Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига сайлов ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Сайловни ўтказишдан мақсад ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда парламент фаолиятига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, парламентда Партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, ёшларни мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга кенг жалб этишдан иборатдир.
Йиғилишда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш, уни тарғиботи билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди ва вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш қарори билан сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Марказий Кенгаш Ташкилий қўмитаси тузилди ҳамда Штаб аъзолари тасдиқланди.
Шунингдек, Ёшлар парламентига сайлов жараёнида ёшларнинг тўлақонли ва самарали иштирокини таъминлаш мақсадида партиянинг қуйи ташкилотларида ташкилий қўмиталар ҳамда ҳудудий сайловолди штаблари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.