Қорақалпоғистон ютуғи – Ўзбекистоннинг ютуғи

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини қорақалпоғистонликлар катта ҳаяжон ҳамда қизиқиш билан тинглади. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, шу жумладан, экология ва сув масалалари юзасидан билдирилган фикрлари ҳар бир юртдошимизнинг қалбига ғурур ва ифтихор бағишламоқда.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

– Юртбошимиз ўз нутқини ўтган йилги Мурожаатномада белгиланган ислоҳотларнинг якуний сарҳисоби, халқ розилиги йўлидаги қилинган ишлар билан бошлаб, келгуси 2023 йилда амалга ошириладиган устувор режалар билан таништирди. Жумладан,  “Ўзбекистон деб аталмиш катта ва иноқ оиланинг ҳар бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз изланяпмиз. Якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди десам, ҳар томонлама тўғри бўлади. Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда “тараққиёт фақат ва фақат жасоратли меҳнат орқали бўлади” деб таъкидлади.

Якунига етаётган йилда дунёда давом этаётган пандемия, айрим давлатлар орасидаги урушлар натижасида юзага келаётган иқтисодий инқирозлар, қўшни Афғонистонда кечаётган воқеалар пайтида мамлакат иқтисодиётини барқарор ўстириш, аҳоли тинчлик, осойишталигини сақлаш қандай мураккаб бўлганлигини англаш қийин эмас. Шунга қарамасдан Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларининг бирига айлангани ҳам рост. Йил давомида мамлакатимизда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилотлари саммитлари ўтказилиши бунинг исботидир. Шундай бўлишига қарамасдан давлатлараро ўзаро ишончнинг камайиб, айрим можароларнинг ортиши давлатлар ривожига хавф солиб турибди. Бу хавф афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.

Президентимиз халққа мурожаат қилар экан “Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тез изга тушди” деди.

Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида меҳри, чексиз ғамхўрликлари туфайли июль воқеалари кенгайиб кетишининг олди олинди. Давлатимиз раҳбари кетма-кет икки кун Нукусда фаоллар, депутатлар билан учрашиб, фавқулодда вазият жорий қилди, аҳоли тинчлиги таъминланди.

2016 йилда Президентимизнинг “Маданиятни Мўйноқдан бошлаймиз” – деган чақириғи ҳозир амалда намоён бўлиб турибди. Мўйноқ тубдан янгидан қурилди. А-380 самолёти қатнови йўлга қўйилган. Оролнинг қуриган майдонида 1,5 миллион гектардан зиёд яшил макон пайдо бўлди.

Янгидан Тахиатош, Бўзатов туманлари ташкил этилди. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти туманларга ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида бириктирилди ва бунинг самарасини халқимиз ҳис қилмоқда.

Президентнинг махсус фармон ва қарорлари билан ҳар бир туманда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари тасдиқланди. Айниқса, Нукус шаҳрида амалга оширилган ободонлаштириш ишларидан халқимизнинг розилиги уларнинг юзларида акс этиб турибди.

Мурожаатномада Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилиши таъкидланди. Президентимизнинг “Биз учун Қорақалпоғистон ютуғи – Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши бу−  бутун Ўзбекистон ташвиши”,  деган гаплари ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.

Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига, ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки, бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир!” деган сўзлари бутун Қорақалпоқ халқи қатори мени ҳам тўлқинлантириб юборди.

Мурожаатномада баён этилган ҳар бир йўналиш бўйича “инсон қадри”, “халқни рози қилиш” тамойили асосида юксак марралар белгилаб берилган. Ушбу марраларни амалга оширишда тинчлик осойишталикни таъминлаш, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш ҳар бир депутатнинг бурчи ҳисобланади.

 

ЎзА мухбири Довуд Абибуллаев ёзиб олди.

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш