Шоир ва журналист Носиржон Деҳқонов 60 ёшда!

 

Наманган шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биносида истеъдодли ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Халқ демократик партияси аъзоси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Носир Аббос қутлуғ 60 ёшни қаршилагани муносабати билан юбилей тадбир бўлиб ўтди.

Носиржон Деҳқонов 1963 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Тошкент Давлат маданият институтида таҳсил олган. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят Кенгашининг ижтимоий-сиёсий нашри бўлган “Халқ иродаси” газетасида муҳаррирлик қилган йиллари у партиянинг Марказий нашри “Ўзбекистон овози” газетасининг вилоятдаги мухбири сифатида ҳам фаолият юритди.

Газета таҳририятларида ишлаган даврларида ҳам журналист бадиий ижод билан бир қаторда сиёсий жараёнларда ҳам ташаббус кўрсатган.

Шоирнинг ижодий фаолиятида “Қўш ирмоқ қўшиқлари” (2000 йил), “Муҳаббатдан арзим бор”(2001йил), “Сабр табассуми” (2013 йил) шеърий тўпламлари чоп этилган. “Шайх Умарнинг осмони” достони, аруз вазнидаги машқлар, қатра, ҳикоя ва новеллалар муаллифи.

Шоир ва журналист Носир Аббос Ҳабиб Саъдулла, Абдулла Жаббор, Зиёвиддин Мансур, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва бошқа яна бир қатор адабиётшунослардан ижодий сабоқлар олган ва шулар асосида ёш ижодкорлар билан мунтазам машғулотлар олиб боради.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуритдинов журналист ва шоир Носир Аббосни қутлуғ ёши билан самимий табриклаб, вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди. Вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаларини топширилди.

Табаррук 60 ёшга тўлган ижодкорни, Ўзбекистон ХДП нинг кўп минг сонли аъзолари номидан чин дилдан табриклаб, узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, улкан зафарлар тилаймиз.

 

 

 

Теглар

Фахрий
← Рўйхатга қайтиш