Бугун улуғ ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг шоири, мутафаккири ва давлат арбоби, Ғарбда Чиғатой адабиётининг буюк вакили деб қаралган, шарқда “Низоми миллати ва дин” яъни “Дин ва миллатнинг низоми” унвони билан улуғланган буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг таваллуд топган кунига 582 йил тўлди. Низомиддин Мир Алишер Навоий темурийлар салтанатига тегишли Хуросон мулкининг маркази — Ҳиротда 1441 йил 9 февраль куни туғилиб, шу ерда умрининг асосий қисмини ўтказган. Бу инсон яратиб кетган улкан маънавий мерос ҳанузгача маънавий озуқа вазифасини ўтаб келмоқда.
Алишер кичиклик чоғидан олиму-фозиллар даврасида юрганлиги сабабли илмга, шеър ва мусиқага бўлган ишқи ўзгача эди. Уч-тўрт ёшларида даврининг машҳур шоири Қосим Анворнинг бир шеърини ёд айтиб, меҳмонларни ҳайратга солади. Бир йилдан сўнг уни мактабга бердилар. У бўлажак султон Ҳусайн Байқаро билан бирга ўқиди. Унинг зеҳни ва иқтидори ҳақидаги гаплар эса эл орасида тарқалиб боради.
Илм олиш жараёнида Алишер Навоий 50 минг байт, 100 минг мисра шеър ёд олгани шунчаки нутқ ўстириш эмас, маърифат, тафаккур машқи ҳам эди. Навоий 15 ёшларида ўз шеърлари билан замонасининг машҳур шоирлари диққатини тортди. Хондамирнинг ёзишича, шеърлари билан эндигина танилиб кела бошлаган Алишер ўз даврининг донгдор шоири Мавлоно Лутфий хизматига боради. Мавлоно ундан шеър ўқишни илтимос қилади. Алишер ўзининг: Оразин ёпғоч, кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш, Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш. Матлаъи билан бошланадиган ғазалини ўқийди. Шеърдан ҳайратга тушган кекса шоир бундай дейди: “Валлоҳ, агар муяссар бўлса эди, ўзумнинг форсий ва туркий тилларда айтган ўн-ўн икки минг байтимни шу ғазалга алмаштирардим ва буни ўзимнинг катта ютуғим деб ҳисоблар эдим”. Бу туркий (ўзбек) шеъриятига жуда катта истеъдод кириб келаётганидан нишона эди.
Бизга маълумки Алишер Навоий ижодининг юксак чўққиси "Хамса" асари (1483-1485)дир, шоир биринчилардан бўлиб, туркий тилда тўлиқ “Хамса” яратди ва туркий тилда шундай кўламдор асар ёзиш мумкинлигини исботлаб берди. Бу асар "Ҳайратул-аброр", “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр” ва “Садди Искандарий” ўз ичига олади. Ушбу тўпламни Низомий Ганжавийнинг “Панж Ганж” (“Беш хазина”) асарига ҳавас сифатида ёзилганлигини ўқувчиларга англатмоқ мақсадида “Хамса”нинг кириш қисмида:
“Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.”
дея таъкид этади.
Умрини илм-маърифатга бағишлаган Навоий туфайли инсоният тарихида дунёнинг турли жойларида яшаётган туркий халқлар якқалам қилинди, миллат маънавий мероси умумжаҳон хазинасидан мустаҳкам ўрин олди. Мустақил Ўзбекистонда Навоийни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Республикадаги энг йирик вилоятлардан бири ва унинг маркази, Ўзбекистон Давлат мукофоти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институти, опера ва балет академик театри, Ўзбекистон Давлат кутубхонаси, Самарқанд Давлат университети ва бошқа юзлаб маданий-маърифий муассасалар, жамоа хўжаликлари улуғ шоир номи билан аталади. 2016 йили Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети очилиши ҳам бу инсонга ва унинг келажак авлод учун қолдирган маънавий хазинасига ҳурмат ҳисобланади.
Биз бундай буюк аждодларимиздан фахрланиб, улардек Ватанни севишимиз, илм-маърифат ва жамият ривожи учун толмай хизмат қилишимиз даркор.
Баҳодир Камалов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши ходими.