Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиб, бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида саноатни ривожлантириш ва энергия таъминотини яхшилаш, янги иш ўринлари, барқарор даромад манбаларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Халқ демократик партияси фаоллари, депутатлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бандлик дастурларида белгиланган кўрсаткичларга эришилиши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириши муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, аҳоли орасида тежамкорлик, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтишнинг самарали жиҳатлари ҳақида тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилиб, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари сифатида қайта ташкил қилинди. Комиссияларнинг вазифа ва ваколатларида ҳам муайян ўзгаришлар бўлмоқда.
Бу йўналишда қонун ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш кўзда тутилмоқда. Депутатлар Болалар масалалари бўйича комиссиялар ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Қонун лойиҳаси билан «Прокуратура тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, Жиноят, Жиноят-процессуал, Оила, Меҳнат кодексларига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилмоқда.
Уларнинг мазмуни Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари фаолиятига мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишдан иборат.
Хусусан, Жиноят-процессуал кодексида суд, зарурат бўлганда, вояга етмаган шахснинг жинояти тўғрисидаги ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида болалар масалалари бўйича комиссияга хабар бериши, суд, шунингдек бу комиссия вакилларини гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун суд мажлисига чақиришга ҳақли экани кўзда тутиляпти.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 243-моддасида Болалар масалалари бўйича комиссиялар ўзларига тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни комиссия таркиби аъзоларининг камида ярми мавжуд бўлганда кўриб чиқишга ҳамда оддий кўпчилик овоз билан қарорлар қабул қилишга ҳақли бўлиши акс этмоқда.
Депутатлар қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришлар болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.