Қонун муаммо яратмаслиги керак

 

Инсоннинг қаери оғриса, жони ўша ерга кўчармиш. Албатта, ҳар бир тирик организм борки, хасталанади, турли касалликларга чалинади. Ҳеч ким бундан муҳофазаланмаган. Муҳими, саломатликда муаммо кузатилса, даво излаб боришга ишончли жой бўлишида.

Шу кунларда Қонунчилик палатасида қатор лойиҳалар кўриб чиқиляпти. Улар орасида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тиббиёт тизими раҳбарларининг жамоатчилик олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида» қонун лойиҳаси муҳокамаларга, баҳсларга сабаб бўлди. Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур амалиёт қонунчиликда белгилаб қўйилган. Хўш, қонунларимизда акс этган меъёр нега яна кун тартибига чиқди?

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳисобдорлик маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонуннинг 24-моддасида белгиланган. Эндиликда буни кенгайтириш, тўлдириш назарда тутилмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тўғрисидаги қонун бўйича ҚВП бошлиқларининг ахборотини эшитиш белгиланган. Ҳозирда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобдорлигини таъминлаш масаласи илгари сурилмоқда. Худди шунингдек, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар), вилоят ССБ раҳбарлари эса вилоят Кенгашларида ҳисобот бериши амалиёти жорий этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг аҳамиятли жиҳати шундаки, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш бўйча чора-тадбирларни аҳоли ҳамда кенг жамоатчиликка етказишнинг шаффоф механизми яратилади. Демак, концептуал жиҳатдан бу керак.

Лекин айрим жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, лойиҳани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Яъни, марказий поликлиникалар шаҳар ёки туманда битта бўлади. Кичикроқ бир шаҳарчани олганда ҳам у ерда 50 га яқин маҳалла мавжуд. Ҳар бир оилавий поликлиникага кўпи билан 8 та маҳалла бириктирилган бўлса, марказий поликлиника раҳбари бир шаҳарчада камида 7 та ОПда ҳисобот бериши кераклигини англатади. У қачон ўз иши билан шуғулланади? Асосий вақти ҳисобот бериш билан ўтиб кетмайдими, деган масала бор. Умуман, қанча вақтда ахборот берилиши керак, деган масала кўпчиликни қизиқтирди.

Шаффофликни таъминлаш, давлат бюджетидан ажратилган маблағ қанча ва қаерга сарфланаётгани, нима ўзгаришлар амалга ошириляпти, умуман, фаолияти билан боғлиқ ҳисобот берилиши тўғри. Иккинчи томони эса қанча муддатда ахборот ёки ҳисобот бериш масаласи ойдинлашиши зарур.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ижтимоий ҳимоялаш билан боғлиқ масала ҳам таклиф этиляпти. Фармацевтика тизими ходимларининг салоҳияти, билимини ошириш керак. Буни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Аммо уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ меъёр баҳсли саволларга сабаб бўлди. Ўйлаймизки, ҳар бир қўйилган савол юзасидан ўрганишлар олиб борилади ва қайта ишланган, таклифлар инобатга олинган ҳолда кейинги ўқишларга тайёрланади.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида биринчи ўқишда маъқулланди, иккинчи ўқишгача тайёрлаш жараёни савол-жавобларга бой бўладиган кўринади.

 

Бировнинг чўнтагига қўл солиш – оғир жиноят

Қуйи палатада Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобвароғидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг аҳамияти шундаки, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисоб рақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул маблағлари ечиш ҳолатлари мавжуд. Амалиётда мазкур ҳаракатлар солиқ органлари, банк муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан содир этилмоқда. Ушбу ноқонуний ечилган пул маблағлари суд ёки уларнинг юқори органлари томонидан аниқланган тақдирда уларга нисбатан ҳеч қандай жавобгарлик чоралари қўлланилмасдан қолмоқда. Шунингдек, Жиноят кодексида давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан ортиқча ундирилган ва тўланган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жавобгарлик белгиланмаган.

Шу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 19212-моддаси билан жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш юзасидан жавобгарлик кучайтирилмоқда. Ортиқча ундирилган пул маблағларини жисмоний ва юридик шахсларнинг биринчи талабига асосан қайтармаганлик ҳаракатлари маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганда мансабдор шахслар ҳамда хизматчиларга янги жазо чоралари қўлланилиши таклиф этиляпти. Унга кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари амалдорларнинг фуқаролар ҳаётига, ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар фаолиятига ўта қўпол тарзда аралашиши, дахл қилишига нисбатан қонунчилик муросасиз бўлиши зарурлигини таъкидлади. Таклиф ва мулоҳазалардан кейин қонун лойиҳаси маъқулланди.

 

СУҒУРТАЛАШ ЕЧИМ БЎЛА ОЛАДИМИ?

Сув борлиқнинг яшаши, тириклик манбаи, уни асраш, оқилона фойдаланиш бугун ҳар қачонгидан долзарб. Қонунчилик палатасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган янги қонун лойиҳаларидан яна бири шу масала билан боғлиқ – «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида».

Маълумотларга кўра, бугунги кунда сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1688 та насос станцияси, 49 та ГЭС ва бошқа объектлар мавжуд. Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисми фаолият бошлаганига 40 йилдан ортиқ вақт бўлган. Бу эса, уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилишни талаб этади. Хусусан, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, техник соз ҳолатда сақлаш ҳамда хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлаш зарур.

Таъкидланишича, депутатлар Гулдара ва Деҳқонобод (Қашқадарё вилояти), Кўксарой (Навоий вилояти), Оқчопсой (Самарқанд вилояти), Хангарансой (Сурхондарё вилояти), Сардоба (Сирдарё вилояти) сув омборларида ўрганишлар олиб борган. Жараёнда лойиҳалаштириш, қурилиш, назорат ишларида хато ва камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлган.

Парламент вакиллари қонун лойиҳаси билан соҳада буюртмачи, лойиҳа ва пудрат ташкилотларининг мажбуриятлари, мусатадди вазирлик ҳамда идораларнинг ваколатлари тўлиқ белгиланиши гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, гидротехника иншоотларидан фойдаланиш даврида содир бўлган авария натижасида етказилган зарарни қоплаш, хавфсизлигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик масалалари ҳам акс этмоқда. Бу орқали хавфсизлик қоидаларининг бузилиши бўйича жавобгарлик белгиланиши назарда тутилаётгани мақсадга мувофиқ, деб баҳоланди.

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида амалда қонун бор. Парламентга кирган лойиҳа уни такомиллаштиришни назарда тутади. Қонун лойиҳасида 5 та янги тушунча таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг 5-бобида гидротехник воситалардан фойдаланиш даврида юзага келган зарарни қоплаш масаласи илгари сурилган. Бунинг учун суғурталаш тизимидан фойдаланишни жорий этиш айтилмоқда. Айни пайтда мавжуд иншоотларни инобатга олсак, суғурталаш орқали бюджет маблағларини у чўнтакдан олиб, бунисига қўйиш механизми пайдо бўлади. Бу катта суммани ташкил қилади ва ушбу масала Молия вазирлиги билан келишилиши лозим.

Иккинчидан, сув иншоотлари 50-100 йил ишлайди. Қайсидир йилда бирор бир кор-ҳол рўй берганда суғурта компаниялари ишлаётган бўлишига кафолат бериш имконсиз. Алтернатив жиҳатдан қаралганда, ана шундай иншоотлар атрофида яшовчи аҳолини ихтиёрий суғурта қилиш имконияти бор.

Яна бир фикрга кўра, гидротехник иншоотларда фуқаролик жавобгарлиги бўлиши муҳим. Зарар ким томонидан қоплаб берилиши эса иккинчи даражали масала ҳисобланади. Асосийси, жавобгарилкни ҳис қилиш ва шу асосида фаолият олиб бориш зарур. Чунки сув иншоотларидаги хавф катта зарар ва оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бирор-бир зарар келиб чиқадиган бўлса, юкнинг ҳаммаси тўғридан-тўғри бюджетга тушмаслиги учун ҳам суғурта институтидан фойдаланишга эҳтиёж борлиги қайд этилди. Бюджет эса солиқ тўловчининг пули ҳисобланади. Яна бир томони эса суғурта компаниясига ҳам талаблар қўйилади. Агар кўрсатилган шартларни бажара олмаса, суғурта компанияси билан шартнома тузилмайди. Шу сабабли суғурталаш тизими қандай ишлаши билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тасдиқданиши керак.

Агар суғурта компанияси суғурталашдан бош тортса, демак, бу сигнал ҳисобланади. Ўша тизимда қандайдир носозлик борлигидан далолат беради. Бу эса ҳар иккала томоннинг масъулиятини оширади. Масалан, Америка тажирбасига кўра 19-асрнинг охирида Калифорнияда ер қимирлаганида суғурта компаниялари зарарларни қоплаб беришни бошлаган. Агар мана шундай йирик давлат иншоотларига мажбурий суғурта жорий этилса, бу бюджетга ҳам, фуқароларга ҳам ижобий таъсир қилади. Суғурта бозорининг ривожланишига ҳисса қўшади, дейишмоқда мутасадди ва мутахассислар.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 25.01.2022, №3

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш