Маълумки, депутатлар турли соҳаларда фаолият юритувчи тажрибали, фидойи, жамиятда ҳурмат қозонган ва обрў-эътиборга эга шахслар орасидан сайланади. Лекин улар депутатлик фаолиятини қандай олиб боришлари бўйича алоҳида ўқитилмайди, бу борада халқ ноиблари ҳаёт мактабида олган билимларига таянишади. Кейинги вақтларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўз самарасини бера бошлади. Бу борадаги ишлар, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ва кўникмаси даражасини ошириш мақсадида, партия Марказий Кенгаши томонидан семинар ва ўқувлар ташкил этишдан бошланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Қонунларимизда белгиланган ҳуқуқий нормаларни амалиётда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берувчи ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳаларининг янада ҳаётийлигини таъминлаш, ҳақиқатан ҳам ҳаётда ечимини кутиб турган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қиладиган қонунлар қабул қилиш учун қонун лойиҳаларини жойларга муҳокама учун юбориш ва кенг жамоатчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясига ўз вақтида тақдим этиш орқали қабул қилинадиган қонунларнинг пухта ва пишиқ ишланилишига хизмат қиладиган “Марказ-вилоят-туман” тизими ишламоқда.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши учун Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида фаолият олиб бораётган партия гуруҳлари аъзолари бўлган депутатларимизнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини шакллантириш жуда муҳим вазифадир. Шу мақсадда ташкил этилган “Энг фаол депутат” кўрик-танловининг асосий мақсади ҳам депутатларнинг ўзаро тажриба алмашиши, фаолият самарадорлигининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.
Жойларда ушбу тадбирни самарали ташкил этиш учун ХДП нинг минтақавий Кенгашлари раисларига тадбир низоми бўйича партия Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Юсупов Боймурот Жумаевич тушунтириш бериб, танлов ўтказиш босқичлари, шартлари, ҳакамлар ҳайъати ва саноқ комиссияси, натижаларни умумлаштириш тартиби ва танлов ғолибларини тақдирлаш юзасидан тўлиқ маълумотлар берди. Шунингдек, барча туман ва шаҳарларда танлов режага биноан ўтказиш белгиланди.