Инсон қадрини оширган кодекс

 

Меҳнат инсоннинг зийнати экани ҳақида ҳикматлар кўп. Инсон ўзини асосан меҳнати билан намоён қилади. Бунинг учун унга ҳар томонлама қулай ва эркин шароит яратиш давлатнинг энг долзарб вазифаларидан биридир.

Шу маънода кейинги йилларда юртимизда катта ўзгаришлар рўй берди. Ҳар ким илм олиб, ҳунар ўрганиб, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласининг ҳаёти, турмуш тарзини яхшилаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодиётини кўтариш, ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш, камбағалликни қисқартиришда бу жуда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Инсон эркинлашгани сари фаоллашаркан. Даромад топиш, хизмат кўрсатишнинг бир вақтлар тасаввур этиш қийин бўлган шакллари, имкониятлари очилмоқда. Меҳнат масалалари билан боғлиқ янгидан-янги муносабатлар юзага келди. Бир сўз билан айтганда, меҳнат тушунчаси жуда кенгайди, ҳуқуқий тартибга солиш нуқтаи назаридан мураккаблашди.

Замон ҳам, соҳалар ҳам, фаолият ҳам, инсон ҳам ривожланиб кетаётган ҳолатда ўтган асрда қабул қилинган Меҳнат кодекси талабга жавоб бера олмасди. Уни ҳозирги реалликка, тараққиётнинг илғор йўналишларига мослаштириш зарур эди. Ана шу зарурат сабабли Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Жорий йил 28 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган қонун асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тасдиқланди.

Одатда, қонун ёки кодекс янги таҳрирда қабул қилинганда, “олдин қандай эдию энди қандай бўлади, нима ўзгаради”, деган саволлар берилади. Бундай саволларга жавоблар аниқ ва тушунарли бўлгандагина янги меъёрларнинг ҳаётийлиги ошади.

 

Муҳим ўзгаришлар нимада?

Биринчи ҳолат. Амалдаги Меҳнат кодекси 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, унда меҳнат фаолияти янги шаклларининг фаол ривожланиши ҳисобга олинмаган ва асосан давлат ташкилотлари ва йирик саноат корхоналарида меҳнат қилиш билан боғлиқ муносабатларга қаратилган.

Бугунги кунда эса хусусий секторнинг мамлактимиз иқтисодиётидаги улуши жадал ошиб бормоқда.

Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 29-мақсадида хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Янги Меҳнат кодексида кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасида ишлайдиган шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга (масалан, маҳсулот, товарлар ва хизматларга бўлган мавсумий талабнинг ошиши натижасида меҳнат муносабатларини тартибга солишга) алоҳида эътибор қаратилган.

Иккинчи ҳолат. Меҳнат шартномаларини тузиш, уларни сақлаш ҳамда рўйхатга олиш билан боғлиқ эскича нормалар айрим ҳолларда фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Янги Меҳнат кодексида эса барча меҳнат шартномаларини ва уларга киритилган ўзгартиришларни «Электрон ҳукумат» тизимига кирувчи Ягона миллий меҳнат тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш талаблари белгиланди.

Учинчи ҳолат. «Ходим пенсия ёшига етди», деган сабаб билан унинг ишдан бўшатилиши малакали ходимларнинг норозиликларини юзага келтирарди.

Янги Меҳнат кодексида эса ходимнинг пенсия ёшига етганлиги сабабли иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси чиқариб ташланди.

Тўртинчи ҳолат. Ходим ишдан бўшатилаётганда унга тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасини ҳисоблашдаги адолатсизликка ҳам барҳам берилди. Яъни, шу пайтгача ходим бирор ташкилотда 1 ой ишласа ҳам ёки 10 йил ишласа ҳам бир хил ишдан бўшатиш нафақасини олган.

Янги Меҳнат кодексида эса ишдан бўшатиш нафақасини ходимнинг иш берувчида ишлаган иш стажидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш белгиланмоқда.

Бешинчи ҳолат. Иш вақти тартиби турли хил шаклларидан фойдаланиш (сменали иш, мослашувчан иш режими, иш кунини қисмларга бўлиш ва ҳоказо), шунингдек иш вақтини ҳисобга олишнинг ҳар хил турларидан фойдаланиш (кундалик, ҳафталик ёки умумлаштирилган иш вақти ҳисоби) имкониятлари кенгайди.

Олтинчи ҳолат. Битта ташкилотда кўп йил меҳнат қилганлик учун қўшимча таътил бериш тартиби жорий этилади. Қўшимча таътил ходимнинг ташкилотдаги тўлиқ ҳар 5 йиллик иш стажи учун 2 кунга, лекин жами 8 кундан ортиқ бўлмаган муддатга кўпайтирилган.

Еттинчи ҳолат. Шу пайтгача хизмат текширувларини ўтказишнинг аниқ ҳуқуқий асоси ва тартиби бўлмаганлиги оқибатида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар ҳам йўқ эмас эди. Янги Меҳнат кодексида эса хизмат текширувларини ўтказиш ва ишдан четлаштириш тартиби аниқ белгилаб қўйилди.

Саккизинчи ҳолат. Иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаганлиги учун иш берувчининг жавобгарлиги (кечиктирилган ҳар бир кун учун қайта молиялаш ставкасининг миқдоридан келиб чиқиб) белгиланди.

Тўққизинчидан, ишлаб чиқаришда ўқитиш, қайта ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ҳуқуқий механизмлари белгиланиб, «Ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси» институти жорий этилди.

Ўнинчи ҳолат. Иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғуруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шартлиги тўғрисида янги меъёр киритилди.

Юқоридаги мисоллардан Меҳнат кодексидаги янгиликлар инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада кафолатли ҳимоя қилишга, унга қулайлик ва қўшимча имконият яратишга қаратилгани яққол билиниб турибди. Шунинг учун янги меъёрларни кенг жамоатчиликка етказиб бериш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирокида янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган туркум семинарлар ўтказилмоқда.

Семинарларда халқимизга янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти, ундаги янги нормалар содда услубда, аниқ қиёсий-таҳлилий маълумотлар ёрдамида тушунтирилмоқда.

Мулоқотларда иштирок этаётган юртдошларимиз меҳнат ҳуқуқи соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан муҳокамаларда фаол иштирок этмоқда.

Шуларга асосан ишонч билан айта оламизки, янги Меҳнат кодекси ходимларнинг иш шароитларини янада яхшилашга, меҳнат учун адолатли ҳақ тўланишига, меҳнатга мажбурлашни йўқ қилишга, ходимларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқларини янада кенгайтиришга, иш унумдорлигини оширишга, фуқароларнинг кайфиятини кўтаришга, меҳнат қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 9.11.2022, №45

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш