўтказилгани, бирламчи тиббий-санитария хизмати муассасалари учун Давлат бюджетидан дори воситалари ва тиббий буюмларга 598 млрд. сўм маблағ ажратилгани, аҳолига бепул бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар 66 турдан, 120 турга етказилгани ва бошқа йўналишлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Буларнинг барчаси аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам сифатини оширишга хизмат қилади, албатта.
Лекин дастурда белгиланган вазифалар тўлиқ ижро этилмагани жойларга чиққанда, сайловчилар билан учрашганда маълум бўлмоқда. Юртбошимиз эътибори билан ажратилаётган маблағларнинг самарали, мақсадли ва манзилли ишлатилиши мутасадди рахбарларнинг масъулиятига боғлиқлигига амин бўласан. Ҳолатлар республика бўйлаб бир хил эмаслиги бунинг тасдиғини кўрсатади. Ҳозир аҳоли саломатлигига таҳдидлар кўпайган давр. Шундай пайтда ижро интизомини кучайтириш долзарб масаладир.
Ҳисобот даврида 644 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилган ҳолда, уларга кўрсатиладиган 41 турдаги хизматлар тўплами жорий қилингани айтилади. Ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларнинг 68,6 фоизига амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 156 минг 515 нафар хотин-қизлар касбларга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилгани ва уларнинг бандлиги таъминлангани қайд этилган.
Гулшан АСАТОВА,
ЎзХДП Марказий Кенгаши «Фаол аёллар» қаноти раҳбари:
– Партиямиз ўз фаолиятида Давлат дастури ижросига ҳам эътиборда бўлади, албатта.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда «Аёлларга кўмак» лойиҳаси доирасида бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилиб, Бандликка кўмаклашиш марказлари 14 мингдан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди. 3616 нафар аёлларнинг ишга жойлашиши, 945 нафарига кредит олиши, 479 нафари субсидия олиши, 920 нафарига ўз бизнесини очиш учун ёрдам берилди. Шунингдек, 3569 нафар аёллар касб-ҳунар ўрганиш учун ўқув марказларига жалб қилинди, 2662 нафар аёллар эса шогирдликка бириктирилди.
«Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори билан жойларда нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди ва улар томонидан бажариладиган бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Яъни, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлашдан бошлаб, уларнинг ишга жойлашишига, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларга бизнес режалар тузишда, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга, маҳаллалардаги бўш турган бинолардан жой ажратилишига кўмаклашиш ва ҳаттоки, ишончли ҳамкорларни топиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг реализация қилинишигача ёрдам бериш вазифалари юклатилган.
Лекин, афсуски, айрим марказларнинг ўзи ёрдамга муҳтож, амалиёт ўташ учун зарур шароитларга эга эмас, чекка ҳудудларда аёлларни ўқитиш учун имкониятлар яратилмаган, жой, транспорт масаласи муаммо. Партия гуруҳларимиз билан ҳамкорликда ушбу қарорнинг жойлардаги ижроси ҳам ўрганиб чиқилганда қатор камчиликлар борлиги маълум бўлди.
Ҳар қандай дастур, қонун, қарор, фармон ижроси назорат қилинсагина ишлайди, одамларга тўлиқ фойдаси тегади. Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилинса, унинг самарали фаолият юритишига кўмак берилса, юзлаб хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришамиз.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, интилишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Хусусан, республикадаги 9348 та маҳаллада «Ёшлар баланси» шакллантирилди. Уни юритиш тўлиқ рақамлаштирилиб, ишга туширилган электрон платформа давлат органлари ахборот тизимларининг 19 турдаги маълумотлар базаси билан интеграция қилинди. Натижада электрон платформага киритилган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни инсон омилисиз доимий янгилаб бориш имконияти яратилди.
Абдулло САЙФУЛЛАЕВ,
Навоий шаҳридаги «Маърифат» маҳалласи ёшлар етакчиси:
– Бу платформанинг ташкил этилиши фаолиятимизда жуда катта енгиллик бўлди. Хатловларни январь ойида бошлаганмиз. Айни пайтда ҳудудимизда 821 нафар йигит-қиз рўйхатга олинган. Бу рақам, албатта, ўзгариб туради. Боиси, ўқишга, ишлашга кетганлар бор, қишлаш учун келадиганлар бор. Ёшлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон базага киритилиши унинг шарт-шароити, ҳолатини аниқлаш имконини беради. Уларнинг бандлик, таълим даражаси, оилавий, ижтимоий ҳолати, саломатлиги, ногиронлиги, ютуқлари ҳақида билиш мумкин бўлади.
Бу, албатта, бошқа енгилликларни ҳам келтириб чиқаради. Турли давлат идораларига қоғоз ҳужжатлар кўтариб юрмаймиз. Тақдим этиладиган маълумотлар тайёр ҳолда электрон тартибда узатилади. Ёшларнинг мурожаатларини қондириш мақсадида кўриб чиқиладиган анкеталар тайёр ҳолида бўлиши кўплаб оворагарчиликларнинг олдини олиш, вақт тежалиши имконини беради.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ёшларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб 20 турдаги ёрдам ажратилмоқда. Айрим ёшлар ўзини ўзи банд қилиш мақсадида субсидия сўраб мурожаат қилса, баъзилари ойлик маоши тайин бўлган иш масаласида мурожаат қилади. Ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида уларга зарур ёрдам кўрсатилиб, мурожаатлари қаноатлантирилади.
Муҳокамалар жараёнида депутатлар ҳисобот даврида қилинган ишларни эътироф этган ҳолда, Давлат дастурининг айрим бандлари ижроси кечикаётганига алоҳида эътибор қаратдилар.
Тақдим этилган ҳисобот, унда келтирилган ҳар бир рақам ва таҳлиллар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, Давлат дастурининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги ижросига оид ҳисобот қўллаб-қувватланди.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 27.07.2022, №30