ЎзХДП фракцияси: Омбудсман фаолияти таъсирчанлигини ошириш зарур

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари дастлаб Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тинглади.

Кейинги йилларда Омбудсман фаолияти кенгайди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича натижалар яхшиланмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 январдан Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳам доимий асосда фаолият юрита бошлади. Мурожаатларни ҳар томонлама ўрганиш, тезкор ҳал этишда бу муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳудудларда сайёр қабуллар мунтазам ташкил этиб келмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, 2022 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 17761 та мурожаат келиб тушган. Бу 2021 йил билан таққослаганда 5,2 фоизга камдир. Омбудсман томонидан 2022 йилда оила ҳуқуқи йўналишида 683 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 327 таси парламент назорати субъекти сифатида ўрганилган.

Фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилиши, ногиронлик нафақасини олиш, пенсия олишдаги муаммолар ва бошқа масалаларда ҳам мурожаатлар қонун доирасида ҳал этилган. Фракция аъзолари ҳисобот билан танишар экан, партия электорати манфаатлари ҳимоя қилиниши билан боғлиқ кўрсаткичларни алоҳида эътироф этдилар. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли чекка ҳудудларда кўпроқ истиқомат қилишини инобатга олиб, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятини янада жонлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

ЎзХДП фракцияси аъзолари қийноқларга қарши курашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишда Омбудсман фаолияти таъсирчанлигини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида сўрашди. Омбудсман Феруза Эшматова қонунчиликни такомиллаштириш, айни пайтда парламент қуйи палатасида муҳокама жараёнида турган қонун лойиҳасини қабул қилишни тезлаштириш мақсадга мувофиқ бўлишини қайд этди.

Шу билан бирга, давлат ҳокимияти, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини таҳлил қилиш, тизимли таклифлар ишлаб чиқиш кераклиги ҳам тавсия этилди. Муҳокамалардан кейин ҳисобот маъқулланди.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг натижалари, соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш, шунингдек, ушбу органлар ва муассасалар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Унга мувофиқ, маҳаллий Кенгашлар томонидан ярим йиллик якунлари бўйича соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг ижро этилиши, касалликларнинг профилактикаси ҳолати, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш ҳамда соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида ҳисоботини эшитиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига фуқаролар йиғини томонидан аҳоли бириктирилган туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг, оилавий поликлиникаларнинг ва оилавий шифокор пунктлари раҳбарларининг соғлиқни сақлаш ҳолати, фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, тегишли ҳудуднинг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги тўғрисида ҳисоботларни эшитишни назарга тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси соғлиқни сақлаш органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда аҳолини тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати тўғрисидаги хабардорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида эътироф этди. Лойиҳа моддама-модда муҳокама қилинди, айрим тавсиялар берилиб, маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш