Камбағалликни қисқартириш

 

халқимизнинг руҳи тетик, тани соғ, турмуши чиройли бўлиши учун қатъий курашиш, шу эзгу мақсад йўлида фидойилик кўрсатиш демакдир

25 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича 2023 йил режалари кенг муҳокама қилинди.

Эътибор берайлик, камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилгани таъкидланди. Камбағалликни қисқартириш ўзи нима дегани? Бу нима учун керак?

Ҳар бир мутасадди бу саволларни ўзига бериб, аниқ жавобларини ҳам топа билиши керак. Битта маҳалла миқёсида олсак, эҳтиёжманд оилалар камлиги айни вақтда даромад топаётган, иш, ҳунар билан банд фуқаролар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатаётганлар сони кўпаяётганини англатади. Бу оилаларда турмуш ўзгариши, болалар яхши ўқиши, яхши овқатланиши, ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайиши учун шароит кенгайишини билдиради.

Энди аёлларнинг кундалик ҳаётида қанча ўзгаришлар бўлишини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Шунинг учун давлат раҳбари бу масалани миллий сиёсат даражасига кўтаряпти. Камбағалликни қисқартириш халқимизнинг руҳи тетик, тани соғ, турмуши чиройли бўлиши учун қатъий курашиш, шу эзгу мақсад йўлида фидойилик кўрсатиш, дегани. Ҳар биримиз шундай олий ниятни қалбдан англаб олишимиз зарур.

 

Битта рақам. Ўтган йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани қайд этилди.

Президентимиз камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий механизми — аҳолини даромадли иш билан таъминлаш эканини кўрсатиб берди. Маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 идора яхлит тизимга айлантирилди.

Эндиликда меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлади. Бундан ташқари, янги вазирликка Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар жалб қилиниши айтилди.

Бу узоқ тарих эмас, эслайлик. Бир пайтлар мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича тизим яратиш у ёқда турсин, ҳатто унинг борлиги тан олинмасди. Кейинги йилларда вазирлик, турли тузилмалар яратилди.

Энг муҳими, камбағалликни қисқартириш учун механизм сифатида аҳолини даромадли иш билан таъминлаш йўли танланди. Дарҳақиқат, даромад манбаларининг камлиги ёки етишмаслиги одамларни, оилаларни камбағалликка етакловчи асосий муаммо ҳисобланади. Чунки ейиш-ичишидан орттира олмаган оила болаларини илмли, ҳунарли қилиши осон бўлмайди. Камбағаллик авлоддан-авлодга ўтувчи жуда оғир муаммодир. Шунинг учун камбағаллик даражасида яшаётган фуқароларни даромадли иш билан таъминлаш, уларга имконият ва ёрдам бериш камбағалликдан чиқариш учун энг мақбул йўл ҳисобланади. Йиғилишда аниқ кўрсатмалар берилиб, вазифалар белгиланди.

 

Бандлик дастури

Экспертларга барча вилоятларда камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ишларни ташкил қилиш, вилоят ҳокимларига эса 2023 йил учун бандлик дастурини туманлар кесимида қайтадан кўриб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Бу нима учун зарур? Маълумки, бандлик дастурлари иқтисодиётнинг барча йўналишларидаги дастурлар билан боғланган бўлиши муҳим. Шунда у реал, ҳаётий бўлади. Агар бандлик дастурларида нореал, ҳавойи рақамлар акс этса-ю, ҳаётда ўзгариш бўлмаса, бундан фойда йўқ. Шунинг учун барча ҳудудда бандлик дастурлари яна бир марта танқидий таҳлил орқали қайтадан кўриб чиқилиши тўғри бўлади. Бу жараёнда депутатлар ҳам бевосита қатнашиши, кўрсаткичлар реал бўлишига алоҳида эътибор қаратиши зарур. Вазифа вазирликка топширилди, ўзлари шуғуллансин, деб томоша қилиб туриш ярамайди. Сабаби, камбағалликни қисқартириш нафақат давлат ташкилотлари, мутасадди ва мутахассислар, балки тараққиётимиз тарафдори бўлган, эзгуликка эргашган ҳар кимнинг ташвиши бўлиши керак.

 

Молиявий кўмак

Президентимиз оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади. Жумладан, 2023 йилда:

— тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдорини амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача ошириш;

— деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдорини 50 миллион сўмгача кўтариш (амалда 33 миллион сўм);

— яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлиши (ҳозиргача фақат бир марта олиш мумкин);

— кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат бериш каби муаммоли масалаларни ҳал этишга қаратилган вазифалар белгиланди. Юртимиздаги минглаб оилалар бу янгиликларни кутаётган эди.

2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм берилади (2022 йилда — қарийб 10 триллион сўм). Яқинда имзоланган Президент қарорига кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 миллион доллар ажратилади.

Бу айтишга осон рақамлар. Дунёда кечаётган мураккаб геоиқтисодий вазият, молиявий имкониятлар камайиб кетаётган бир шароитда шунча маблағни оилавий тадбиркорликка йўналтириш давлат раҳбари учун турмуш яхшиланиши, имкониятлар берилиши қанчалик муҳимлигини англатади.

Қатъий ва изчил ислоҳотлар натижасида бугун аҳолига бир неча йўналишда молиявий ёрдам, субсидия бериляпти. Ҳар бир фуқаро, муҳтож инсон эҳтиёжи, заруратидан келиб чиқиб, ўзига мос ва қулай ёрдамни танлаши мумкин.

Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари йилдан-йилга кенгаймоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланиб, маҳсулот яратиб, хизмат кўрсатиб яшайдиган оила жамият учун ҳам, давлат учун ҳам фойдалироқ бўлади. Сабаби, тадбиркорлик қилувчи оилада даромад топишнинг иштирокчилари кўпроқ, меҳнатга, ҳаётга муносабат бошқачароқ, баландроқ бўлади.

Бу йилдан бошлаб имтиёзли кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга имконият яратилаётгани ҳам чуқур ўйланган масала, аслида. Чунки энди кредит олувчида танлаш имкони кўпроқ бўлади. Улар нақд пул билан бозорлардан арзонроққа хомашё ёки техника олиши мумкин.

 

Дафтардан паспортгача

Давлатимиз раҳбари янги тизимга кўра, туманлар алоҳида тоифаларга ажратилгани, 4- ва 5-тоифаларга кирган оғир туманлар ҳокимлари ўз иш услублари ва ёндашувларини ўзгартириши шартлигини қайд этди.

Тегишли туманларда камбағалликни қисқартириш ишлари ҳам янгича ташкил қилиниши белгилаб берилди. Бунда:

— биринчи босқичда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади;

— иккинчи босқичда ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади;

— учинчи босқичда оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади.

Камбағалликни тан олиш бир масала, лекин уни қисқартиришга киришиш мураккаб ва муҳим. Чунки мамлакатимизда шундай вазият юзага келган

эдики, ким қаерда, нега камбағал, унга қандай ва қанча ёрдам керак, деган саволларга умуман жавоб йўқ эди. Энди камбағалликни қисқартириш учун тизим янада такомиллаштирилмоқда.

Одамлар яқин-яқингача ҳокимларни кабинетидан ташқарида учратмас эди. Ҳаттоки қишлоқ жойлардаги аҳоли вилоят ҳокими у ёқда турсин, ўзининг туман ёки шаҳар ҳокимини расмидан ҳам танимасди. Лекин кейинги йилларда ҳокимликларнинг ҳам ишлаш услуби ўзгарди. Ҳокимлар ижтимоий ҳимоя дафтарлари орқали ҳудудидаги аҳоли ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлди. Кимга, қачон, қандай ёрдам бериш кераклиги тизим орқали ҳал этилмоқда.

Бир вақтлар оилалар ҳақида тўлиқроқ маълумотлар етишмаган бўлса, энди оилаларнинг паспортини яратиш вазифаси қўйилди. Паспортлар ижтимоий муҳофаза ва кўмак ишларини янада тизимлаштириш имконини беради.

 

Ижтимоий давлат сари

Биз ижтимоий давлат деганда, Германия, Финляндия, Австрия ва бошқа ривожланган, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланган давлатлардаги ҳаётга интилишни назарда тутамиз. Шунинг учун ижтимоий давлат ғояси ҳақида халқимиз ўртасида тарғиботни, тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Ижтимоий давлатчилик Осиё давлатлари — Япония, Жанубий Кореяда ҳам ривожланяпти. Бу жараён бугун Ўзбекистонда ҳам шаклланмоқда. Аниқ натижалар, одамлар ҳаётида кўриб турган мисоллар бор. Эндиликда бу тизимни Конституция даражасида мустаҳкамлаш кун тартибида турибди.

Жамиятимиздаги фаол қатлам ижтимоий давлат нима эканини тушуна бошлади. Ижтимоий давлатда муҳтожларнинг уй-жой шароити ҳақида қайғурилар экан, яшаш учун зарур бўлган истеъмол маҳсулотларининг энг кам миқдори кафолатли белгилаб қўйиларкан, деб айтишяпти. Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш давлатнинг фуқаролар олдидаги бурчи бўлади, деган ғоялар, тўғриси, халқимизга анча маъқул келяпти.

Ижтимоий давлат ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб фаолият юритади. Асосий мақсад — жамиятда яратилаётган моддий ва маънавий бойликларни ижтимоий адолат тамойили асосида бошқариш, ҳаммага устувор ҳуқуқлар нуқтаи назаридан тенг имконият яратишдир.

Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон ана шундай жамият яратиш йўлида ишонч билан бормоқда.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.

«Янги Ўзбекистон», 28.01.2022, №19

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш