Йил бошидан бери Ўзбекистонда рўй бераётган турли воқеалар бошқарувда катта демократик ўзгаришларга зарурат борлигига аниқ ишоралар бераётгандек.
Ниҳоясига етган 2022 йилнинг 27 декабрь куни иккита қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди. Булар “Маҳаллий вакиллик органлари тўғрисида” ва “Маҳаллий ижро ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаларидир. Мазкур қонун лойиҳалари йиллар давомида орқага сурилган ишнинг бошланиши бўлди. Президент Фармони билан тасдиқланган 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига асосан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳалари катта ўзгаришларга асос бўлиши шубҳасиз.
Мухтар ИЛҲОМОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:
– Лойиҳада ҳокимларни сиёсий партиялардан сайланган депутатлар тақдим этиши белгиланмоқда. Лекин ҳокимликка тақдим этилган номзоднинг ёш чегараси бўйича ҳеч қандай банд киритилмаган.
Биламизки, Қонунчилик палатаси депутати ва Олий Мажлис Сенатига кўрсатилган нозодларнинг ёши 25 ёш, Президентликка номзодлар эса 35 ёшдан кичик бўлмаслиги Конституциямизда белгиланган.
Балки, айни лойиҳада ҳокимликка номзодлик учун ҳам ёш чегарасини белгилишимиз керакдир. Нимага десангиз, ҳокимликнинг маъсулияти жуда катта. Унақа маъсулиятни кўтариш учун ҳам одам маълум бир босқичлардан ўтган, қайсидир маънода синовларда тобланган бўлиши керак. Бу жараёнлар ҳам ўз навбатида вақт талаб қилади. Шунинг учун ҳокимликка номзодларга ҳам ёш чегараси муҳим, деб ўйлайман.
Нигора Эшметова,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси:
– Баъзи фаолларнинг фикрларига қўшилмайман. Айниқса, ҳудудларда ҳокимликка номзодлар Маҳаллий Кенгашларда энг кўп депутатлик ўринларига эга партия томонидан кўрсатилиши айрим муаммоли ҳолатларни келтириб чиқариши мумкинлиги, хусусан, ЎзЛиДеП ҳудудларда катта устунликка эга бўлиши ҳақидаги хавотирли фикрлар асоссиз, деб ўйлайман.
Сабаби, аввалги ва охирги сайловларда ҳам қатор ҳудудларда Халқ демократик партияси маҳаллий Кенгашларда етакчи мавқени сақлаб қолган. Кўплаб ҳудудларда кўпчилик ўриннни эгаллаш учун ЎзЛиДеП билан жиддий рақобатга кирган, ютиб ҳам чиққан. Биз бу масалада хотиржам бўлиб, янада фаолликка интилаверишимиз керак. Қайтанга ҳокимликка номзод кўрсатиш масъулияти партиямизни ҳудудларда янада фаоллаштиришга муҳим қўшимча имконият беради.
Бугунги кунда маҳаллий Кенгашларда ХДПнинг 1600 нафарга яқин депутатлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳудудлардаги депутатлар ҳам бу нарсани яхши тушуниб олиши керак: энг кўп овоз тўплаган сиёсий партия депутатлари маҳаллий ижро ҳокимиятига номзод кўрсатиши – нормал ҳолат. Бу демократиянинг асосий таянч ҳуқуқларидан бири эканини унутмаслик лозим.
Қонун лойиҳалари 2023 йил 11 январга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлди, жамоатчилик жуда ижобий қабул қилди, деярли ҳар бир модда бўйича таклифлар, фикрлар билдирилди. Энди лойиҳалар парламентга киритилиши керак.
“Маҳаллий вакиллик органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасида маҳаллий вакиллик органи фаолиятининг иқтисодий асоси, унинг структураси ва фаолиятининг ташкилий асослари, халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари, халқ депутатлари Кенгаши фаолиятида қонунийликнинг кафолатлари, Кенгаш назоратини амалга оширишга оид қоидалар акс этмоқда.
Ҳозирги кунда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳокимлар бир вақтнинг ўзида ижроия ва вакиллар ҳокимияти органи раҳбарлигини амалга оширмоқда. Ушбу ҳолат манфаатлар тўқнашувига ҳамда ҳокимиятларнинг бўлиниш принципларига мос келмайди.
Жумладан, халқ депутатлари Кенгаши ҳокимнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш ваколатига эга. Бироқ, ҳоким ўзи қабул қилган қарорни келгусида халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатида бекор қилишида нохолис бўлиши мумкин. Қолаверса, халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги ҳокимларнинг масъулияти талаб даражасида кучайтирилмаган.
Хусусан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги амалдаги қонунда ҳокимлар тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдор эканлиги қайд қилинган бўлсада, амалда буни демократик мезонлар даражасида амалга оширишнинг имкони йўқ.
Бунинг устига, халқ депутатлари Кенгашлари қонун доирасидаги ваколатларини амалга ошириши учун қонунчиликда етарлича ҳуқуқий воситалар билан кафолатланмаган.
Жумладан, ҳанузгача халқ депутатлари Кенгашлари муҳокамасига тегишли маълумотлар ва материалларни пухта тайёрлаш учун доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпуси шакллантирилмаган
ва унинг ҳуқуқий асослари ҳам яратилмаган.
Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигига оид қонунчилик талаблари кенг ёритилмаган, шунингдек, ҳокимликлар ташкиллаштирадиган тадбирларда оммавий ахборот воситаларининг иштирокини кафолатловчи ҳуқуқий қоидалар белгиланмаган.
Оқибатда халқ депутатлари Кенгашларининг фаолиятига оид аксарият маълумотлар жамоатчиликка эълон қилинмаяпти, ОАВ вакилларининг ҳокимлик тадбирларидаги иштироки паст даражада.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорлар ва бошқа турдаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳозирда “E-qaror” электрон тизими орқали амалга оширилмоқда.
“E-qaror” электрон тизими орқали ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 390-сон “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади. Ушбу қарорга мувофиқ, “E-qaror” электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари ва фармойишларини қабул қилишга йўл қўйилмаслиги, бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмаслиги ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармаслиги қайд этилган.
Мазкур қоидалар “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунда ўз аксини топмаган бўлиб, “E-qaror” электрон тизимидан фойдаланишга оид нормаларни қонун даражасига кўтариш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлашга ва қарорлар қабул қилишда қонунбузилишларнинг олдини олишга юқори самара беради.
Муҳокамага тақдим этилган лойиҳада эса ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий ижроия ва вакиллик органига раҳбарлик қилиш ваколати бекор қилиниб, фақат ижроия органи раҳбари бўлишига оид қоидалар, халқ депутатлари Кенгашлари раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш тартиблари белгиланмоқда.
Жумладан, раисликка номзодлар халқ депутатлари Кенгашига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан бўлмаган ҳар бир сиёсий партия депутатлари орасидан биттадан тақдим этилиши, Маҳаллий вакиллик органлари раҳбари ва мансабдор шахслари давлат органларида ҳамда бошқа ташкилотларда ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмаслиги каби бандлар қайд этилмоқда.
“Маҳаллий ижро ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам вакиллик органлари ва ижро ҳокимияти ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга асосий урғу берилган.
Ҳокимнинг лавозимга тайинланиш жараёнида жамоатчилик ва халқ вакиллари иштироки расмий хусусиятгагина эга. Яъни, халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимни лавозимга тайинлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан сўнг тасдиқлайди холос. Ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулияти демократик талаб даражасида кучайтирилмаган, қолаверса, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида қонун чиқарувчи, маҳаллий вакиллик ва ижро органларида бир нечта лавозимларни эгаллаб келмоқда.
Шунингдек, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида ҳокимларни лавозимидан озод этишнинг аниқ демократик асослари белгиланмаган.
Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлигига оид қонунчилик талаблари кенг ёритилмаган, ҳокимликлар ташкиллаштирадиган тадбирларда оммавий ахборот воситаларининг иштирокини кафолатловчи қоидалар белгиланмаган.
Мисол учун, 2021 йилда ҳокимликларда ўтказилган 40 мингга яқин йиғилиш ва мажлисларнинг 72 фоизида ОАВ вакиллари иштирок этмаган.
Муҳокамага қўйилган “Маҳаллий ижро ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасида бир қатор масалаларга демократик ойдинлик киритилмоқда.
Хусусан, ҳокимликка номзодлар халқ депутатлари Кенгашларига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан сиёсий партия аъзолари орасидан таклиф этиши, номзод аҳолини қийнаётган устувор муаммоларни ҳал этишга ҳамда чекланган ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича ўз дастурини тақдим этиши кўзда тутилмоқда.
Номзод халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари умумий сонининг камида 2/3 қисмидан иборат кўпчилиги ёқлаб овоз берилганда маъқулланган ҳисобланиши, маҳаллий ижроия ҳокимияти раҳбарининг маҳаллий вакиллик органи олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотумини тақдим этиш институтини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Бунда халқ депутатлари Кенгашларининг депутатлари умумий сонининг камида 1/5 қисми ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш таклифи билан чиқиш ҳуқуқига эга бўлиши, ҳоким ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенатининг аъзоси, халқ депутатлари Кенгаши депутати ҳамда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмаслиги белгиланмоқда
Жамоатчилик муҳокамаси жараёнида билдирилган айрим фикр ва таклифлар:
“Маҳаллий вакиллик органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича
Сабир Бутунов,
тадбиркор:
Ҳудуд Кенгашига барча ташкилотлар мутасаддиларини, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг раҳбарларининг ҳисоботини эшиттирилиши ҳуқуқи белгиланиши, бу жараёнда ташкилот биринчи раҳбари шахсан ўзи иштирок этиши мажбурий деб белгиланиши лозим…
Акбар Воҳидов,
илмий изланувчи:
Маҳаллий кенгашлар ваколатлари кенгайтирилаётган бир шароитда, у ердаги сиёсий рақобат ва жамоатчилик назорати ҳам кучайтирилиши лозим. Ҳеч бўлмаганда, мустақил номзодларга ҳам маҳаллий кенгашларга сайловларда иштирок этишга имкон бериш адолатдан бўлар эди…
Шерзод Каримов,
давлат хизматчиси:
Қонун (лойиҳа)нинг 21-моддасига асосан доимий асосда ишловчи депутатлар ваколат муддати тугагач, депутатликка сайланган вақтдаги лавозими сақланиши, депутатлик ваколати тугагач, аввалги асосий иш жойига тикланишини белгилаб қўйиш керак. Бу маҳаллий Кенгаш депутатининг кейинги иш фаолияти дахлсизлигини таъминлайди.
“Маҳаллий ижро ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича таклифлар.
Дилмурод Хайтбаев,
давлат хизматчиси:
Лойиҳанинг 17-моддаси 8-бандида ҳоким ва унинг ўринбосарларининг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотларда фақат фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатиб ўтиш мумкинлиги белгиланган, лекин бу ҳолат ҳозирги даврда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш имкониятини бермаслиги мумкин. Шу сабабли яқин қариндошлари ҳақида маълумот тўлиқ ва холисона тақдим этиб борилиши, яъни фамилияси, исми ва отасининг исмидан ташқари, қайси давлат идораси ёки ташкилотда қайси лавозимдалиги ва қачондан бу лавозимда ишлаб келаётганлиги тўғрисида маълумотлар бериб ўтилиши лойиҳага киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шуҳрат Турдиқулов,
давлат хизматчиси:
5-моддага таклиф: ҳокимларни фуқаролар томонидан бевосита сайлашни белгилаб қўйиш керак. Олдин синов тариқасида республика 14 та ҳудудларининг бирида ва ҳар бир ҳудуддан биттадан туманда ўтказиш ва бир йилдан кейин бутун Республика миқёсида ўтказиш. Сайловларда мустақил номзодларнинг хам иштирок этишига имкон бериш. Бу, албатта, келажакда демократиянинг ривожланишига ва коррупциянинг олдини олишга ўзининг ҳиссасини қўшади.
7-моддага таклиф: олти ойдан сўнг ҳокимга нисбатан такроран ишончсизлик вотумини қабул қилиш, деган жумлани бир ойдан кейин, деган жумла билан алмаштириш. Чунки халқ депутатлари Кенгаши ишончсизлик вотумини киритдими, у ҳоким лавозимига муносиб эмас.
Азат Иматов,
мустақил изланувчи:
Мавжуд амалиёт таҳлили асосида мазкур қонун лойиҳасининг 5-моддасида маҳаллий ижро ҳокимиятининг раҳбарини вақтинча вазифасини бажарувчи сифатида тайинлаш асослари ва муддатини ҳам аниқлаштириш тавсия қилинади.
Жасур Жавинов,
тадбиркор:
11-модда. Ушбу моддани қуйидаги тартибда таҳрир этиш тавсия этилади. Халқ депутатлари Кенгаши раисининг ўринбосарига номзодлар халқ депутатлари Кенгашида депутатлик ўринларини Кенгаш раиси сайланган сиёсий партиядан ташқари барча сиёсий партиянинг аъзолари бўлган депутатлари орасидан тақдим этилади.
Қонун лойиҳалари парламент муҳокамасига киритилишини кенг жамоатчилик, минглаб маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам кутмоқда. Бу қачон амалга ошади, деб ўйлайсиз?
Аҳмад Қурбонов
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 18.01.2022, №2