Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сифатли таълим олиши давлатимиз эътиборида!

 

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш энг асосий масала ҳисобланади. Айни вақтда юртимизда ногиронлиги бўлган шахслар сони 798 мингни ташкил қилиб, шундан 16 ёшгача бўлган болалар 127,5 минг нафарни ташкил қилади. Шу жиҳатдан мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

2023 йил — "Инсонга эътибор ва сифатли таълим" йили деб эълон қилинди. Имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини тубдан такомиллаштириш, ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этиш талаб этилмоқда. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қатор Қарор ва Фармонлар қабул қилинди.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ҳамда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсия" ратификатсия қилинди.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бор болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилда эса 40 фоизи оддий мактабларда ўқиши учун барча шароитлар яратилади. Шунингдек, инклюзив таълимнинг ресурс марказлари сони 14 баробарга кўпайиб, 200 тадан ошади. Халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш дастурини амалга ошириш ишлари бошланди, 300 дан ортиқ мактабларда имконияти чекланган болаларнинг билим олиши учун зарур шароитлар яратилди. Бироқ, олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, мамлакатимиз таълим соҳасида ушбу йўналишда қатор камчилик ва муаммолар ҳамон ўз ечимини кутмоқда.

Хусусан, мактабга қатнай олмайдиган имконияти чекланган болаларнинг уй шароитида ўқитилишига давлатимиз томонидан алоҳида аҳамият берилаётган бўлса-да, жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги оқибатида бу шаклда билим бериш жараёни сифатли ташкил этилмаяпти. Ўқитувчиларга белгиланган тартибда қўшимча ҳақ ва йўл ҳақи компенсатсияси тўланса-да, ногирон боланинг уйига бориб доим ҳам дарс ўтилмаяпти.

Мактаб директорлари, синф раҳбарлари ва ўқитувчилар “Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига тўлиқ риоя этмаяпти. Ўқувчиларнинг ногиронлик турлари ва гуруҳидан келиб чиқиб, таълим бериш усулларини кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш имкониятини чекламоқда. Қолаверса, уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчиларни зарур ўқув қуроллари билан таъминлаш ишлари етарлича йўлга қўйилмаган. Бундай шаклда таълим олган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлиги тўғрисида статистик ва таҳлилий маълумотлар юритилмаслиги уйдаги таълимининг сифат даражасини аниқлаш имконини бермаяпти. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни 2 фойиз қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш ногиронлиги бўлган шахслар барча даражалардаги таълим ташкилотларида ўқиши, қолаверса, ўз қобилиятларини янада тўлиқроқ ривожлантириш учун бутун умри давомида таълим олиш ҳамда жамият ва давлат ҳаётида иштирок этиш имкониятини яратади. Хулоса ўрнида айтганда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши учун зарур шароитлар яратиш олдимиздаги энг муҳим ва устувор вазифа саналади.

 

Жаҳонгир Олимов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш