Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи халқимиз томонидан илиқ кутиб олинади, сабаби Президентимизнинг ҳудудлардаги ташрифларидан сўнг янгидан-янги тўқимачилик ёки тиббиёт кластерлари, ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини бошлайди. Натижада кўплаб фуқароларимиз иш ўрнига эга бўлиб, бандлиги таъминланади. Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоят Қўштепа туманига бу галги ташрифи доирасида Global textile infinity кластерининг тўқимачилик корхонаси ишга тушди. Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг Rieter machine works ускуналари ўрнатилди. Мазкур корхонада 3 минг нафарга яқин ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Яқин йилларда ҳам Қўштепа тумани қизил ҳудудга киритилиб, иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлган эди, эндиликда эса туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1 триллион сўмдан ошди.
Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида “Art soft ceramics” йирик ишлаб чиқариш корхонаси йилига қарийб 3 миллион квадрат метр керамогранит маҳсулот тайёрлаш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 350 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлгани боис товарлар хорижникидан анча арзон нархларда бозорга чиқарилмоқда. Шунингдек, уларнинг 35 фоизи Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида бир вақтлар ўзининг чинни маҳсулотлари билан дунёга донғи таралган Қувасой шаҳрининг янги истиқболини белгилайди.
Умуман олганда, Фарғона вилоятининг қайси туманига борманг, ўзига хос ишлаб чиқариш, ҳунармандлик йўналишлари, саноат ривожланиши ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, боғдорчилик ривожланганлигига гувоҳ бўласиз. Мисол учун, Қува ўзининг анорлари билан дунёга донг таратган бўлса, Олтиариқ шириндан шакар узумлари билан машҳур. Кўҳна Марғилонда эса ипакчилик саноати ривожланган.
Водийнинг гавҳари Марғилон қадимий шаҳарлардан биридир. Марғилонда ҳунармандчилик IХ асрдан бошлаб кенг тарқалган. Марғилон тарихда ҳунармандлар шаҳри сифатида ҳам донг таратган. Хитойликлардан ипак етиштиришни ўзлаштириш ва уни дунёга ёйиш ҳам ана шу шаҳар тарихи билан боғлиқ. Бу ерда тайёрланган ипак матолар нафақат юртимизда, балки дунё бозорларида ҳам ниҳоятда эъзозланади. Дарвоқе, тўқимачилик ва ипак тўқиш саноати — дастгоҳлар ҳам илк бор шу шаҳарда пайдо бўлган. Бу ерда ҳунарнинг бирор тури йўқки марғилонликлар шуғулланишмаган бўлсин. Марғилонлик ҳунармандлар тайёрлаган гўзал, бежирим, дидингизга мос буюмларни, матоларни кўраман десангиз шаҳар кўчалари, бозорларидаги расталарни бир-бир айланинг. Ана шунда ниҳоятда чиройли, миллий анъаналар асосида тўқилган адрас, банарос, беқасам, атлас, шойи, духобаларнинг ўнлаб хиллари кўз олдингизда намоён бўлади. Халқимизнинг ижодкорлиги, яратувчилигига тан берасиз.
Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик марказига келган киши қадим ўзбек хонадонларидаги муҳитни ҳис этади. Мажмуанинг биринчи қаватида гиламдўзлик, каштачилик, мисгарлик каби халқ ҳунармандчилиги хоналари жойлашган.
Президентимиз Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик марказига ташриф буюриб, у ердаги ҳунармандларимизнинг меҳнатига юксак баҳо бердилар. Давлатимиз раҳбарининг “Ҳозирги юксак технологиялар асрида мана шундай оддий, самимий жойларни одам соғинади. Бу ҳунарларни, бу маданиятни бобо-момоларимиз фақат қўли билан эмас, қалб қўри билан яратган. Бир пайтлар бу йўналишлар йўқолиб кетишига оз қолганди. Уларни асраб-авайлаётганингиз учун раҳмат. Бу маданиятимизни нафақат чет элликларга тарғиб қилиш, балки фарзандларимизга ҳам сингдириш керак”, деган сўзлари марғилонлик ҳунармандларимизни қанчалик қадрлаши, уларнинг меҳнатини юксак баҳолашидан далолат беради. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташрифи вилоятларимиз учун янги имкониятлар эшиги очилиши, инвестицияларнинг кириб келиши ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилиб, аҳолининг турмуши даражаси ошишига замин яратади.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.