Жон қўшни: муаммога эмас, ютуқлар учун кўпроқ вақт ажратамиз

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилишларини сешанба куни кузатишга одатланганмиз. Бу сафарги мажлис душанба куни бўлиб ўтди. Ҳар доим ҳам халқ вакилларининг кеч соат 17.00 да йиғилиш бошлаганини кузатавермаймиз.

Кун тартибида “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари турарди.

Дарҳақиқат, чегара масаласи биргина ўзбек-қирғиз муаммоси эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг оғриқли нуқтаси ҳисобланади. 1923-24 йиллардаги миллий ҳудудий чегараланиш ва унда кейинги амалга оширилган маъмурий ўзгаришлар бунга асосий сабаб бўлган. “Ислоҳот”лардан кўзланган мақсад ҳам айнан шу бўлгани кўп таъкидланади. Ўтган йиллар давомида чегара билан боғлиқ ҳал этилмаган масалалар бир неча бор юзага чиққан.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё сегменти устуворлик қилаётганини бутун дунё тан олмоқда. Минтақадаги давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ҳам минтақанинг сиёсий табиатига ижобий таъсир этмоқда. Кенг ҳамкорлик, яхши қўшничилик ва энг асосийси, ўзаро ишонч ортиб бормоқда. Кеча Олий Мажлис қуйи палатаси йиғилишида кўрилган масала ҳам кейинги йиллардаги мулоқотнинг самараси, ўзбек дипломатиясининг ютуғи десак, муболаға бўлмайди.

Мазкур қонун лойиҳалари дастлаб кун давомида сиёсий партияларнинг парламентдаги барча фракциялари йиғилишларида атрофлича муҳокамалардан ўтган.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат аъзолари иштирок этди. Қонун лойиҳалари юзасидан Бош вазирнинг ўзи ахборот берди.

Таъкидланганидек, охирги 5 йилда Қозоғистон билан 2356 км.лик давлат чегараси демаркация қилингани, Қирғизистон билан 1170 км, Тожикистон билан 193 км.лик чегара чизиқлари келишилиб, делимитация қилингани айтилди.

Маълумот учун, икки давлат ўртасидаги чегара чизиқлари қаердан ўтиши келишилиб, харитада белгиланиш жараёни делимитация, ана шу келишилган ҳудуддан чегара белгилари белгиланиши, яъни чегара симлари тортилиши демаркация деб айтилади.

Тожикистон билан 10 та, Қирғизистон билан 3 та, Қозоғистон билан эса 2 та чегара-ўтказиш пунктлари қайта тикланганини айтиб ўтилди.

Бош вазир ўз нутқида ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган Андижон (Кампиробод) сув омори билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритди. Андижон сув омбори майдони 4957 гектар экани ва собиқ иттифоқ пайтида 4127 гектар ер майдони берилгани, ҳозир Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан 1 минг 19 гектар ер шу фарқни ёпиш учун берилаётгани, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон томонидан 200 км. дан ортиқ Кампиробод чап қирғоқ каналини қуриб бериш мажбурияти олингани қайд этилди. Афсуски, айрим сабаблар билан ушбу канал қурилмасдан қолиб кетган. Айнан шу мажбурият бажарилмаганлиги сабабли Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги Ғовасой участкасидаги тоғли ҳудуддан 12 минг 700 гектар атрофида яйлов ер майдонлари компенсация тарзида берилаётгани таъкидланди.

Эътиборлиси, Андижон (Кампиробод) сув омборининг сиғими 1 млрд. 576 млн. кубометрни ташкил қилади. Тўпланган сув билан Ўзбекистоннинг 175 минг, Қирғизистоннинг эса бор-йўғи 25 минг гектар экин майдонлари суғорилади.

Агар “Андижон” сув омборидан Қирғизистоннинг Боткен вилоятигача ушбу канал ва қўшимча гидротехник иншоотларни қуриб берадиган бўлсак, республикамиз бюджетидан катта маблағ талаб этилади. Андижон ва Фарғона вилоятларидаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктларини кўчиришга мажбур бўламиз.

Энг ачинарлиси, 2 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер майдонларини йўқотишимиз мумкин экан. Шу боис, амалдаги келишув энг мақбули, бизнингча.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси, фарғоналик депутат Дилбар Мамаджанованинг чегара масаласидаги келишувлардан кейин оилалар кўчишига тўғри келиши мумкинми, деган саволига Бош вазир аниқ жавоб берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон чегара чизиғида тахминан 130 атрофида хонадонни кўчиришга тўғри келади, бунинг учун 50 млрд. сўм атрофида компенсация кўзда тутилаётганлиги ва бу масалада ҳеч ким норози бўлмаслиги таъминланади.

Қирғизистонга тоғли ҳудуддан берилаётган яйлов ери эвазига “Ғовасой” дарёсининг табиий оқимига тўсқинлик қиладиган ҳеч бир гидротехник ва бошқа иншоотлар қурилмаслиги, сувнинг техник ифлосланишига йўл қўймаслиги келишилгани, Сўх эксклавига кириб-чиқиш учун алоҳида коридор кўзда тутилмаётгани, балки ўзаро келишув асосида чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш масаласи кўрилаётгани айтилди.

Маълумот учун, анклав французча сўз бўлиб, “ўраб олиш”, деган маънони англатади. Яъни, бир давлат ҳудуди ёки ҳудудининг бир қисми бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинишига нисбатан қўлланилади. Демак, ўраб олувчи давлат учун ўраб олинган ҳудуд анклав, ҳудуд тегишли давлат учун эксклав, деб юритилади. Сўх Қирғизистон учун анклав ҳисобланса, биз учун эксклав бўлади.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳалари билан ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкасини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 километрдан иборат чегара чизиғини делимитация қилиш ишларини якунига етказиш назарда тутилмоқда.

Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши Ўзбекистон билан Қирғизистон давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга, ўзбек-қирғиз давлат чегарасини белгилаш борасидаги масалалар тўлиқ ўз ечимини топишига хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатларимизнинг савдо, сармоявий, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, экология, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда улкан салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради.

Ўзбекистон минтақадаги энг аҳолиси кўп мамлакат ва ўз навбатида йилдан-йилга сувга бўлган талабимиз ортиб бормоқда. Демак, биз учун сув ресурслари стратегик аҳамиятга эга. Қолаверса, муҳокамали ҳудудлар масаласида қанча тез ечим топсак, шунча яхши. Сабаби муаммонинг камлиги бизга ютуқлар учун кўпроқ вақт ажратишимизга имкон беради.

 

Нуриддин Исмоилов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери:

— Айтиш керакки, сўнги йилларда кўп қиррали ўзбек-қирғиз муносабатлари янги даражага кўтарилди. Икки томонлама ҳамкорликнинг табиати ва мазмуни тубдан ўзгарди, ўзаро ишонч мустаҳкамланди.

Таъкидлаш жоиз, икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси туфайли йиллар давомида ечилмай келаётган масалалар ҳал этилмоқда. Хусусан, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича бир тўхтамга келинмоқда. Бу икки давлат муносабатларидаги эришилган энг катта ютуқлардан биридир.

Қабул қилинган қонунда ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг келишилмаган 35 та участкасини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 км бўлган чегара чизиғини делимитация қилиш ишларини якунига етказиш назарда тутилган.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари:

— Қонун лойиҳалари Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Алоҳида таъкидландики, ўзига хос мураккаб даврда қўшни давлатлар билан томонлар учун бирдек манфаатли бўлган ечимларга келиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгадир.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ривожлантиришга, бу жараёнда миллий манфаатларимизни ҳимоялашга, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини кафолатлашга жуда чуқур эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон халқаро алоқаларда ишончли ҳамкорга айланди. Аввало қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларнинг ривожланиб бораётгани аниқ натижаларга эришилишига асос бўлмоқда.

Кейинги йилларда қўшни давлатлар, хусусан, Қирғизистон билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари жадал ривожланди, кўп асрлик ягона тарих, ўхшаш маданият, муштарак тил орқали халқларимиз ўртасидаги биродарлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Бугун кўриб чиқилаётган делимитация ва демаркация билан боғлиқ Шартнома ва Битим биринчи навбатда Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари ўртасидаги ўзаро мустаҳкам ишончга асосланган олий даражадаги музокаралар маҳсули эканини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ушбу қонун лойиҳалари, биринчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги делимитация ва демаркация масалаларини халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ равишда ҳал этилишига мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўзаро ишонч ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаб, стратегик алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Учинчидан, халқларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш кафолатларини янада кучайтиради. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги тенг ҳуқуқли ҳамкорликнинг янги даври бошланишига катта туртки беради, деб ишонамиз.

Бу қонун лойиҳаларига асос бўлган Шартнома ва Битимга етиб келиш учун Ҳукумат ва мутасадди вазирлик-идоралар улкан ҳажмдаги ишни бажарганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундай келишувларга эришиш осон эмас ва бир вақтнинг ўзида жуда кўплаб омилларни ҳисобга олиш керак бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ўзбекистон ва Қирғизистон яқин қўшни мамлакатлар сифатида, кўп йиллик ягона тарих, ўхшаш маданият, муштарак тил ва маънавий қадриятлар уйғунлиги каби алоқадор жиҳатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган.

Охирги йилларда Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этиш мумкин.

Хусусан, республикамиз олийгоҳларида таҳсил олаётган қирғиз ёшлари сафи 14 баравар ошган бўлса, Қирғизистон университетларидаги ўзбек талаба ёшлари сони 7 бараварга кўпайди. Ўзбек ва қирғиз халқлари туркий халқлар ҳисобланиб, яқин қўшничилик ва дўстона муносабатда бўлишган. Бу икки халқ ўртасида келишиб бўлмайдиган масаланинг ўзи бўлмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 16.11.2022, №46

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш