Инсоният ва цивилизациялар тарихидан маълумки, ҳар бир жамиятда муайян даврда юксалиш, янгиланиш, тараққиёт сари туб бурилиш рўй беради. Бунга жуда кўплаб омиллар асос бўлади.
Барчамиз кейинги йилларда мамлакатимизда ана шундай юксалиш даври рўй бераётганининг гувоҳи бўляпмиз. Аввало, жамиятимизда ижтимоий онг янгиланмоқда, сиёсий-ҳуқуқий маданият ривожланмоқда, фуқаролик позицияси мустаҳкамланмоқда. Бу фуқаролик жамияти юзага келиши учун кучли асос ҳисобланади. Шундай ҳолатда аҳолининг барча қатламлари учун ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун ҳаммага имконият яратиш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу фундаментал масала аввало, Конституцияда акс этиши зарур.
Халқ демократик партияси Конституциявий ислоҳотлар ташаббусини шу нуқтаи назардан ҳам қўллаб-қувватлаган, асосийси, бу жараёнда дастурий ғояларини акс эттириш учун фаол иштирок этишга принципиал масала сифатида ёндашиб келмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этиш ҳақидаги бош дастурий ғояси Конституциямизда мустаҳкамланиши устувор сиёсий мақсадларимиздан биридир.
Ўзи, умуман, Конституциявий ислоҳотлар ҳақида дастлабки таклифлар 2021 йилда бўлиб ўтган Президент сайлови билан боғлиқ учрашувлардаёқ билдирила бошланган эди. Маълумки, Халқ демократик партиясининг сайловолди учрашувларида ҳам Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича бир қатор таклифлар берилган эди. Хусусан, кейинги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотларга мос равишда Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат эканини белгилаш бўйича таклиф билдирилган эди.
Партиямиз, юқоридагилардан келиб чиқиб, икки босқичдаги устувор вазифаларга эътибор қаратди.
Биринчи босқичда Конституциявий ўзгартиш ва қўшимчалар киритишнинг аҳамияти, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, ижтимоий демократия ғоялари Бош қомусимизда акс этишининг заруратини кенг тушунтиришга, электорат, умуман, аҳоли вакилларида муносабат шакллантириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Бу жараёндаги тадбирлар, тарғибот материаллари, турли учрашувларда Конституцияни кейинги йилларда амалга оширилган изчил ислоҳотлар бардавом бўлиши, илғор демократик тажрибалар, замонавий меъёрлар нуқтаи назаридан янада бойитишнинг моҳиятига урғу берилди.
Иккинчи босқичда партиямиз электорати вакилларини ўйлантириб келган, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ бўлган, йиллар давомида йиғилиб қолган масалаларни тизимли ҳал қилиш бўйича бевосита мулоқот орқали таклифлар олишга, фикр-мулоҳазаларни билишга интилдик.
Биринчи навбатда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида 15 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар партия кенгашларининг ҳар бирида жами бўлиб 70 нафардан иборат Ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар таркибига партия фахрийлари, иқтисодчилар, сиёсатчилар, тиббиёт ходими, халқ таълими вакиллари, профессор-олимлар, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган фаол аёллар ва ёшлар ҳамда бир қатор соҳа мутахассислари жалб қилинди.
Жойларда 1200 нафардан ортиқ тарғибот гуруҳлари аъзолари, 1500 нафардан ортиқ маҳаллий кенгаш депутатлари, 10 мингга яқин бошланғич партия ташкилоти ҳамда партиянинг 300 мингга яқин фаол аёллар ва ёшлар қаноти аъзолари иштирокида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган турли тадбирлар ўтказилди.
Халқ демократик партиясидаги Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича Ишчи гуруҳларига аҳоли вакилларининг 2000 га яқин таклифи қабул қилинди. Аҳолидан тўпланган таклифлар Ишчи гуруҳи томонидан ҳуқуқий жиҳатдан асослаш ва такомиллаштириш мақсадида, экспертларни жалб қилган ҳолда, муҳокамадан ўтказилди ҳамда соҳа ва ҳудудлар кесимида таснифлаб, Конституциявий комиссияга 200 дан ортиқ таклиф тақдим этилди.
Ижтимоий ҳимоя — бош масала
Электорат вакиллари томонидан юборилган таклифларда, ҳудудлардаги мулоқот тадбирларида фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича давлатнинг масъулиятини кучайтириш, ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, барчага тенг муносабатда бўлинишига эришишга алоҳида эътибор қаратилган эди. Бу масала Халқ демократик партиясининг бош дастурий мақсади, асосий шиорларидан бири бўлган “Барчага ғамхўрлик давлатнинг бурчидир”, деган ғояга ҳам ҳар томонлама мувофиқ келгани учун тегишли таклиф Конституциявий комиссияга етказилган эди.
Бу таклиф, айтиш мумкинки, ғоя Конституциявий қонун лойиҳасининг 13-моддасида ифода этилмоқда. Ушбу моддада “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга мувофиқ инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр–қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Инсоннинг шаъни ва қадр–қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбуриятидир”, деб белгилаб қўйилмоқда.
Инсон қадри улуғланади
Барчангизга маълум, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак” деб белгиланган. Қолаверса, бундай қоидалар Германия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Бельгия, Янги Зеландия, Финляндия, бир қатор МДҲ мамлакатлари ва бошқа давлатлар Конституцияларида келтириб ўтилган.
Мазкур норманинг киритилиши партиямиз учун, аъзолари ва хайрихоҳлари учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
Конституциянинг 37-моддасида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланиши ҳамда қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда. Бу ўз навбатида ҳар бир фуқаронинг манфаатлари ҳимоя этилиши, мажбурий меҳнатнинг олди олиниши кафолати мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу моддада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши керак эканлиги белгиланмоқда. Бу меъёр мамлакатда турмуш фаровонлигини таъминлашда, ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.
Аҳоли вакиллари томонидан турли ҳудудларда, маҳаллаларда ўтказилган учрашувларда мана шу йўналишдаги ишлар бардавом бўлиши, янада изчил бўлиши кераклиги ҳақида ҳам таклифлар билдирилган эди.
Конституциявий қонун лойиҳасига 37-1-модда сифатида давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этиши ва рағбатлантириши белгилаб қўйилмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасида давлат истеъдодли ёшларга молиявий аҳволидан қатъи назар, ўқишни давом эттиришга кафолат бериши ҳақида меъёр белгиланаётгани жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашга, қанчадан-қанча истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга асос бўлади.
Албатта, бу жамиятнинг интеллектуал элитасини шакллантиришга, самарали инсон ресурсларига ва давлатнинг барқарор, динамик, инновацион ривожланишига ҳисса қўшади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи республика жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда умумхалқ муҳокамалари, мулоқотлар ўтказилди. Тадбирларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга фаол интеграцияси билан боғлиқ бир қатор масалаларда таклиф-мулоҳазалар билдирилган эди.
Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт–шароит яратиши, ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши ҳақида тўлақонли меъёр акс этмоқда.
Конституциявий комиссия Халқ демократик партияси сиёсий мафкурасининг негизини ташкил этадиган ғоялар Асосий қонунимизда кафолатланиши билан боғлиқ 40 га яқин таклифларни муҳокама қилди.
Халқ демократик партияси халқимизнинг хоҳиш-иродаси сифатида билдирилган ташаббуслар, партиямиз электорати, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам билдирган таклифлар Конституциямизда тўлиқ акс этиши учун бундан кейин ҳам ишларни изчил давом эттиради.
Конституциявий қонун лойиҳасида халқимизнинг кўнглидаги фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўз ифодасини топган. Янгиланаётган Конституция юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти, Янги Ўзбекистон ғоясини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади, деб ишонамиз.
Улуғбек Иноятов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.
«Ўзбекистон овози», 28.09.2022, №39