Мактабгача таълимдаги ўзгаришларни бугун ҳар бир юртдошимиз кўриб турибди. Соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш ва 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг тўлақонли таълим-тарбия олишини таъминлаш масаласи кечиктириб бўлмас вазифа сифатида илгари сурилмоқда.
Сабаби боғчалар таълим муассасаси вазифасини бажариш ўрнига ота-она ишда бўлган вақтда болага қараб турадиган муассасага айланиб қолгани, қамровнинг пастлиги, биноларнинг таъмирталаблиги, бошқа мақсадларда ишлатилгани, методик жиҳатдан тўлиқ таъминланмагани, педагоглар ижтимоий ҳимояси ва маошининг пастлиги каби комплекс муаммоларни ҳал этиш кечиктириб бўлмас масала эди. Кейинги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайгани, 2,45 миллион боладан 818 минг нафаригина боғчаларга қамраб олингани бу фикрлар исботи бўла олади.
Илгари мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг яроқсиз ҳолати болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга имкон бермасди.
Айрим мутасаддиларнинг сусткашлиги туфайли соҳани ривожлантириш бўйича белгиланган ишлар вақтида бажарилмагани, нодавлат болалар боғчасини очиш борасидаги ҳаракатлар пайсалга солингани, жойлардаги боғчаларда қурилиш ишлари тўлиқ якунига етказилмагани каби камчиликлар ўз ортидан узлуксиз хатоликларни эргаштириб келарди. Ўрганиш шуни кўрсатдики, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун инновацион қарорларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермай қолган эди.
Президентимизнинг илғор ташаббуслари билан таълимнинг илк босқичини ривожлантиришнинг кўплаб йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, мазкур муассасаларга болаларни тўла қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар қўйилди.
Боғча тарбиясини олган бола билан боғчага бормаган болани солиштирганда, уларнинг фикрлаш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезиш қийин эмас.
Ҳар қандай таълимнинг асоси — методика, жумладан, мактабгача таълимники ҳам. Мактабгача таълимни сифат босқичига кўтаришда янги таълим методлари, инновацион технологияларнинг аҳамияти катта. Сабаби МТТнинг моддий-техник базаси юқори бўлса-ю, тарбиячи бола билан ишламаса, унга ҳар куни янги маълумотларни ўргатмаса, ҳамма қилинган ҳаракатлар натижаси нолга тенглашиб қолади.
Мактабгача таълим соҳасига ихтисослашган кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қабул қилинаётган барча-барча қарорларни амалга оширадиган, фарзандларимизга энг зарур ҳаётий тушунча ва кўникмаларни ўргатадиган юқори малакали тарбиячиларни тайёрлаш масаласи кун тартибига чиқди.
Мактабгача таълим тизимида олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёж эса педагогика университетларида мактабгача таълим йўналишига қабул квоталарининг оширилиши ва номутахассис кадрларни қайта тайёрловдан ўтказиш эвазига тўлдирилмоқда. Илғор хорижий тажрибалар асосида мактабгача таълим тизимидаги педагог кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув-режа ва дастурларни такомиллаштириш, олий таълим муассасалари махсус сиртқи бўлимларининг “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича 2018 – 2023 йиллар учун квоталар ажратиш масаласига эътибор қаратилди.
Дунё мамлакатларининг мактабгача таълим соҳасидаги тажрибаларини ўрганиш ва улардан миллий менталитетимизни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш натижасида халқаро стандартлар даражасидаги мактабгача таълим тизими яратилади.
Тизимни танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди. Комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчилик, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этилди. Шунингдек, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Буларнинг ҳаммаси яхшилик учун. Таълим-тарбия биз учун нажотдир! Мактабгача таълимнинг порлоқ келажагидан барчамиз умидвор ва манфаатдормиз.
Ўрол Ўрозбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 1.02.2022, №4