Депутат бўлдим: Бўшаб қолган ўринларга сайланган депутатларнинг фикрлари, режалари қандай?

 

Депутатлик ёниб ишлаш, керак бўлса ўзидан, оромидан, ҳаловатидан кечиш дегани. Одамларнинг қувончу ташвишларига шерик бўлиш, сайловчиларнинг ишончи учун курашиш дегани. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлганига ҳам 3 йил тўлай, деб қолди. Ҳозир депутатликнинг энг қизиқ палласи. Депутатликка биринчи сайланганларку аллақачон унинг нималигини англаб, тушуниб олишди. Режалаштирилган ишларнинг рўёби гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай турибди.

Депутатларнинг яна бир тоифаси борки, улардан икки карра кўпроқ масъулият талаб этилади. Бўшаб қолган ўринларга сайланган депутатларни назарда тутяпмиз. Яъни, улар ҳозир айни қайнаб турган қозоннинг ичига тушиб қолишди гўё. Уларда депутатликка мослашишга, кўникишга вақт кам. Депутатликка сайланишдан олдин белгилаб олган мақсадларини амалга оширишлари учун ҳам кўп муддат қолгани йўқ.

Бугун уларнинг кўнглидан нималар ўтаяпти? Режалари қандай?

 

Зийба Алланиязова,

халқ депутатлари Тахтакўпир туман Кенгаши депутати:

– Депутатлик ишимни тажрибали депутатларнинг фаолиятини ўрганишдан бошладим. Сайловчилар билан учрашувлар, одамларнинг мурожаатлари ва фикрларини тинглаш ва уларнинг дардини эшитиб, ёрдам қилиш кишига ўзгача завқ берар экан.

Сайлов округим тумандаги «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган. Бугунги кунда бу ҳудудни ўрганиб чиқдим ва у ерда ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви, бандлик, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича муаммолар борлиги аниқланди. Депутат сифатида биринчи навбатда ушбу масалаларни бартараф этишга эътибор қаратаман. Уларнинг ижобий ҳал қилиниши учун депутатлик ваколатимдан тўлиқ фойдаланаман.

«Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари», «Темир дафтар»га киритилган оилаларда бўлганимда, Президентмизнинг кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ишларидан ҳақиқатда давлатимизда инсон қадри қанчалик улуғ эканлигини тушундим. Депутатлар халқ дарди билан яшаб, доимий мулоқот қилиб, учрашиб, қийнаб келаётган масалаларни ўрганиб бориши ва ечими бўйича тизимли ишлар олиб бориши зарур. Халққа хизмат қилиш учун бор куч ва имкониятимни сафарбар этаман.

 

Бахит МАШАРИПОВ,

халқ депутатлари Шуманай туман Кенгаши депутати:

– ЎзХДП Шуманай туман Кенгаши партия электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар билан тизимли ишлаб келмоқда. Партия кенгаши раиси сифатида депутат бўлиб сайланишим муаммолар ечимига имкон топишда менга яна бир имконият бўлди.

Депутат бўлиб сайланишим билан сайловчилар мурожаатлари билан ишлашни ишимнинг асосий қисмига айлантирдим. Сабаби, аҳоли билан учрашар экансиз, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга ёрдам беришга интиласиз. Мен сайланган ҳудуд «Кетенлер» ОФЙ ҳудуди бўлиб, у ерда 12 овул, 23 та кўча ҳамда 616 оила — 5534 киши истиқомат қилади. Сайлов округим ҳудудида асосан ички йўллар таъмири, электр энергияси, аҳолини иш билан таъминлаш ва бошқа масалалар мавжуд. Уларни чуқур ўрганиш ҳамда ечими бўйича таклифлар тайёрлаб, туман Кенгаши сессиясига олиб чиқиш зарур. Бу бўйича партия гуруҳимиз билан ишларни бошлаб юборганмиз.

Яқинда ҳам сайловчиларим билан учрашдим. Унда қатор мурожаатлар тушди. Хусусан, «Кетенлер» ОФЙ ҳудудидаги «Тинчлик» кўчасига тунги ёритқичлар ўрнатиш, «Бахт қуши» кўчасини асфальтлаш, «Кўкли» кўчаси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалалари назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.

 

Акмал ҒАНИЕВ,

халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгаши депутати:

– Тўғриси, депутатлигим айрим ўй-фикрлар билан бошланди. Қолган икки йил муддатга бўлса ҳам халқимга, қишлоғимиз аҳолисига ёрдамим тегишини ният қилганман. Хабарингиз бор, туманимиз Презилентимизнинг қарори билан Чироқчи туманидан ажралиб чиқди. Янги ҳудуднинг, албатта, ташкилий-идоравий масалалари бўлади. Молияси қайта ташкил этилади. Шу боис мақсадларим аста-секин босқичма-босқич амалга ошиши учун ҳаракат қиламиз.

«Араббанди» қишлоғимиздаги энг долзарб масала – боғча. Давлат боғчаси фаолият юритмайди. Депутат сифатида биринчи навбатда шу масалани туман ҳокимияти масъуллари олдига қўймоқчийдим. Тўғри, хусусий боғчаларга рухсат берилган. Аммо уларнинг ўз талаблари, қонун-қоидалари бор. Давлат боғчаси қурилишини режага киритиш таклифини бермоқчиман.

Мактабимизда айрим муамолар бор. Ўқувчилар икки навбатда ўқишади. 9 та ўқув хонасида 600 га яқин ўқувчи таълим олади. Лаборатория хоналарини ҳам дарсхона қилиб берганмиз. Тўгарак машғулотлари учун ҳам хоналар мавжуд эмас. 200 ўринли қўшимча мактаб биноси қурилиши масаласини кўтармоқчиман.

Ҳозир дарсдан кейин қўшимча машғулот ўтиш учун ҳам шароит йўқ. Болалар ота-онасини мажбурлаб қўшимча дарслар учун бошқа узоқ ҳудудларга бориб келяпти. Мактабнинг озроқ қўшимча ери бор. Шунга 200 ўринлик бино ҳамда футбол майдончаси ташкил этилса, қишлоғимиз аҳолиси жуда хурсанд бўларди. Албатта, буларнинг ечими маблағ билан боғлиқ. Айни пайтда янги ташкил этилган ҳокимиятга бу борада қатъий талаб ҳам қўйиб бўлмайди. Депутатлик давримда ана шу масалалар ҳал этилишига кўмаклашсам, катта ютуқ бўлади.

 

Фарҳод МИРЗАМУРАТОВ,

халқ депутатлари Шуманай туман Кенгаши депутати:

– Сайланганимдан бери аҳолидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларни таҳлил қилдим: аскарият қисми узоқ йиллардан бери йиғилиб қолган масалалар экани маълум бўлади. Ҳозирда фуқароларимиз ҳам ўзининг маиший муаммолари эмас, ҳудудни ривожлантириш, яшаш шароитини яхшилаш бўйича таклифларни илгари суришяпти. Жумладан, «Мунчоқли» маҳалласида ички йўлларни таъмирлаш, табиий газ етказиб бериш, болалар учун спорт майдончаси қуриш ҳамда чиқиндилар учун контейнерлар ўрнатиш бўйича мурожаатлар бор. Улар ўрганилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқилмоқда.

Аҳоли билан тизимли ишларни ташкил этиб, ҳудуд ривожи учун хизмат қиламан.

 

Айбек ЕШКАБУЛОВ,

халқ депутатлари Шуманай туман Кенгаши депутати:

– Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Мана, депутат ҳам бўлдим. Бу, албатта, номзодимни кўрсатган Халқ демократик партияси ҳамда мени қўллаб-қувватлаган сайловчиларимнинг ишончидир. Уни оқлашга ҳаракат қиламан. Депутат бўлсам, халққа шу орқали нафим тегса, деб кўпдан бери ўйлаб юрардим ва уни мақсадга айлантирдим. Энди депутат сифатида одамларни ўйлантириб келаётган масалаларни аниқлаб, уларнинг ечими бўйича ўз таклифларимни билдириш, уларга кўмакдош бўлиш имкони туғилди.

Мен биринчи навбатда ишимни ўз сайловолди дастуримда белгиланган вазифалар ва сайловчиларга берган ваъдаларимни бажаришга қаратаман. Фаолиятимни бошлашим билан сайлов округидаги муаммоларни ўргандим, аҳоли билан учрашиб, уларнинг фикрларини тингладим ва мурожатларини эшитдим.

Мурожаатлар кўп. Жумладан, «Жанбил» кўчасини таъмирлаш, «Бўзатов» кўчасидаги электр энергияси тармоқларини янгилаш, туман тиббиёт бирлашмасига автомашиналар тураргоҳи қуриш каби масалалар бор. Улар бугунги кунда депутатлик назоратига олинган ва тегишли ташкилотлар билан ижрони таъминлаш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

 

Азамат СЕЙТБЕКОВ,

халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати:

– Мен бир неча йиллардан бери Халқ демократик партияси сафида бўлиб, партиянинг турли тадбирлари, амалий лойиҳаларида иштирок этиб келаман. Депутатларни кўриб, мен ҳам улар қатори халқнинг дардига дармон бўладиган вакил бўлсам, деб ўйлардим. Бугун мана шу ниятим амалга ошган, туман Кенгаши депутатиман.

Сайланган ҳудудим туман марказидан узоқроқда жойлашган. Аҳоли асосан деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланади. Депутат бўлиб сайланишим билан овул оқсоқоллари билан учрашиб, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўргандим. Ҳудудда асосан ёшлар бандлигини таъминлаш ва тоза ичимлик суви масалалари бор. Бугунги кунда ёшлар талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, тадбиркорлик ишини бошлаш ва бунинг учун имтиёзли кредит олишларига кўмаклашяпмиз. Шунингдек, ичимлик сув билан таъминлаш масаласида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқилиб, ижороси назоратга олмоқда.

Депутатлик лавозим эмас, бу бизга берилган ишонч. Ушбу ишончни сидқидилдан оқлаш, халққа хизмат килишдан завқлироқ иш бўлмаса керак. Шу учун ҳам бор куч-ғайратимизни сарфлашга тайёрмиз.

 

Нурали РАҲМОНОВ,

халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгаши депутати:

– Фаолиятим давомида депутатликка учинчи марта сайланишим. Айни пайтда ҳозирги сиёсатни қўллаб-қувватлаш, халқ билан бирга бўлиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, уларни эшитишга тай­ёрман. Халқнинг вакилиман ва албатта, бу менга катта масъулият юклайди. Ҳудуддаги муаммоларни тегишли ташкилотлар, юқори давлат идораларига етказишга ҳаракат қиламан. 28 йил солиқ соҳасида ишладим. Туманимиздаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни яхши биламан. Доим одамлар орасида бўлдим, ҳамон шундай.

Ҳудудимизда ишсиз қатлам вакили асосан хотин-қизларни ташкил қилади. Бундан ташқари, ўқишга кирмаган, маълумотга эга бўлмаган ёшлар ҳам бор. Хоҳловчиларга имтиёзли кредитлар ажратиляпти, субсидиялар бериляпти. Маҳаллаларда ҳокимият вакиллари ҳар бир хонадонга кириб, уларнинг мослашувига қараб, аҳоли бандлигига кўмаклашишмоқда. Тадбиркорлар орқали паррандалар тарқатиляпти. Туманимизда каврак етиштириш даромадли ҳисобланади. Бу ишга оилалар жалб қилиниб, уларга ёрдам кўрсатилмоқда. Бу жараёнларда депутат сифатида ҳам масъулият билан иштирок этмоқчиман.

 

Муҳайё МАҲМУДОВА,

Чироқчи туман Кенгаши депутати:

– Шуни биламанки, сайловчилар, маҳалла аҳли бизга, давлатга, раҳбариятга ишонишади. Туман Кенгаши депутатлари билан ҳар чоршанба одамларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб бораяпмиз. Ҳудудимизда сув масаласи долзарб эди. 2 та артизан келтирилиб, 80 та хонадон сув билан таъминланди.

Яқинда 100 та электр симёғоч учун ариза топширгандик. Тегишли идора вакиллари келиб, шу масалани ҳам ўрганиб кетишди. Бу ҳам ижобий ҳал этилади, деб ўйлаймиз. 1 км. йўл қилдик, 3 км. йўлга шағал тушириляпти. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида дарахтлар экилди.

Ҳам депутат, ҳам маҳалла раиси сифатида эл ичидаман. Ўзимнинг жамиятга кераклигимни ҳис қиламан. Одамларнинг ишончи, суянчи менга мотивация беради, куч-қувват бағишлайди. Туманнинг ишонган вакили сифатида жамият ривожланишига ҳисса қўшишимиз, одамларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзишимиз керак. Мақсадимиз аниқ, хизмат қилишдан чарчамаймиз.

 

Дурбек АБДУРАҲМОНОВ,

халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати:

– Депутатликка иккинчи марта сайланишим. Ҳам депутат, ҳам банк ходими сифатида имконият ва қонун даражасида эҳтиёжманд оила фарзандлари учун таълим кредити ажратишга эътибор қаратяпман. Асосан, иш фаолиятимдан келиб чиққан ҳолда, аҳолига қулайликлар яратишга кўмаклашиш ҳаракатидаман. Хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида ипотека кредитлари ажратилиши, одамларнинг даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия бериш масалалари эътиборимизда.

Депутат аҳоли турмуш даражаси янада яхшиланишига кўмаклашиши, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳокимиятга, тегишли ташкилотларга етказиши керак. Ҳудудимдаги муаммолар ҳақида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан фикрлашиб турамиз. Бу йил кўпгина кўчалар асфальт бўлди, электр тармоқлари янгиланди. Аммо газ масаласида ҳамон эътирозлар, мурожаат бўлиб турибди. Буёғига бу масалага ҳам ечим топиш учун курашамиз. Ҳоким ёрдамчилари билан ҳам ҳамкорлигимиз йўлга қўйилган. Улар орқали кимга қандай ёрдам керак, қайси оилани тадбиркорликка жалб этиш керак, қайси ҳудудда нима муаммо борлигидан хабардор бўлиб турамиз. Депутат сифатида қабуллар ҳам ташкил этилмоқда. Аҳоли билан доимий мулоқотдамиз.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Гулруҳ ОДАШБОЕВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 9.11.2022, №45

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш