Кафолат кучайтирилмоқда, чекловлар олиб ташланмоқда

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига банклар устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич оширишга қаратилган ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.

Қонун лойиҳаси билан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига банк устав капиталининг энг кам миқдорини босқичма-босқич беш юз миллиард сўмгача ошириш юзасидан тегишли қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Ҳозирда банк устав капиталининг энг кам миқдори юз миллиард сўмни ташкил этади. Ҳозирда республикадаги 31 та тижорат банкларидан 15 тасининг устав капитали миқдори 500 млрд. сўмдан ортиқ, 7 таси 500 млрд. сўмдан 200 млрд. сўмгача, 9 таси 200 млрд. сўмдан камни ташкил этади.

Шунингдек, қонуннинг 17 ва 22 моддаларидаги оффшор давлатда ва (ёки) ҳудудда яшайдиган норезидент бўлган жисмоний шахслар ҳамда шундай давлатда рўйхатга олинган юридик шахслар, акциядорлар (иштирокчилар), охирги бенефициар мулкдорлар банк акцияларининг бевосита ёки билвосита эгалик қилувчилари бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги чекловни қайта кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари киритилаётган ўзгартиришлар аҳолининг ва тадбиркорлик субъектларининг банкларга омонат(депозит) жойлаштиришини рағбатлантириши, тижорий ва бошқа кредитларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, банк хизматлари ҳажмининг ошишига ёрдам беришини эътироф этдилар. Лойиҳа депутатлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиргач, концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Маълумки, кейинги вақтларда болаларни диний таълим олиш учун назоратсиз турли чет эл давлатларида қолдириб келиш каби салбий ҳолатлар кузатилаётган бўлиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, уларнинг тартибсиз диний таълим олиши ва диний экстремистик оқимлар таъсирига кириб қолиш хавфини вужудга келтирмоқда. Депутатлар лойиҳани муҳокама қилар эканлар ушбу қонун билан болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши кафолатланишини эътироф этган ҳолда, уларнинг дунёвий билимларни эгаллашида чекловлар юзага келиб қолмаслиги лозимлигига ҳам эътибор қаратдилар.

Лойиҳа моддама-модда муҳокама қилингач, айрим моддаларни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсияларини берилиб, ҳужжат маъқулланди.

Бугун шунингдек, истеъмол кредитини ажратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Амалдаги қонунчиликка биноан фақат Республикамизда ишлаб чиқарилган ва юридик шахслар томонидан сотиладиган истеъмол товарлари (хизматлари)ни сотиб олиш учунгина молиявий истеъмол кредити бериш талаби мавжуд. Бу аҳолининг ўз ҳисобидан кредит эвазига харид қиладиган маҳсулотини танлаш имкониятини камайтириши билан бирга, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига ҳам олиб келаётган эди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан «Истеъмол кредити тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар (хизматлар), шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаб чиқарилган товарлар (хизматлар) учун молиявий истеъмол кредитлари бериш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Депутатлар қонун лойиҳасини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш