Янги меъёрлар

 

Якунига қараб кетаётган 2022 йил эсда қоларли кўплаб воқеалар билан жаҳон тарихида қолади. Бу йил мамлакатимиз ҳаётида ҳам тарихий ўзгаришлар, воқеалар юз бермоқда. Ана шундай жараёнлардан бири сўзсиз конституциямизга киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардир.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, жорий йил 25 июнда эълон қилинган ва 1 августга қадар давом этган «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бўйича жами 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган эди.

 

Умумхалқ муҳокамасидан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги масъул қўмиталар томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда.

Масъул қўмиталар вакиллари ҳамда экспертлар иштирокида Конституциявий қонун лойиҳасининг концептуал ва таҳририй тузатишлар киритилган айрим моддалари ҳақида Конституциявий комиссиянинг расмий саҳифалари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида маълумотлар бериб борилмоқда.

Қонун лойиҳасида Конституциянинг 26, 37, 1, 41, 45, 46, 98, 99, 112- моддаларига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот бериб ўтилганди.

Энди эса шу пайтга қадар эълон қилинмаган айрим моддаларнинг мазмун-моҳиятини қисқача шарҳлашга ҳаракат қиламиз.

 

Илтимос қилиш ҳуқуқи

Аввало қайд этиш керак, халқимиздан фуқароларнинг малакали юридик ёрдамга эга бўлиш ҳуқуқи, жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлатнинг кафолатини оширишга қаратилган кўплаб таклифлар келиб тушганди.

Ушбу таклифлар асосида Конституциямизга 26-1-моддаси сифатида қуйидаги янги меъёр киритилиши таклиф этилаяпти:

Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўрилиши ҳуқуқига, шунингдек, афв этиш ёки жазони юмшатиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

Илгари ҳам бу борадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти бор эди. Яъни, судланувчи, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили ёки жабрланувчига биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш имкониятини тақдим этувчи меъёр миллий қонунчилигимизда мавжуд. Лекин бу меъёр Конститциямизда акс эттирилмаган эди. Бу инсонпарвар тамойилнинг Конституциямизда акс эттирилиши келгусида унинг тўғридан-тўғри ишлашига, фуқароларимизнинг манфаати ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Экологик ҳуқуқлар кафолати

Яна бир муҳим янгилик: кейинги йилларда нафақат республикамиз аҳолисини, балки бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган экологик мувозанатни сақлаш масаласига ўзига хос ечим бўладиган янги меъёр Конституциявий қонун лойиҳасидан ўрин олиши кутилмоқда.

Лойиҳада 40-1-модда сифатида таклиф этилаётган моддада қуйидаги меъёр ўрин олган:

Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Бу ўзгариш фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

 

Ўқитувчининг қадр-қиммати

Конституциямизга янги 41-2-модда сифатида таклиф этилаётган меъёрда ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда:

Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Ўқитувчининг мақоми Конституция даражасида кафолатланиши ва давлат ҳимоясига олиниши халқимизнинг устозга юксак эҳтиромини кўрсатади ва бу педагогиканинг юксалишига хизмат қилади.

 

Фуқаролик жамиятининг асоси

Конституциявий қонун лойиҳасида 56-моддага киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш билан жамоат бирлашмаларининг аниқ таснифи ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат дастурларини ишлаб чиқишдаги иштироки ҳақида сўз боради.

Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади.

Давлат фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ва ижтимоий шериклик дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда уларнинг иштирок этишини таъминлайди.

Фуқаролик жамияти институтлари бутун дунёда демократик жамиятнинг асосий белгиларидан бири сифатида қаралади. Бу институтлар давлатнинг фуқаролар олдида масъулиятли ва жавобгар бўлишини кафолатлайдиган, инсоннинг устувор ҳуқуқларини амалга оширишга яқиндан ёрдам берадиган, бир сўз билан айтганда, халқни халқ, давлатни давлат қиладиган механизм ҳисобланади.

 

Ёшлар фаол иштирок этади

Мамлакатимизда ёшларимизнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда барча идора ва ташкилотлар масъулиятини кучайтириш бўйича кўплаб қонун ҳамда қонуности ҳужжатлар қабул қилинган.

Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларини мустаҳкамловчи янги меъёр шакллантирилди. Бу Конституциямизда янги 65-1-модда сифатида акс этиши кутилмоқда.

Ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда уларнинг жамият, давлат ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш давлатнинг муҳим вазифаси эканини белгиловчи меъёр киритилиши таклиф этилмоқда.

Қолаверса, мазкур моддага давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши лозимлиги билан боғлиқ меъёр қўшилиши кутилаяпти.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 35,5 миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг 20 миллиондан ортиғини 30 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар ташкил қилади. Ушбу кўрсаткич ёшларга оид давлат сиёсати тўғри ва самарали йўлга қўйилиши долзарб масала эканини кўрсатади.

 

Адвокат катта одамга айланади

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фуқаролардан келиб тушган кўплаб таклифлар асосида Конституциямизда «Адвокатура», деб номланувчи янги боб шакллантирилиши кутилмоқда.

Мазкур бобда адвокатура тизимини кучайтиришга хизмат қилувчи бир қатор меъёрлар ўрин олмоқда.

Хусусан, Конституциямизнинг 116-моддасига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қуйидагича:

Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.

Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади.

Янги 116-1-модда назарда тутилмоқда:

Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсиқларсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.

Адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади. Адвокатнинг касбий ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан муҳофаза қилинади.

Дарҳақиқат, адвокатнинг қўлидан нималар келишини киноларда кўп кўрганмиз. Конституциямизга киритилиши назарда тутилаётган янги меъёр мамлакатимизда адвокатура хизматини янги босқичга олиб чиқади. Адвокат прокурор ёки судья билан тенг мақомдаги шахс бўла олади.

 

Журналистлар ҳуқуқлари Конституцияда ҳимояланади

Лўнда, аниқ ва оддий — ушбу талаблар бугун ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган Конституция матнининг тузилишини англатади. Яъни, узоқ вақтдан бери давом этаётган муҳокамалар, билдирилаётган таклифлар асосида равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда, юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён этилаётган Асосий қонунимиз пишиқ-пухта ҳолатга келтирилмоқда.

Муҳими, унда жамиятнинг ҳар бир қатлами манфаатлари инобатга олиняпти. Мамлакатимизда ОАВ ролининг ошиб бораётгани эса соҳада фаолият юритувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳам конституциявий жиҳатдан кафолатлашни талаб қилмоқда. Зеро, бугун ҳар қандай соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини назорат қилишда, камчиликларни очиқ-ойдин айта олишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни сезиларли даража ошди. Буни Конституциянинг 67-моддасига киритилиши кўзда тутилаётган ўзгаришларда ҳам кўриш мумкин.

Яъни, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир, деган қўшимчалар Бош қонунимиздан жой олиши мумкин. Бу борада ҳамкасблар фикри билан қизиқдик.

 

Муслим МИРЗАЖОНОВ, журналист:

— Аввало айтишим керакки, журналистика бутун дунёда энг хавфли касблар қаторида саналади. Ўзбекистонда ҳам, жумладан, шундай. Кунда-кунора у ёки бу ҳамкасбимизнинг ҳокимият вакиллари ёхуд бошқа шахсларнинг босимига учраш ҳоллари кузатилади. Гарчанд журналистик фаолият ҳимояси бир нечта қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган бўлса-да, кодексларда турли босимлар ва таҳдидларга нисбатан жавобгарлик киритилмаган. Ваҳоланки, бу масала жуда кўп муҳокама қилинган.

Масалан, 2019 йилда журналистик фаолиятга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик киритиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди, 2020 йилда жавобгарликни жорий этишни назарда тутувчи яна бир қонун лойиҳасини ҳам кўрдик. 2021 йилда эса янги таҳрирдаги Жиноят кодекси лойиҳасида ҳам журналист фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни жорий этиш белгиланди. Афсуски, буларнинг ҳеч бири қабул қилинмади. Бундан ташқари, шу мазмундаги ислоҳотлар ўтган йилги ва бу йилги Давлат дастурига ҳам киритилганди. Лекин…

Ўзбекистон Конституциявий комиссияси асосий қонуннинг 67-моддасини ўзгартириш таклифини олқишлаймиз. Бундай ҳимоя биз учун дастак. Яъни, ОАВ фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик белгилаш сингари масалаларнинг ижобий ҳал бўлишига турки бўлади, деган умиддамиз.

 

Зафар СОЛИЖОНОВ, блогер:

— Ислоҳот одатда жойида қотиб қолган, сунъий тўхтатилган, ривожланиб кетолмаган соҳаларда қилинади. Бу орқали қолган ривожланган, қонуний тарафдан мустаҳкамланиб олган соҳалар даражасига етиб олиш мақсад қилинади. Конституциявий комиссиянинг навбатдаги брифингги ўтказилди.

Унда Одилжон Тожиев Конституциянинг қайси моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани ҳақида ҳисобот берди. Адвокатура, ОАВ, экология ва бошқа шу каби ислоҳотга муҳтож соҳаларга тегишли моддалар шулар жумласидан. Эртага устоз ва мураббийлар байрами. Брифингда ўқитувчи мақоми бош қомус даражасида ҳам мустаҳкамланиб қўйилаётгани айтилди.

Конституция миллат тақдирини белгилайди. Бутун диққатимизни унга қаратиш ва унинг халқ манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилиши, ҳуқуқларини ҳимоялашини таъминлаши учун дахлдор бўлишимиз зарур, деб биламан ва юртдошларимиздан шуни сўраб қолардим.

 

Конституциявий комиссия матбуот хизмати ахборотлари асосида

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Аҳмаджон ҚУРБОНОВ тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 5.10.2022, №40

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш