Дунё шиддат билан ўзгариб бормоқда. Илм-фан ривожланиши инсонлар ҳаётига катта таъсир кўрсатаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дунёнинг исталган бурчагида рўй бераётган воқеа ҳодисалардан ўша заҳоти хабардор бўлишимиз бизни ҳайратга солмай қўйди. Телефон орқали хоҳлаган мамлакатдаги яқинимиз билан дийдорлашиш имконияти ҳам оддий ҳолга айланди. Умуман олганда “рақамлаштириш” номи билан жуда кўп вазифаларни иш жойимиз ёки хонадонимиздан туриб бажариш кутилган қулайликка айланмоқда.
Аллоҳим яна бир набира неъматини берди, уни хонадон дафтарига киритиш учун идорага борсак, боламиз аллақачон туғруқхонадаёқ рўйхатга киритилганини билдик ва бундай қулайликдан, албатта, хурсанд бўлдик. Турмушда, кундалик ҳаётда одамлар ҳар куни дуч келадиган ноқулайликлар бирин-кетин ечилаётганидан мамнун бўлишимиз керак.
Шу ўринда анчадан бери ечими топилмаётган бир масалани ҳам шу йўл билан осон ҳал қилиниши мумкинлигини ўйлаб қолдим.
Маълумки, ёшлар никоҳдан ўтгач, келин янги хонадон рўйхатига (пропискага) киритилиши лозим. Ўз-ўзидан ёш оилада туғиладиган фарзандлар ҳам ана шу хонадонда рўйхатда бўлишлари керак. Аммо ҳаётда ҳар доим ҳам бундай бўлмаяпти. Кўряпмиз: баъзида қайнона, баъзида қайноталарнинг аллақандай важлар асосида келинларни рўйхатга олишни истамасликлари оқибатида келинлар ва гўдаклар аросатда қийналишмоқда. Бу муаммони адолатли ҳал қилиш жоиз.
Никоҳ қайд этилгач, келин электрон тартиб асосида куёв рўйхатда турган манзилга рўйхатга қўйилиши жорий этилса, кўплаб муаммоларнинг олди олиниб, сарсонгарчиликларга чек қўйиларди.
Мутасадди вазирлик-идоралар бу масалани чуқур ўрганиб, осон ҳал қилиш, қулайлаштириш ҳақида чоралар кўрса, оқилона иш бўлар эди.
Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.